ru en ўз
1 USD = 8039  
1 EUR = 9347.75  
1 RUB = 118.05  
ru en ўз

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган махсус бошқарув тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент старт олади. Порталимиздаги ЎзА видеорепортажи орқали бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Бош саҳифа / Сиёсат / “Яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси”

“Яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси”

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан “Аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “яшаш минимуми” ва“истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Йиғилишда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, манфаатдор вазирлик ва ташкилотларнинг тегишли мутасадди раҳбарлари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари масъул ходимлари, мутахассислар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаилғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу асосда, мазкур вазифа Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”да ҳам белгилаб қўйилди.

Мазкур давра суҳбати ҳам - энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ўрганиш, хориж тажрибасини таҳлил қилиш ва шу асосда аниқ таклифларни шакллантириш мақсадида Ишчи гуруҳларни тузиш, Ишчи гуруҳларга соҳага оид манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларини фаол жалб этиш ҳамда бу борада асосий вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.
Таъкидландики, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли даромадларини кўпайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларининг сифатини ошириш, уй-жой билан таъминлаш тадбирлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларнинг натижаси одамларнинг ҳаёт даражаси ижобий томонга ўзгариши орқали намоён бўлмоқда. Шунга қарамай, бу борада мамлакатимиздаги имкониятлар бунданда кўпроқ, мазкур имкониятлардан самарали фойдаланиш учун аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ масалаларни назарий ва услубий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва бу бўйича илмий асосланган таклифларни бериш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Иштирокчилар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ночорликни олдини олиш, ва даромадлар даражасини ошириш муаммоларини ҳал этишда истеъмол бюджети асосида аҳолини минимал даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эканлигига алоҳида урғу бердилар.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, яшаш минимуми кўрсаткичлари давлат томонидан ижтимоий сиёсат юритишда қўлланилади. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадли аҳоли салмоғи аниқланади. Шу асосда, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш учун аниқ етиб борадиган манзилли ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқилади. Шунингдек, энг кам иш ҳақи ва пенсияларни асослашда фойдаланилади. Қолаверса, ушбу кўрсаткич кам таъминланганлик мезони ҳамдир.

Шунга кўра, аҳолининг минимал ижтимоий стандартларини ошириб бориш, энг кам миқдордаги ижтимоий стандартларни ишлаб чиқиш, яшаш учун керак бўлган маблағнинг энг кам миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари муҳим ҳисобланади.

Мутахассислар истеъмол саватида минимал озиқ-овқат савати муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар. Минимал истеъмол саватини ишга лаёқатли ёшдаги аҳоли учун шакллантиришга асос қилиб, ишлаётган эркак кишига суткада қанча килокалория оқсил ва углеводлар истеъмолини таъминловчи озиқ-овқатлар тўплами белгиланиши кераклиги бўйича фикрлар билдирилди.

Сўз олганлар томонидан истеъмол саватини белгилашда иссиқ ёки совуқ табиий-иқлим шароитларини, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилишдаги миллий анъаналар ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси бўйича ва унинг таркибига кирувчи субъектлардаги асосий ижтимоий-демографик гуруҳлар учун, инсон саломатлигини сақлаш ва унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйҳатини ишлаб чиқиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мазкур йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича Партия ва фракция аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ва мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ олдига, йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсияларни ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш орқали Ўзбекистон ХДП ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей