ru en ўз
1 USD = 8085.11  
1 EUR = 9487.07  
1 RUB = 136.65  
ru en ўз
Бош саҳифа / Сиёсат / Ўзбекистон Республикаси — Корея Республикаси: Стра...

Ўзбекистон Республикаси — Корея Республикаси: Стратегик шерикликни янада ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея  Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 2015 йил 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея  Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27 май куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.

Жанубий Корея протоколига мувофиқ Ўзбекистон Президенти шарафига Сеул аэропортида икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Сеул кўчалари Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг давлат байроқлари, олий мартабали меҳмонни қутловчи шиор ва баннерлар билан безатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат ташрифининг асосий тадбирларини, жумладан, Корея Республикаси Президенти ва бошқа раҳбарлари билан расмий музокаралар, етакчи компаниялар раҳбарлари иштирокидаги учрашувларни 28-29 май кунлари ўтказиш мўлжалланган.

Ташриф якунлари бўйича томонлар икки давлат раҳбарларининг қўшма декларациясини қабул қилади, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига Давлат ташрифи доирасида 2015 йилнинг 26 май куни Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Корея ҳукумати, савдо, саноат ва энергетика, ташқи ишлар, коммуникациялар, инфратузилма, қурилиш ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий тараққиёт вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Корея газ корпорацияси, “Лотте групп”, “Самсунг”, “ЭлЖи”, “Хюндай”, “Ханжин групп”, “Кореан Эйр”, “ЖиЭм Корея”, “ЖиЭс”, “Поско”, “Ханва” сингари кўплаб етакчи компаниялар, Эксимбанк, Корея ривожланиш банки, “Корея эксченж банк”, “Шинхан банк” ҳамда бошқа молиявий институтлар ҳам иштирок этди.

Корея Эксимбанкининг сармоявий молиялаштириш соҳасидаги энг катта лойиҳалар мажмуаси Ўзбекистонга тўғри келиб, у 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. Жанубий Кореянинг Эксимбанки Ўзбекистон банкларига саноат ва инфратузилманинг етакчи тармоқларида стратегик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 3 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш ҳақидаги битимларни тайёрламоқда.

Бизнес-форум якунига кўра, нефть-кимё, кимё, тоғ-кон, машинасозлик, электр техникаси, дори-дармон, озиқ-овқат саноатлари, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергия тежовчи технологияларни жалб қилиш соҳаларида янги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан икки томонлама манфаатли битимлар имзоланди.

Жуғрофий жиҳатдан узоқ масофада жойлашган бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини азал-азалдан яқин дўстлик ришталари бир-бирига боғлаб келади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатия муносабатлари 1992 йил 29 январь куни ўрнатилган эди. Ҳозирги пайтда изчил мулоқотлар ҳамда муштарак интилишларнинг натижаси ўлароқ, мамлакатларимиз ўртасида очиқликка, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган яқин стратегик муносабатлар қарор топган.

Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг сиёсий муносабатлари анъанавий равишда халқаро майдонда бир-бирини кенг қўллаб-қувватлаш асосида ривожланиб бормоқда. Глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг нуқтаи назарлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки ҳамоҳангдир.

Мамлакатларимиз БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек, молиявий институтлар доирасида яқин ҳамкорлик қилаяпти.

Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазам тус олгани стратегик шерикликнинг изчил ривожланишига кўмаклашаётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 19-21 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга буюрган давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг 60 та сармоявий лойиҳа имзоланган бўлса, уларнинг 3 миллиард АҚШ долларидан зиёдини Жанубий Кореянинг тўғридан-тўғри сармоялари ташкил этади. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг 2014 йил 16-18 июнь кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифининг асосий якуни эса Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда молия, сармоялар, тўқимачилик саноати, муқобил энергетика, маданият соҳаларидаги Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишувлар пакетининг имзолангани бўлди.

Парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб бормоқда, ҳукумат делегациялари даражасидаги ташрифлар тобора фаоллашаяпти. 1995 йили Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея — Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси тузилган эди. 2005 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

2015 йилнинг мартида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э. Ғаниевнинг Жанубий Кореяга ташрифи амалга оширилди. Жорий йил май ойида Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хван мамлакатимизда бўлди. Мазкур учрашувлар чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда молиявий-техникавий ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Икки мамлакатнинг иқтисодиёт соҳасидаги ўзаро алоқалари ҳам изчил тараққий топиб бораётир. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. 1992 йили имзоланган Савдо битимига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида ўта қулай шарт-шароит муҳитини яратиб бериш тартиби ўрнатилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кейинги йилларда барқарор равишда 2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этмоқда. 1994 йилдан буён Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма қўмита фаолият кўрсатиб келаяпти. Унинг сўнгги йиғилиши 2014 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошади. Ҳар икки мамлакат муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик юзасидан катта тажриба тўплаган. Сурғил кони негизида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси кўлами жиҳатидан ғоят йирик лойиҳа сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Корея газ корпорацияси, “Lotte Group” ва “STX Energy” компаниялари иштирокида қурилаётган мазкур мажмуа келгусида 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳамда бунинг натижасида 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради. Жанубий Корея компаниялари юртимизнинг турли минтақаларида истиқболли углеводород конларини аниқлаш, геология-разведка ишларини амалга ошириш, ўзлаштириш борасида фаол иш юритаётир.

Автомобилсозлик — Жанубий кореялик шериклар билан биргаликда Ўзбекистонда ўзлаштирилган юқори технологияли энг машҳур ишлаб чиқариш соҳасидир. Ҳозирги пайтда Тошкентда ҳамда Андижон ва Хоразм вилоятларида автомобилсозлик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда саноатнинг бу соҳасига Жанубий Кореянинг 20 та компанияси жалб қилинган, 17 та қўшма корхона тузилган.

Тўқимачилик саноати ҳам ўзаро ҳамкорликнинг устувор соҳаларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистонда кореялик шериклар билан биргаликда умумий қиймати 231,17 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 10 та қўшма лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, “ДЭУ Интернейшнл” компанияси билан Фарғона ҳамда Бухоро вилоятларида, “Shindong Enercom” ва “Textile Technologies” компаниялари билан Сурхондарё вилоятида тўқимачилик корхоналари ишга туширилди. Айни пайтда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Тўқимачилик технологияларининг инновацион марказини очиш лойиҳаси ишлаб чиқилаётир.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда республикамизда “электрон ҳукумат” тизими жорий этилмоқда. 2012 йил октябрида Ахборотлаштириш соҳасидаги Ўзбекистон — Жанубий Корея кенгаши ўз фаолиятини бошлаган эди. Тошкент ахборот технологиялари университетида Ахборот технологиялари маркази ҳамда Ахборот олиш маркази тузилган.

“Korean Air” компанияси “Навоий” интермодал логистика марказининг ривожланишида фаол қатнашаяпти.

Бугунги кунда марказ бир кеча-кундузда 1000 тоннагача юкни қайта ишлаш, юк терминалида 300 тонна юкни қайта ишлаш ва сақлаш, 20 та самолётга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Мазкур авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Вена, Париж, Деҳли, Мумбай, Истамбул, Ханой каби шаҳарларга ҳафтасига 29 та парвоз амалга оширилмоқда.

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси ҳамда Корея Эксимбанки билан ўзаро ҳамкорлик туфайли молиявий-техникавий алоқалар тобора мустаҳкамланаяпти. Беғараз асосда асбоб-ускуна тақдим этиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, кореялик мутахассисларни Ўзбекистонга йўналтириш KOICA билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида 1995 — 2014 йиллар оралиғида соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хўжалиги, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика соҳаларида умумий қиймати 70,75 миллион АҚШ долларидан зиёд 23 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинди.

EDCF жамғармаси билан биргаликда умумий қиймати 114,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 та сармоявий лойиҳа амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш, профессионал таълим ҳамда геоахборот тизимлари соҳаларида умумий қиймати 207,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 та лойиҳа амалиётга жорий этилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Жанубий Корея сармояси иштирокидаги 412 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 68 таси 100 фоиз Корея Республикаси капитали асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Жанубий Корея компанияларининг 79 ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорлик сермаҳсул ривожланмоқда. 1992 йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Корея таълим маркази танлов асосида Корея Республикасида тил бўйича билимларни мустаҳкамлаш ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари учун ушбу мамлакатда малака ошириш курсларини ташкил этиб келмоқда. 2012 йили Тошкентда очилган Ўзбек-корейс профессионал таълим марказида ҳар йили 360 киши бепул билим олаяпти.

2014 йил октябрида Ўзбекистонда Инха университетининг бўлими очилгани икки томонлама муносабатлар ривожидаги муҳим воқеа бўлди. Мазкур ўқув даргоҳида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартларга мос юқори малакали мутахассислар тайёрланаётир. Ушбу олий ўқув юрти 2015/2016 ўқув йилида 250 нафар талабани қабул қилишни режалаштирмоқда.

2014 йил декабрида Корея Республикаси Миллий кутубхонаси билан қўшма лойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Кореяга йўл” ўқиш зали очилди. У Жанубий Корея томонидан тақдим этилган, тилшунослик, адабиёт, туризм, маданият, Корея тарихига оид ахборот ресурслари билан жиҳозланган.

Ўтган йиллар мобайнидаги сермаҳсул ҳамкорликка баҳо берилар экан, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ҳамда ишончли стратегик шериклардир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига бугун бошланаётган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим босқич бўлиб қолиши баробарида, Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро алоқаларимизни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей