ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Сиёсат / Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлик муносабатларида я...

Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлик муносабатларида янги саҳифа

Халқаро ҳамкорлик марказида 31 октябрь куни “Ўзбекистон – Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, икки мамлакат нуфузли таҳлилий марказлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий майдонда, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича ўхшаш ёки яқин қарашларга эга. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро ташкилотлардаги иштироки давомида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Саидикром Ниёзхўжаев, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори Зарема Шаукенова, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланаётганини таъкидлади. Тарихий аҳамиятга эга сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очгани қайд этилди. Мамлакатларимизнинг турли даражадаги ташкилот ва тузилмалари ўртасида ўзаро ташрифлар фаоллашгани кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларида янги саҳифа очилди. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатларимиз раҳбарлари бир неча бор учрашиб, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада ривожлантириш борасида келишиб олди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 16-17 сентябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи томонларнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларини белгилаш, икки давлат олдида турган вазифаларни ҳамкорликда ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлар якдиллигининг ёрқин тасдиғи бўлди. Юқори даражадаги учрашувлар ҳукуматлар ва чегараолди ҳудудлари ўртасида ўзаро ташрифлар уюштириш, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар соҳаларда манфаатли шерикликни ривожлантиришга имкон бермоқда.


Мазкур халқаро форум икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини чуқур ўрганган ҳолда савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг қарашларини таҳлил қилиш, зарур тавсиялар ишлаб чиқиш орқали келгусидаги ҳаракатлар стратегиясини белгилаб олишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.





– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида яқин қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётир, – дейди Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев. – Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини кўрсатади. Бугунги форум ўтган йиллар давомида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум якуни бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди.



  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей