ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Замондош / Нилуфар Абдувалиева: “Миллий либосларимизни янги, ...

Нилуфар Абдувалиева: “Миллий либосларимизни янги, замонавий кўринишда яратишни ёқтираман”

Бизнинг навбатдаги меҳмонимиз миллий либосларимизни янги, замонавий кўринишда яратувчи, Mursak бренди таъсисчиси Нилуфар Абдувалиева бўлди.

– Нилуфар, бренд учун танлаган ва сиз, шу жумладан модалар Уйи ходимлари тахаллус қилиб олган Мурсак сўзи қандай маънони англатади?

– Унинг маъноси жуда оддий. Мурсак чопонни эслатувчи миллий либослардан бири ҳисобланади. Брендимизнинг Мурсак, деб аталиши бизнинг айнан нима билан шуғулланишимизни англатади. Биз миллий матоларимиздан нафақат юксак модалар танлови, балки кундалик ҳаётимизда ҳам кийиш мумкин бўлган либосларни тикамиз. Либослар учун Марғилон, Самарқанд ва Бухоро ҳунармандларининг ўзбек технологияси асосида яратган матоларидан фойдаланамиз. Биз яратган либослар нафақат мамлакатимизда, Шарқ колоритини ёқтирувчи Канада, Америка, Франция, Италия, БАА, Қозоғистон ва Россияда ҳам машҳурдир. Қозоғистон, Қувайт ва Россияда ўтказилган модалар ҳафталигида бизни улар жуда ҳам илиқ кутиб олишди.

– Сиз ўз коллекциянгизга бичимдан ташқари, матодаги нақшларни ҳам ўзингиз ўйлаб топишингиз ростми?

– Ҳа, бу рост гап. Мен мато сотиб олувчи ҳунармандлар билан ҳамкорлик қиламан. Шуни таъкидлашим жоизки, биз либос тикадиган матоларнинг нақши ўзига хосдир. Нима учун юз фоиз эксклюзивлигини тасдиқламаслигимнинг сабаби, тўқувчилар харид қилинадиган аниқ метраж учун бирор нусха нақшни танлашади, бу эса унинг кўринишига боғлиқ бўлади. Бу матолар бир либосдан ортиб қолади, ортганини сотамиз. Улар шу даражада камки, мижозларимизда битта тўйда бир хил нақшли матоларни кўриш имконияти умуман бўлмайди.

– Сиз таклиф қилган нақш нусхаларини тўқувчилар қандай қабул қилади? Уларни ҳар доим ҳам яратиш имкони борми?

– Камдан-кам ҳолларда тўқувчилар менинг таклифимни рад этишади. Улар айнан мен айтган нусхадаги матоларни тўқишга ҳаракат қилишади. Ишга киришишдан илгари биз лойиҳани узоқ муҳокама қиламиз. Баъзида қоғозда чиройли кўринган нақш нусхасини, матода бир қанча технологик жараён туфайли ҳам акс эттришнинг иложи бўлмай қолади. Ҳаммаси етук даражада бўлиши учун уста билан нақш устида астойдил тер тўкамиз.

– Мато учун янги нақш яратишда нимадан илҳомланасиз?

– Этнографик материаллар йиғилган альбомлардаги, миллий либосларимиз намойиш этилган музей ва кўргазма майдонларида кўрганларимдан илҳомланиб, турли нақшларни яратаман. Мени ҳар доим адрас,атлас, шойи ва аъло бахмалнинг гўзаллиги ҳайратга солади. Уларнинг ранг-баранглиги Шарқ эртакларини эслатади. Ижодий фантазия эса ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаган янги ижод намуналарини яратишга туртки бўлади.

– Анъанавий нақшлар замонавий дизайнда қандай кўринишга эга бўлади?

– Ҳаммаси янги коллекциянинг мавзусига боғлиқ. Масалан, Европа учун бирор либос яратаётган бўлсак, либоснинг шаклини, нақшини сақлаган ҳолда ўзимизнинг ҳудудимизга хос бўлган ёрқин ранглар билан таъминлаймиз. Агар Шарққа хос либос яратилаётган бўлса, аксинча ёрқин ранглар сақланган ҳолда, шаклида чет эл тенденциялари сезилиб туради.

– Бизга яхши маълумки, сиз аввалига иқтисод, кейин эса ҳуқуқ йўналиши бўйича таълим олгансиз. Модага қизиқишингизга нима сабаб бўлди?

– Ахир қайси аёл ёки қиз модельер бўлишни орзу қилмайди, дейсиз? Ҳар бир аёл руҳан модельердир. Онам чевар бўлиб, болалигимиздан ҳамма кийимларимизни ўзи тикиб берган. Катта бўлганим сари менинг ҳам тикувчиликка қизиқишим ортиб борди. Аввалига қўғирчоқлар учун либос тиккан бўлсам, кейинроқ одамлар учун тика бошладим. Талаба бўлганимдан кейин ўқиш билан овора бўлиб, анча вақтгача тикиш-бичиш билан шуғуллана олмадим. Жияним турмушга чиқадиган пайт ҳаммаси ҳаётим тубдан ўзгариб кетди. Биз унга бошқаларникига ўхшамаган либослар тикишга қарор қилдик. Шундан менинг модага бўлган қизиқишим профессионал даражада ошиб, бу нарса Mursak модалар Уйини очишимга сабаб бўлди.

– Бунда сизнинг маълумотингиз ёрдам бердими?

– Бўлмаса-чи? Олган билимларим бизнесимни, Mursak модалар Уйини ривожлантиришимда катта ёрдам бермоқда. Ҳуқуқшунослик мутахассислигим бўйича айни пайтда нотариус бўлиб ишлашга тайёрланмоқдаман. Чунки ҳозир нотариус ёрдамчиси бўлиб ишлаяпман. Бу аттестациядан ўтишим, келажакда мустақил равишда нотариус бўлиб ишлашим учун зарурдир.

– Битта йўналишни — модани ёки нотариусликни танлаш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

– Мен ҳар икки йўналишда фаолият юритишни хоҳлайман. Чунки бири иккинчисига халақит қилмайди, аксинча улар қалб уйғунлигини юзага келтиради. Модалар уйида таъсисчи бўлсам, дизайнерлик ишини бўш вақтларимда амалга оширишим мумкин. Нотариат эса – қонунчиликни таъминловчи хизматдир. Бу фаолият тури ҳам менга жуда ёқади. Бундан ташқари, бошлаган ишини охирига етказмаса, тинчимайдиган феъл-атворга эга инсонман.

– Модалар Уйида сиздан бошқа дизайнерлар ҳам борми?

– Албатта, икки нафар штатдаги дизайнердан ташқари, четдан жалб қилинган дизайнерлар ҳам мавжуд. Чунки коллекцияни яратиш учун жамоа бўлиб ижод қилиш талаб қилинади. Брендимизнинг асосий ғоясини яратиш учун миллий либосларимизга замонавий кўриниш, янги дизайн беришимизга, ҳар бир одамнинг фикрига қулоқ солишимизга тўғри келади.

– Mursak брендини ривожлантириш учун қандай режаларни кўзда тутдингиз?

– Режаларим жуда кўп. Уларнинг орасида энг каттаси чет элда бўлиб ўтадиган модалар ҳафталигида иштирок этиш, чет элда брендимиз дўконларини очишдан иборатдир. Уларни амалга ошириш учун бор куч-ғайратимни сарфлашни ният қилганман.



  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей