ru en ўз
1 USD = 8312.64  
1 EUR = 9456.46  
1 RUB = 125.22  
ru en ўз

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган махсус бошқарув тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент старт олади. Порталимиздаги ЎзА видеорепортажи орқали бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Бош саҳифа / Сиёсат / Депутатлар ОАВ ва журналистларни ҳимоя қилиш ҳақид...

Депутатлар ОАВ ва журналистларни ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибига киритилган масалалар аввалроқ сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинган эди.

Амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий таҳлил этиш, фуқароларни ташвишлантираётган долзарб муаммоларни ўрганиш мақсадида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш каби масалалар стратегик ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Чунончи, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг таркибига сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи депутатлари, вазирликлар ва идораларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, амалиётчи мутахассислар, олимлар киритилди.

Бундан ташқари, кенг муҳокама қилиш мақсадида ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасинингwww.parliament.gov.uz. веб-сайтига жойлаштирилди. Мажлисда таъкидланганидек, муҳокама якунларига кўра келиб тушган таклифларнинг катта қисми қонун лойиҳасини маромига етказишда ҳисобга олинди.
Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ОАВда туркум нашрнинг халқаро стандарти рақами (ISSN) бўлиши кераклиги ҳақидаги талабни чиқариб ташлаш таклиф этилди.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, ОАВ фаолияти эркинлигининг, ахборотдан фойдаланишининг, мулк ҳуқуқининг, уни ҳимоя қилишнинг давлат кафолатини белгилашга, шунингдек ахборотни ўрганиш, уни узатиш, ундан фойдаланиш ва сақлашга доир ўз фаолиятини амалга ошириш борасида қўшимча ҳуқуқларни белгилашга хизмат қилади.

Шундан сўнг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида журналистларнинг нуфузини оширишга қаратилган “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси Германия, Буюк Британия, Австрия, АҚШ, Россия, Латвия, Украина, Белорусь, Қозоғистон, Озарбайжон каби ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасини ва журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида мазкур қонун лойиҳаси манфаатдор давлат идоралари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, шунингдек соҳа олимлари ва мутахассислари билан ҳам муҳокама қилинди. Бу жараёнда қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.

Шундан кейин депутатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш натижаларига кўра Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишга киришдилар.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин иш танлаш ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, шахсни унинг илгари судланганлиги туфайли ишга қабул қилишни рад этишга (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) тақиқ белгилаш учун ўзгартиш ва қўшимча киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг ишчи ва эксперт гуруҳи, тегишли вазирликлар ва идораларнинг ходимлари, манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек ушбу соҳа олимлари ва мутахассислари иштирокида муҳокамалар ўтказилди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи таклиф этилаётган бу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат хизматига ташаббускор, билимли, интилувчан кадрларни жалб этишга, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин иш танлаш ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади, деган ягона фикрга келдилар.
Сўнгра депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Мазкур ҳужжат электрон тижорат инфратузилмасини жорий этишни ҳамда туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва Интернет орқали туристик маҳсулотларни сотиш бўйича хизматлар кўрсатувчи туристик фаолият субъектлари сонининг кўпайишини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси оммавий муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини муҳокама қилиш бўйича www.regulation.gov.uz. порталига жойлаштирилган.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия, Белорусь ва Грузия тажрибаси ўрганилди. Бу мамлакатларда туризм соҳаси учун солиқ имтиёзлари мавжуд.

Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши соҳада, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезкорлигини оширишга, шунингдек, туристик хизматлар нархини пасайтиришга, уларни диверсификация ва модернизация қилишга, рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.

Мажлис якунларига кўра барча кўриб чиқилган қонун лойиҳалари қабул қилинди.
Шунингдек мажлисда парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей