ru en ўз
1 USD = 8058.77  
1 EUR = 9515.8  
1 RUB = 140.84  
ru en ўз
Бош саҳифа / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлашдаги глобал инқироз.Ўзбекистонда н...

Соғлиқни сақлашдаги глобал инқироз.Ўзбекистонда нима ўзгаради?

Қишлоқ врачлик пунктлари  ва оилавий поликлиникалар тармоғининг ривожланиши  мамлакатга  дунё соғлиқни сақлаш тизимидаги  инқироздан енгил ўтиш имконини  беради.

Тошкент врачлар  малакасини ошириш институтининг «Соғлиқни сақлашни  ташкиллаштириш, бошқариш  ва  иқтисод  қилиш» кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дамин Асадов шундай деб ҳисоблайди.           

«Жаҳон соғлиқни сақлаш  тизими инқирози – ундан чиқишда бирламчи  тиббий-санитария ёрдамининг  роли» мавзуидаги  маъруза   жамоатчиликка 2015 йил декабрь ойи оҳирида “Саломатлик-3” лойиҳасини амалга ошириш  масалаларига  бағишланган конференцияда  тақдим  этилган эди.  Унинг муаллифи – таниқли олим, соғлиқни сақлаш тизими ташкилотчиси Дамин Асадов  соғлиқни сақлаш  тизимининг турли раҳбар  лавозимларида  ишлаган, ҳусусан,  икки марта -  1982–1989 ва 1998-2003 йилларда  Соғлиқни сақлаш  вазирининг биринчи  ўринбосари бўлган. Иккинчи давр  соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ  қилишнинг ҳозирги  жараёнидаги асосий йўналишлар  қабул  қилиниши  нуқтаи назаридан  энг масъулиятли пайтларга  тўғри келди.  

Масаланинг  барча  жиҳатларини батафсил  тушуниб олиш мақсадида UzbekistanToday  муҳбири  мутахассис билан учрашиб мулоқотда  бўлди. Маълум  бўлишича,  конференциядаги  маъруза  мутахассиснинг бу  мавзудаги биринчи   чиқиши  эмас экан.  Унинг биринчи  мақоласи 2011 йили «Соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш  ва бошқариш»  илмий-амалий профессионал журналида  эълон  қилинган.  UzbekistanToday   ахборот агентлиги   муаллиф  интервью  беришга  рози бўлган биринчи  нашр  бўлди.

 

 Дамин Абдураҳимович,  барчамиз  жаҳон иқтисодий инқирози  ҳақида яхши биламиз, бироқ,  глобал  соғлиқни сақлаш инқирози тўғрисида ҳамма ҳам маълумотга  эга  эмас. Бу тушунча ҳақида  батафсилроқ  сўзлаб  берсангиз.

– Бир неча йилларки, нафақат  мутахассислар, балки кенг жамоатчилик соғлиқни сақлашдаги инқироз  ҳақида тобора  кўпроқ  сўз юритяпти, унинг глобал  ҳусусиятларини таъкидлаяпти.  У ҳозирги дунё  иқтисодий  инқирозидан  анча аввал бошлангани  эътиборга  молик. Шуни айтиш керакки, уни биринчи  бўлиб соғлиқни сақлашнинг кучли инфратузилмасига  эга бўлган ривожланган мамлакатлар  ҳис  қилишди, аслида бу мамлакатларда тиббий  ёрдам билан боғлиқ ҳеч  қандай  муаммолар  бўлмаслиги   керакдек  кўринарди.  

 

 Дунё  соғлиқни сақлаш  тизими  инқирозини  нима  келтириб чиқарди, у нималарда акс этади? 

– Дунё соғлиқни сақлаш  тизимининг асосий   муаммоларидан  бири  унга сарфланадиган  ҳаражатларнинг жиловлаб  бўлмас даражада  ўсиб  боришидир.Ҳали  ҳеч  қачон соғлиқни сақлаш   мақсадларига ҳозиргидек катта ресурслар  ажратилган эмас.  Соғлиқни сақлашнинг глобал  иқтисодиёти  ялпи ички маҳсулотга  кўра анча тез суръатлар билан ўсмоқда.   1995-2005 йилларда  соғлиқни сақлашга сарфланган  маблағлар  $2,6 дан  $5,1 трлн.га кўпайди. Тиббий хизмат кўрсатишга тез ўсиб бораётган  ҳаражатлар хатто  ривожланган  мамлакатлар иқтисодиёти  учун  оғир юк  бўлмоқда.   

Табиийки,  савол туғилади – нега  глобал соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, хизматлари  ва кадрларини  тайёрлашга киритилаётган  инвестиция, улкан  молиявий  маблағлар кутилаётган  самарадорликни таъминламаяпти?  Умум фикрига  кўра, дунё соғлиқни сақлаш тизимидаги  инқирознинг асосий сабаби  молиявий  воситаларнинг оқилона тақсимлаш механизми  мавжуд  эмаслигидадир. Бугун, 30-40 йил аввалгидек, дунёнинг кўп  мамлакатларида қимматбаҳо  технологиялар билан жиҳозланган ва юқори ҳақ тўланадиган тор  доирадаги  мутахассислар  билан  таъминланган ихтисослашган шифохоналар соғлиқни сақлашнинг асосий бўғини ҳисобланади, бу эса тизимда   мувозанатнинг бузилишини келтириб чиқаради.  

Бошқарув усуллари ва шакли, тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш  ва уни молиялаштиришни танқидий  баҳолаш  дунё  соғлиқни сақлаш тизимида қатор муваффақиятсизликлар  ва камчиликлар борлигидан  далолат  беради. Айнан улар дунёнинг  турли мамлакатлари аҳолиси соғлиғи  ҳолати  кўрсаткичларининг  ҳавфли  беқарорлигига  сабаб бўлади.   Хусусан,  саломатлик даражаси, тиббий ёрдам  ва унинг ҳаражатлари имкониятлилиги бўйича  сезиларли  номувофиқлиги  мавжуд.  Бой ва камбағал  мамлакатлар ўртасида кутилаётган узоқ умр кўришдаги  фарқ 40 йилдан ошади.60 млн.га яқин  ҳомиладор аёллар туғруқ ва  туғруқдан кейинги вақтда тиббий ёрдамдан маҳрумлар.  Ҳар йили тиббий ёрдамнинг ўсиб бораётган нарҳи сабабли  100 млндан ортиқ киши қашшоқликда яшамоқда.Бошқача айтганда, сайёра аҳолисининг катта қисми  учун  энг асосий инсон ҳуқуқларидан бири -  саломатлик, касал  бўлганда  муносиб тиббий хизмат олиш ҳуқуқи бузилмоқда.    

Статистик таҳлиллар  натижалари даволаш сифати  ва унинг  самарадорлиги юқори даражада  ихтисослашган тиббий  ёрдамнинг ўта  ривожланишига  сарфланаётган  улкан маблағларни оқламаётганини намойиш этмоқда. Шу билан бирга  юқори малакали  мутахассислар кўпинча умумий амалиёт  врачлари, оилавий шифокорлар ва тиббий  ҳамширалар яхшироқ бажарадиган вазифаларни амалга  оширмоқдалар.

Юзага  келган вазиятдан  чиқиш йўли борми? Жаҳон соғлиқни сақлаш  ташкилоти ва бу муаммога  дуч  келган мамлакатларда  қандай  йўл  тутмоқчилар?

– Бугун барча томонлар   соғлиқни сақлаш соҳасидаги бу масалани ҳал қилиш учун  бирламчи тиббий-санитария  ёрдамини ривожлантириш зарур, деган фикрда  якдиллар, зеро у  аҳолининг тиббий ёрдам олишга  бўлган эҳтиёжини қондириш  муаммосини кўпроқ оқилона ҳал этиш  имкониятига  эга. Иқтисодий ривожланиш даражаси бир хил бўлган  мамлакатларни  таққослаганда  бир хил молиявий имкониятга  эга бўлган  ҳолда соғлиқни сақлаш тизимида  бирламчи тиббий-санитария ёрдами  устувор  бўғин бўлган мамлакатларда аҳоли саломатлиги  даражаси   юқорироқ  эканини  кузатиш мумкин. 

Кейинги вақтларда  исталган натижага  эришиш учун бундан 30 йил муқаддам Олмаота декларациясида  қайд  этилган бирламчи  тиббий-санитария ёрдами устуворлигига қайтишга  даъватлар кўпроқ эшитилмоқда.   ЖСТ бош директори  доктор Маргарет Чен таъкидлаганидек «Ҳозирги тенденциялар контекстида бирламчи тиббий-санитария ёрдами  соғлиқни сақлашни янада  ривожлантиришнинг энг оқилона йўли  сифатида тобора кўпроқ  намоён бўлмоқда».

Маълумки, бу даврда Ер аҳолиси  қарийб  икки баравар  кўпайди. Деярли ҳар бир одам -  тиббий-санитария  ёрдами  муассасаларининг потенциал  мижози  ҳисобланади.  Кўрсатилган контингентнинг асосий қисмини катта  ёшдагилар ташкил  этишини  қўшимча қилиш мумкин. Бугун  кузатилаётган  аҳолининг демографик кексайиши  глобал тенденцияга  эга.ЖСТ прогнозларига кўра, яқин 20-30 йил  ичида  дунё  миқёсида юқумли бўлмаган касалликлар билан оғриш  ва ўлим ҳолатлари сезиларли ўсиши кутилмоқда. Бу, асосан,  онкологик кардиоваскуляр, цереброваскуляр патологиялардан иборат  бўлиб, улар асосан катта ёшдаги аҳоли учун хосдир. Агар биз  уларни фақат  қиммат  турадиган юқори  технологияли стационар ёрдамни талаб  этадиган касалликнинг клиник босқичидагина даволаш билан шуғулланадиган  бўлсак, унда  бу ёрдамни   энг катта инвестициялар  ҳам  имкониятли, сифатли  ва самарали  қила  олмайди.  Бундай истиқбол  бугуннинг ўзида  соғлиқни сақлаш тизимини  мос равишда қайта йўналтиришни  талаб  этади.У  бирламчи тиббий-санитария  ёрдамини тиббий ёрдам сифатига бўлган  ўсиб бораётган  талабга  жавобан  янгилаш дастурининг моҳиятини ташкил  қилади.  Профилактика чоралари ва  биринчи  навбатда уларнинг асосий ижрочиси  - соғлиқни сақлашнинг бирламчи  бўғинининг  устуворлиги  катта  ёшли одамлар ўртасида ногиронликни  анча камайтириш, улар учун тиббий ёрдамни ташкил қилиш, ҳаёт  даражасини яхшилаш  имконини  беради.   

 Дунё миқёсидаги  бу тенденциялар мамлакатимизда  соғлиқни сақлаш  соҳасида кенг кўламли  ислоҳотларни  амалга оширишда ҳисобга олинганми? Агар  шундай бўлса,  қандай йўл билан?

– Албатта,  ҳисобга олинган.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йилдаги Фармони билан  тасдиқланган Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурининг асосий  қисмларидан  бири бирламчи тиббий-санитария  ёрдамини ривожлантириш  ва такомиллаштириш бўлди.   Бирламчи тиббий-санитария ёрдами  кўрсатишнинг  беш босқичли тизими ўрнига янги,  бирмунча  мукаммал икки босқичли тизимига  ўтдик. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи  бўғинининг аввалги тузилиши – марказий туман(шаҳар) шифохонаси,  туман(шаҳар) касалхонаси, қишлоқ участка касалхонаси, қишлоқ  врачлик амбулаторияси, фельдшерлик-акушерлик  пунктидан  иборат эди.  Бугун унинг таркибига фақат  туман тиббий бирлашмалари  ва қишлоқ врачлик  пунктлари  киради.   

Бугун  фаолият олиб бораётган 2995  та қишлоқ  врачлик пунктлари ва оилавий  поликлиникаларни  ташкил этиш учун катта куч-ғайрат сарфлашга  тўғри келди. 2016 йилга келиб республиканинг  38 та шаҳрида 173 та оилавий  поликлиника  ва 38 та марказий кўп тармоқли  поликлиникаларда бирламчи тиббий-санитария  ёрдами  кўрсатилмоқда.   Туман тиббий бирлашмаларида хизмат кўрсатиш сифат жиҳатидан янги босқичга  кўтарилди. Бу масалаларни ҳал этиш учун давлат бюджетидан  ажратилган  маблағлар билан бир қаторда    бу муассасаларни  жиҳозлаш ва мутахассисларни қайта тайёрлаш учун  халқаро молия  институтлари  маблағлари  жалб  этилмоқда. Бу йўналишда умумий ҳажми $76 млн.бўлган  «Саломатлик-1», «Саломатлик-2» ва «JAICA» лойиҳаси амалга оширилди.  

Ҳозирги вақтда  «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш  давом этмоқда. Лойиҳа  доирасида  157 та туман  ва 15 та шаҳар тиббиёт бирлашмаларини замонавий ташҳис ускуналари,  чиқиндиларни утилизация қилиш жиҳозлари ва тиббиёт  мебеллари  билан таъминлаш, 196 та марказий туман  ва  шаҳар кўп тармоқли поликлиникалари, 180 та шаҳар оилавий поликлиникаларини  жиҳозлаш,  қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар врачларининг малакасини ошириш  ва қайта тайёрлаш бўйича олий  ўқув юртларининг 14 та кафедрасини дарсликлар, тақдимот жиҳозлари ва тиббиёт  адабиётлари билан  таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу лойиҳа доирасида  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш  ва  кейинчалик умуммиллий реализация учун асос қўйиш  мақсадида айрим ҳудудларда  эпидемиологик   назорат олиб бориш  бўйича чора-тадбирларни кенгайтириш  йўли билан  юқумли бўлмаган касалликлар  профилактикаси  ва  назорати усулларии ривожлантиришга  алоҳида  эътибор  берилаётганини қайд этиш жоиз.

Шу билан бирга мамлакатда юқори технологиялар ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантиришга  қаратилган  лойиҳаларни амалга ошириш  ҳам  давом этмоқда...

– Бу ҳам муҳим, чунки   соғлиқни сақлашнинг энг кучли бирламчи  бўғини бўлган шароитда ҳам  бундай ёрдамга  муҳтож беморлар  бўлади. Бундай ёрдамни фақат  чет элда олиш  мумкин  бўлиши ҳам  нотўғри бўлади. Одамлар  ўзларига керакли  ҳар қандай тиббий  ёрдамни, жумладан  юқори технологияли ёрдамни  ҳам   мамлакат  ҳудудида олишлари  учун шароитлар яратиш  зарур.  Бу ҳам мамлакат  нуфузини билдиради.   

Шу билан бирга  соғлиқни сақлашнинг бирламчи  бўғинига касалликлар профилактикасига  жалб  этилган инвестициялар қиммат турадиган юқори технологияли операция  ва  муолажалар  керак бўладиган беморлар сонини тубдан   қисқартириши  лозим. Аҳир,  бундай муолажаларга кўпинча   ўз  вақтида олдини олиш  мумкин  бўлган касалликлар  кучайган  беморлар  муҳтож бўлади.

 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей