ru en oz
1 USD = 3706.22  
1 EUR = 3967.46  
1 RUB = 65.91  
ru en oz
2017 йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзуида икки кунлик халқаро илмий-маданий конгресс ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бош саҳифа / Сиёсат / Сенаторлар қатор янги қонунларни маъқулладилар

Сенаторлар қатор янги қонунларни маъқулладилар

Ўзбекистон  Републикаси  Олий Мажлиси  Сенатининг  Тошкентда бўлиб ўтган  иккинчи ялпи  мажлисида   инвестиция ва ишчанлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, фуқаролар соғлиғи асралишини, ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган  7 та қонун  кўриб чиқилди  ва маъқулланди.

Жумладан, улар орасида ”Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги  қонун бор. Сенаторларнинг  таъкидлашларича, ушбу қонун  “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги амалдаги қонуннинг ўрнини босиши кўзда тутилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташувлар амалга оширилаётганда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали кафолатли равишда қоплашга қаратилган.  

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга, кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, янги иш ўринларини яратишга кўмаклашади.

Шунингдек қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган янги таҳрирдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги  қонун ҳам  кўриб чиқилди. Қонуннинг янги қоидалари қимматли қоғозлар эмиссияси билан боғлиқ ҳуқуқий тартиб-таомилларни, шу жумладан, янги молиявий воситаларни соддалаштиришга, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Қонунда жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият олиб боришга қўйилган талаблар, қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу соҳада қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик шартлари ва механизмлари қайта кўриб чиқилмоқда ва белгилаб берилмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши қимматли қоғозлар бозоридаги инвестиция ва ишчанлик муҳитини, фонд бозоридаги хизматлар сифатини яхшилашга, мулкдорлар синфи ўсишига ва аҳоли учун даромадлар манбаларини кўпайтиришга, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун капитал, шу жумладан, чет эл инвестициялари оқиб келишига кўмаклашади.

Сенаторлар янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқарканлар, ушбу қонун  қонун электрон савдога замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга, битимлар тузиш тартиб-таомилларини янада осонлаштиришга, электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қоидаларни ўз ичига олганини таъкидладилар. Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорликни ривожлантириш ва ишчанлик муҳитини яхшилаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини, электрон тижоратнинг янада такомиллаштирилишини таъминлаш имконини беради.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонуннинг асосий мақсади социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оид амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Ушбу қонуннинг асосий қоидаларини кўриб чиқиш чоғида сенаторлар «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга киритилаётган қўшимчаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу қўшимчалар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳар йили эшитиб борилишини назарда тутувчи Конституциянинг 103-моддасига киритилган тузатишлар доирасида киритилмоқда.  Таклиф этилаётган қўшимчалар Вазирлар Маҳкамасининг, вилоятларнинг тегишли мажлисларидан сўнг ўтказиладиган минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисида халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳоким ҳисоботини эшитишнинг ҳуқуқий механизмини белгилаб бермоқда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишда Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари вакилларининг иштирок этишини, халқ депутатлари Кенгашининг қарорини қабул қилиш механизмини назарда тутувчи нормаларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Халқ депутатлари Кенгашининг қарорида ҳоким ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигининг комплекс таҳлили ҳамда унга берилган баҳо, уни янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор рўёбга чиқарилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш чора-тадбирлари келтирилган бўлиши керак.

Сенаторлар  шунингдек амалдаги қонунчиликкка киритилаётган  қатор бошқа  муҳим ўзгариш  ва қўшимчаларни  ҳам кўриб чиқдилар. Фуқаролик процессуал кодексига, «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги, «Радиочастота спектри тўғрисида»ги, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги қонунларга киритилган  ўзгартиш  ва  қўшимчалар  шулар  жумласидандир..Қатор  халқаро шартномаларни ратификация  қилиш  ҳақидаги  қонунларни  маъқулладилар.  

Ялпи мажлис  ниҳоясида парламент аъзолари қилинган  ишлар ҳақида  UT билан  ўз  фикрларини ўртоқлашдилар:

Ё. Қобулниёзов, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Кейинги йилларда  мамлакатимизда  бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишчанлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш борасида самарали  чора-тадбирлар  қабул қилинди. Иқтисодий блокда маъқулланган қонунлар бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, тадбиркорлик  ташаббуслари йўлидаги  тўсиқларни  бартараф этишга  қаратилган.      

Т. Искандаров, Олий Мажлис  Сенати аъзоси:

– Биз мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишчан  ва инвестиция  муҳитини яратиш бўйича амалга  оширилаётган ишларнинг мантиқий  давоми бўлган қонунларни  қабул қилдик. Бу Ўзбекистон иқтисодиётига маҳаллий  ва ҳорижий  инвестицияни жалб  этиш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради  ва аҳоли  фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Э. Сиддиқова, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Мажлисда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар маъқулланди. Улар жуда  муҳим, негаки, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини янада кучайтиришга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлиги, минтақани ривожлантиришга доир энг муҳим масалалар мунтазам кўриб чиқилишига, ҳокимлар томонидан ҳисоботлар берилаётганда такрорланишларни бартараф этишга, ҳисоботларнинг жойларда самарали муҳокама этилишини уюштиришга кўмаклашади.  

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари