ru en ўз
1 USD = 4154.36  
1 EUR = 4895.49  
1 RUB = 69.02  
ru en ўз
Бош саҳифа / Спорт / Ўзбекистон ўртоқлик ўйинида Эронга мағлуб бўлди

Ўзбекистон ўртоқлик ўйинида Эронга мағлуб бўлди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда ўртоқлик учрашуви доирасида Эрон терма жамоасини қабул қилди ва сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига кичик ҳисобда мағлуб бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон Футбол федерациясининг матбуот хизмати.

Мазкур учрашув ҳар иккала терма жамоа учун ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичи учрашувларидан олдинги тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда КХДР терма жамоасига қарши майдонга тушса, Эрон сафарда Туркманистон билан ўйнайди.

Бунёдкор стадионида кечган учрашувда Миржалол Қосимов йиғинга жалб этилган деярли барча футболчиларни синовдан ўтказди. Фақатгина жарохат олгани боис Сервер Жепаров учрашув қайдномасига киритилмади. "Локомотив" ярим ҳимоячиси Икром Алибоев учун эса, Эронга қарши мазкур баҳс дебют бўлди. "Локомотив" ярим ҳимоячиси учрашувда анча фаол ҳаракат қилди ва 90 дақиқа давомида тўлиқ ўйнади. Ўйиннинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтган бўлса ҳам, ҳавфли ҳужумлар яратиш борасида Миржалол Қосимов шогирдлари бироз устунлик қилишди.

Иккинчи таймда Ўзбекистон терма жамоаси сафида бир қатор ўзгаришлар бўлди, аммо рақиб дарвозаси олдида голга тортадиган кўплаб вазиятлар яратилмади. Ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалари ўтиб бораётган пайтда эса, Эрон терма жамоаси футболчиларининг ҳужуми гол билан якунланди. Қанотда икки футболчини ортда қолдириб жарима майдонига ёриб кирган Меҳди Туробий Эронга ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.

Ўзбекистон – Эрон ўртоқлик учрашувидан сўнг (0:1) ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳар икки мураббий ҳам ушбу ўйин Жаҳон чемпионати-2018 саралаш ўйинларига киришишдан олдин жамоалар учун жуда фойдали бўлганини таъкидлаб ўтишди.

Карлуш Кейрош: “Ғалаба қозониш, албатта, доим ёқимли. Ҳисобнинг қанақа бўлиши ҳам муҳим эмас. Лекин очиғини тан олиб айтсам – бугун кўпроқ дурангга мос ўйин бўлганди. Биз ҳам, рақибларимиз ҳам кўплаб хавфли вазиятлар ярата олдик, фарқи — биз вазиятларимиздан бирини голга айлантира олдик. Ушбу ўйиннинг натижаси — энг муҳим жиҳат эмас. Бу ҳар икки жамоа учун тайёргарликнинг бир босқичи. Биз ҳам, рақибимиз ҳам футболчиларни масъулиятли ўйинлар олдидан синовдан ўтказиб олдик. Шу ўринда Ўзбекистоннинг Шимолий Кореяга қарши ўйинида уларга омад тилаб қоламан”.

Миржалол Қосимов: “Ўртоқлик учрашувларида таблодаги ҳисоб – энг муҳими эмас. Бундай ўйинларда натижа катта аҳамият касб этмайди. Ҳа, ўз уйимизда мағлуб бўлиб, мухлисларни ҳафа қилганимиз ёмон бўлди. Бироқ шуни ҳам унутмайликки, бугун бизнинг рақибимиз Осиёнинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланадиган Эрон терма жамоаси эди. Бу биз учун Шимолий Кореяга қарши ўйинга тайёргарлик нуқтаи назаридан жуда керакли учрашув бўлди. 16 июнь куни бизни Пхеньянда жуда аҳамиятли ўйин кутиб турибди. Умид қиламанки у ердан биз уч очко билан қайтамиз.

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей