ru en ўз
1 USD = 4182.3  
1 EUR = 4927.15  
1 RUB = 70.46  
ru en ўз
Бош саҳифа / Сиёсат / Ислом Каримов: Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳа...

Ислом Каримов: Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш муҳимдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги. 

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Дунёнинг турли минтақаларида вазият кескинлашмоқда, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб бормоқда, деди Ўзбекистон раҳбари.  Бугун терроризм турли шакл ва кўринишларда намоён бўлмоқда, унинг туб сабаб ва манбаларига қарши курашиш зарур.

Табиатда вакуум, яъни бўшлиқ бўлмайди, деган ҳақиқатни такрорлашга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман, деди давлатимиз раҳбари. Бўшлиқ пайдо бўлган жойда уни, биринчи галда, ҳеч қандай чегара ва чекловларни билмайдиган турли бузғунчи ва босқинчи кучлар эгаллаб олади.

Қўшни Афғонистондаги бугунги аҳволни қарама-қарши томонлар – асосан ҳукумат қўшинлари ва толибонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётгани билан изоҳлаш мумкин. АЙСАФ ҳарбий контингентининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши, шунингдек, ушбу мамлакатни ташқи молиявий қўллаб-қувватлаш камайгани вазиятни янада мураккаблаштирди. 

Афғонистондан хорижий қўшинларнинг олиб чиқилиши оқибатида юзага келган бўшлиқни Яқин Шарқ минтақасидан қочиб чиқаётган босқинчи ва террорчи гуруҳлар эгаллаб олаётгани бу фикрнинг тасдиғидир. 

Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни ўзаро курашаётган томонлар ўртасида БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишдан бошқа йўл йўқ, деди Ислом Каримов. Ҳукумат ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни қайта тиклаш муҳимдир. Бунда томонлар музокараларга киришишдан олдин бир-бирига ҳеч қандай шарт қўймаслиги керак. Ҳеч бир вазият ёки масала музокараларга тўсиқ эмас, балки муросага эришиш воситаси бўлиши даркор. Бунинг учун қатъий сиёсий иродага эга бўлиш, ўзаро муроса қилиш, бир-бирига ён босиш зарур.

Муроса, яна бир бор муроса, курашаётган томонларнинг ўзаро бир-бирига ён бериши – Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли мана шу.

Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласи бўйича позицияси очиқ ва равшан. Биз Афғонистонга қўшни мамлакат сифатида барқарор ва дўстона муносабатларни миллий манфаатларимиз, ички ишларга аралашмаслик сиёсати асосида йўлга қўйганмиз ва шундай бўлиб қолади.

Айнан шунинг учун Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаган давлат сифатида ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб бормоқда. Яъни, тинчликпарвар сиёсат юритиш, ҳарбий-сиёсий иттифоқ ва коалицияларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектлар жойлашувига йўл қўймаслик, ҳарбийлари чет эллардаги операцияларда иштирок этмаслик каби қатъий йўлни танлаган. 

Кучларнинг глобал ва минтақавий жойлашувидаги мураккаб ўзгаришларга нисбатан Туркманистон билан ёндашувларимиз ўхшашлиги, замонамизнинг бошқа долзарб муаммоларини ошкора муҳокама этишга тайёрлигимиз бизнинг ҳамфикр эканимизни кўрсатади, деди Президентимиз. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей