ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Фан / Тошкентда “Инновация- 2017” халқаро илмий-амалий ...

Тошкентда “Инновация- 2017” халқаро илмий-амалий конференция ўтмоқда

Анъанавий «Инновация – 2017» халқаро илмий-амалий анжумани мамлакатда инновацион ривожланишни жадаллаштиришда олимлар, тадбиркорлар, банк-молия ва бошқа кўплаб соҳа вакилларини ўз атрофига бирлаштиргани билан муҳим аҳамиятга эга.

Форум Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Навоий кон-металлургия комбинати ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Россия, Германия, Япония, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Норвегия, Украинадан олимлар, тадқиқотчилар, йирик саноат корхоналари вакиллари, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети проректори Б.Мирзааҳмедов, Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори О.Қодиров ва бошқалар Ўзбекистонда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, амалий ишланмалар ва инновацион ғоялар учун мустаҳкам асос яратилганини таъкидлади. Президентимиз раҳнамолигида юқори технологик илмий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи инновация марказлари ташкил этиш, улар фаолиятини рағбатлантириш, илмий-инновацион маҳсулотларни амалиётга кенг жорий этиш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани қайд этилди.

Анжуманда илмий-амалий ва таълим йўналишларининг долзарб масалалари муҳокама этилмоқда.

Автоматлаштириш ва саноат хавфсизлиги, кон саноати инновацион муаммоларини ечишнинг рақамли моделлари, Орол-Сирдарё ҳавзаси сув таркибининг экорадиомониторинги, мева-сабзавотларни сақлаш ва ўрмонлар барпо этишнинг инновацион технологиялари каби мавзуларни қамраб олган умумий йиғилишларда илмий-техник ҳамда инновацион ишланмалар, уларнинг илмий-назарий асосларига бағишланган маърузалар тингланди.

“Ёшлар ва таълим муаммолари” шўъбасида таълим муассасаларида фанларни ўқитишнинг замонавий усуллари, техника соҳасига ихтисослашган олий ўқув юртларида ижтимоий лойиҳалаш тажрибаси, Ўзбекистон тарихини ўрганишда топономик инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича маърузалар тақдим этилди. “Иқтисодиёт тармоғидаги инновацион жараёнлар” мавзуидаги шўъба мажлисларида авиация, компьютер техникаси, синхрон механизмлар ва машиналар, пахта териш машиналари қисмларининг умумий ҳолати бўйича маълумот олиш, пахта толаси сифатини ошириш каби масалалар ечими юзасидан фикр алмашилмоқда.

– Мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг ўзига хос хусусиятлари таълим тизимига ўқитишнинг инновацион ҳамда илғор хорижий тажрибалари, янгича ёндашувларни жорий этишда намоён бўлмоқда, – дейди Тошкент давлат техника университети профессори Тўлқин Ғоипов. – Таълим тизимини ислоҳ қилишга бўлган бундай ёндашув жамият ҳаётининг турли соҳалари учун юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш, барча жабҳаларни замон талабига мос тарзда ривожлантириш имконини бермоқда. Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман ишлаб чиқариш вакиллари, олимлар, тадбиркорлар ўртасида ўзаро мулоқот майдонини яратмоқда. Бу илмий-техник, маданий-гуманитар соҳадаги ютуқларни қиёсий таҳлил қилиш ҳамда уларни жамият ҳаётига фаол жорий этишга хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида ўтказилган ана шундай анжуманларда тақдим этилган иссиқлик энергия жиҳозларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оптимал иш ҳолатини таъминлаш борасидаги ишланмалардан бугун ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётир.

“Табиий, минерал хомашё ва ёнилғи-энергия захираларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал этишнинг инновацион технологиялари” шўъбаси энергияни тежаш, энергетик ва саноат қозонларини бошқаришнинг автоматик тизимини ишлаб чиқиш, насос қурилмаларида электр ўтказишни тадқиқ қилиш, чигитни линтлаш технологик жараёнларини бошқаришнинг илғор усулларини яратиш масалаларига бағишланган.


Халқаро форумнинг “Геология, кон иши ва металлургия” секциясидан уран ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, зич маъданларга ишлов бериш орқали олтин ажратиб олиш самарадорлигига эришиш, қимматбаҳо унсурларга ишлов беришда катодли чўкмаларни қайта ишлаш, пўлат эритишнинг камчиқим технологиялари каби муҳим маърузалар ўрин олган.

“Бошқарувнинг автомат ва автоматлаштирилган тизимлари” шўъбаси автоматик бошқарув тизимида декомпозицион ҳамда мураккаб мослашувчан автоматик тизимлар назарияларини ривожлантириш, нефтни қайта ишлаш заводларида ишлов беришнинг муқобил вариантларини ишлаб чиқиш масалаларини қамраб олган. Нефть-газ, кимё саноати ва геологияда фойдаланиш учун асбоб-ускуналар яратиш, пахта тозалаш саноатидаги технологик жараёнларни бошқаришнинг долзарб масалалари бўйича тақдим этилган изланишлар амалий аҳамиятга эга экани билан иштирокчиларга манзур бўлди.

– Инновацион ишланмалар келажак технологияларидир, – дейди Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети ўқитувчиси Гавҳар Тўрабекова. – Таъкидлаш жоизки, мазкур анжуманда ўзбекистонлик олимлар илм-фанда инновацион ёндашувларни жорий этишга қаратилган фаол тадқиқотлар олиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу лойиҳа ва ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ қилиш маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда жаҳон бозорига янги маҳсулот турларини чиқаришга замин яратади.

Халқаро анжуман илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ташкилотларининг технология ва ишланмаларини намойиш этиш, бу борадаги илғор ютуқлар билан танишиш, инновацион ривожланишнинг истиқболдаги вазифаларни белгилашга хизмат қилади.



  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей