ru en ўз
1 USD = 8085.11  
1 EUR = 9487.07  
1 RUB = 136.65  
ru en ўз
Бош саҳифа / Сиёсат / Оқсаройда қабул

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 июнь куни Оқсаройда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ва Осиё миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ва Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон билан Халқаро олимпия қўмитаси ва Осиё олимпия кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашнинг муҳим воситаларидан бири сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақил фикрлайдиган, кучли иродали, дунёқараши кенг авлод вояга етмоқда. Спорт таълим тизимининг узвий қисми сифатида ривожланмоқда. Ёшлар, хусусан, қизлар спортга кенг жалб этилмоқда.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаб келади, унинг фаол аъзоси ҳисобланади. 1992 йилда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси тузилган ва 1993 йил сентябрда Халқаро олимпия қўмитасига аъзо бўлган. Мамлакатимиз ёзги ва қишки Олимпия, Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах тинчлик-осойишталик, иқтисодий-ижтимоий тараққиёт, таълим ва ёшлар масаласига эътибор спорт ривожида муҳим аҳамият касб этишини, ана шундай муҳит ва шароит туфайли Ўзбекистонда спорт жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортнинг ташкилий асослари такомиллаштирилгани, жисмоний-соғломлаштириш машғулотлари аҳоли ўртасида кенг оммалашгани, соҳани молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш тизими юксалгани, моддий-техник база мустаҳкамлангани қайд этилди. Мамлакатимизда барча техник ва услубий воситалар билан таъминланган, профессионал мураббийларга эга 80 дан ортиқ спорт федерацияси фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда, жумладан, энг чекка ҳудудларда 51 мингдан ортиқ спорт иншооти барпо этилган. Дунёнинг энг яхши спорт ареналаридан қолишмайдиган спорт мажмуалари ва заллари, спортнинг кўплаб турлари бўйича марказ ва секциялар ишлаб турибди.

Ўзбекистонда таълим тизимига йўналтирилаётган йиллик давлат харажатлари дунёда энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади, яъни ушбу кўрсаткич давлат бюджетининг 35 фоизидан ошади. Бу ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий тасдиғидир.

2002 йилда ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси мамлакатимизда спортни кенг ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиз спортчилари ушбу нуфузли мусобақаларга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Президентига спортни ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги буюк хизматлари учун Халқаро олимпия қўмитасининг медали, шунингдек, Ўзбекистонда ва Осиёда футболни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё олимпия кенгашининг мукофоти топширилди. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей