ru en ўз
1 USD = 8058.77  
1 EUR = 9515.8  
1 RUB = 140.84  
ru en ўз
Бош саҳифа / Замондош / Бахтиёр Ёқубов.Катта театр. Консерватория.

Бахтиёр Ёқубов.Катта театр. Консерватория.

Эшикни очиб   кабинетга  киришингиз билан  ҳақиқий сеҳргар,  афсона инсон, ҳайратомуз ижодкор шахс бу ерда  тўғри маънода  “яшаши”ни тушунасиз. Унинг енгил қўли  билан  пойтахт марказида мутлақо  янгиланган Катта театр чирой очиб турибди, унинг саъй-ҳаракатлари  билан  бугун  консерватория  муҳити  мутлақо  ўзгача тус олган.   Айни унинг олдига, Тошкентдаги  қадрдон дўстлари  хузурига дунёга машҳур ижрочилар  ташриф буюришди, Катта  театр  саҳнасида ўз санъатларини намойиш этишди... Шундай  теран фикрли, ажойиб инсон  билан  суҳбатлашаркансиз,  истайсизми-йўқми,  унинг оламига -  санъат, мусиқа ва истеъдод дунёсига  кириб кетасиз.   Uzbekistan Today  ҳозирги вақтда Ўзбекистон Давлат консерваторияси  ректори бўлган Бахтиёр Раҳимович  Ёқубов меҳмони.  

 – Сиз  Алишер Навоий номидаги   давлат опера  ва балет академик  катта театри  директори   лавозимидан  тўрт йиллик  таъмирлаш  жараёни  якуний босқичга қадам қўйганда кетдингиз. Энди  давлат консерваторияси ректори лавозимидаги биринчи йилингиз натижалари ҳам  бино  томи  ва иситиш  тизимини таъмирлаш  каби хўжалик ишлари билан боғлиқ  бўлди.  Бу «омад»ми?

– Чамаси,  таъбир  жоиз бўлса, пешонамга  ҳар доим  қандайдир  хўжалик  муаммоларини  хал қилиш ёзилган бўлса керак,  мен   ҳамма ерда  одамларга яхши шарт-шароитлар  бўлишини истайман.

Катта   театр директори лавозимида 12 йил ишладим  ва чиндан ҳам  хўжалик  ишлари, таъмирлаш, жиҳозлаш масалаларига  кўп  вақт  ва куч сарфладим.  Икки йил атрофида биз  нафақат таъмирлашни, балки  реконструкцияни кутдик, иш ҳажмини асослаб  бердик, ҳужжатлар тайёрладик.Ҳаммаси  яхши бўлди: қаранг, ҳозир у ерда қандай мухташам саҳна,зал, жиҳозлар, муҳит. Театр шундай бўлиши  керак, унга қараб турмаса бўлмайди.  Менимча, меҳнатимиз  зое  кетмади.

Ўзбекистон  давлат  консерваторияси ректори лавозимига  тайинланганимдан  кейин бу муассаса   муаммоларини ҳал  қилишга  киришдим. Бу ерда  бинонинг томи ва иситиш тизимини таъмирлаш  масаласи  пишиб  турган  экан.

Бу сафар барча  «қоғоз ишлари»  тез битди, бу  ишларни  кутганимиздан   кўра  анча аввал бошлаш  имконини  берди.  Ўйлайманки,   бу қишда  консерваториямиз  биноси  хоналари  иссиқ  ва  шинам  бўлади.

Бахтиёр Раҳимович  билан суҳбатимиз  чоғида унинг мобиль  телефони  жиринглаб  қолди,  театрдан  қўнғироқ  қилишди. У   тўрт яримда  боришга  ваъда берди. Биз, албатта,  савол беришга шошилдик:

  – Сиз аввалгидек театр  билан  дўстона муносабатларингизни давом эттиряпсизми?

 – Ҳа, бўлмаса-чи. Очилгандан кейин  мен у  ерда уч марта бўлдим, афсуски,  кўпроқ  боришга асосий ишим имкон бермайди. Театр жамоаси  билан жуда жипс ва ижодий  муносабатдамиз.  Айтмоқчи, Катта  театрнинг  кўп ижодий ҳодимлари  консерваторияда дарс  беришади,мен улар билан мулоқотда бўлиб тураман. Театрдаги  турли  тадбирлар, учрашувларга  доим  таклиф қилиб турадилар.  Имкон қадар ижодий ишда ҳам  қатнашаман, шу жумладан жуда қизиқарли  постановкаларда ҳам,  уларни  яқин  вақт мобайнида  бу театр жамоаси ижодининг муҳлислари кўришлари мумкин бўлади.

  Театрда ҳам, консерваторияда ҳам бир пайтда  ишлашни режалаштирмаяпсизми? 

  – Ҳар доим бир жойда ишлаганман ва  бир неча  марта таклиф  қилганларига қарамай, ҳеч қачон  иккинчи ишни олмаганман.Тўғри,  баъзан рози  бўлишимга  сал қолган  вақтлар бўлган.Ўзингни аниқ бир ишга бутунлай  бағишлаган вақтингдагина  ўз мажбуриятларингни   яхши бажара оласан, деб ўйлайман.  

  – Сизга  қайси бири яқинроқ: Катта  театрдаги ишми ёки консерваториями?

  – Театрга жон-дилим билан берилиб кетганман, у мен учун  жонажон бўлиб қолган. Аҳир Катта  театргача  мен Самарқанд опера  ва балет театрида ишлаганман, афсуслар бўлсинки, у кейинги йилларда  мусиқа  ва драма театрига  айлантирилди. Театрдаги  фаолиятда  мен учун ҳамма нарса яқин ва  тушунарли. Бу ерда асосийси – ижодий  жараён. 

Консерватория – мутлақо янги, барча устуворликлар  кадрлар тайёрлашга қаратилган.Тан оламан,  аввалига  осон бўлмади,  барчасини тартибга  солиш учун кўп  вақт, сабр-тоқат ва куч  керак  бўлди.  .Бу ердаги жараёнга кириб бориш  ва тушуниш  учун менга  бир неча ой керак бўлди. Мослашишимга  эса театрдаги  маъмурий  фаолият тажрибаси ёрдам берди. Ва мен    бу жамоага фойда  келтиришимга  жуда умид  қиламан, ҳар қалай шундай  бўлиши учун ҳаракат  қиламан.   

Суҳбат  мобайнида  Бахтиёр Раҳимович ўзининг кўп шогирдлари, истеъдодли ёшларни илиқ  сўзлар билан эслади. Бунда у  барчани исми билан атади:    «Мадинахон, Женечка, Абдурахим…». Уларнинг фамилиясини сўраганимизда  шундай жавоб қайтарди.

- Мен одамларнинг фақат исмларини, уларнинг ишларини эслаб қоламан. Афсуски, фамилиялари, оталарининг исми ёдимда  қолмайди. Умуман, менинг иш  услубим  шундай – дўстона. Чамаси шунинг учун ҳеч  қачон “қабул”кунлари  ва соатларим  бўлмаган бўлса керак. Менинг кабинетим  эшиги  ҳамиша очиқ: марҳамат, киринг, ваколат доирамда бўлган  барча  масалаларни бирга  ҳал  қиламиз.  Бироқ шу билан бирга мен  ҳамиша  ёрдамчиларим  борлигини ёдда  тутаман,улар ҳозир  проректорлар, деканлар  ва  бошқа мутахассислар. Шунинг учун мен ҳозир ўз ваколатимга  кирадиган масалаларнигина ҳал қиламан, қолган   вазиятларда кимга  мурожаат  қилишни айтишга  ҳаракат  қиламан.   

Давлат консерваториясидаги ишингиз бўйича режаларингиз қандай?

  – Ҳозир биз мусиқали чолғу асбоблари инвентаризациясини ўтказяпмиз: бизда нима бор ва яна нима кераклигини аниқ   белгилаб олишимиз керак. Яқинда  жуда яхши янги рояллар олдик. Кафедра раҳбарлари билан эски чолғу асбобларини қаерда сақлаш,  янги олинганларини  қаерга жойлаштириш кераклигини шу кабинетнинг ўзида ўтириб биргаликда  хал қилдик. Албатта, биринчи навбатда, пианиночиларга  янгиларини бердик.Шундай қилиб тақсимладик, янгиладик, бироқ барибир   «яна бир нечта  янги рояль бўлса  эди» деган  ният қолди. Ва  бу ҳам амалга ошади. Маданият ва спорт ишлари  вазирлиги янги мусиқа асбобларини олишда  ёрдам беришга  ваъда қилди.  Яна биз янги скрипка, контрабаслар, умуман янги чолғу  асбоблари олишни истаймиз,  яхши чолғу асбоблари  кўп  бўлмайди.  Шунинг учун  инвентарни янгилаш,  ҳарид қилиш, қисқаси, иш арсеналини мустаҳкамлаш устида иш олиб борамиз.

- Сиз Катта  театр  доирасида  чет эллик   ҳамкасблар билан кўп ишлагансиз. Бу ҳамкорлик  консерватория  саҳнасида ўз аксини топадими?

- Шубҳасиз, биз  бошқа мамлакатларнинг турдош муассасалари  билан халқаро ҳамкорликни ривожлантирамиз. Бусиз санъат яшамайди. Ижод  тўрт девор ичида   давом этиши ва ривожланиши  мумкин эмас.  Бизда  жуда яхши пианино ва скрипка мактаби  бор. Биз умуман  мамлакатимизда   консерватория таълимининг шундай ажойиб анъаналари борлигини кўпроқ кўрсатишимиз керак.

Консерваториянинг 80 йиллиги  санаси   яқинлашяпти. Катта  дастур  ишлаб чиқяпмиз. Унда кўп сонли  чет эллик мусиқачиларни  жалб этган ҳолда маҳорат дарслари  ташкил этишга  алоҳида ўрин  берилади.Улар, албатта, ҳозир ҳам бўляпти, бироқ кўп  ҳолатларда тарқоқ, изчиллик  йўқ.  Концерт бергани келишади, биз талабалар билан мулоқотда бўлишни илтимос  қиламиз, биласизми, ҳеч  қачон рад  этишмайди. Буюк иқтидорлар - жуда камтарин ва оддий  бўлишади. Бироқ биз  маҳорат дарслари ўтказиш бўйича  ишлар доимий асосда бўлишини истаймиз.

Аввалгидек, консерватория пойтахтимизнинг  энг йирик маданий  марказларидан бири,етакчи  профессионал ижодий  жамоаларнинг чиқишлари учун очиқ майдон  бўлиб қолади. Театрда орттирилган  чет эллик ижрочилар иштирокидаги йирик халқаро фестиваллар ташкил этиш бўйича   тажрибани давом эттириш  ниятим бор.Консерватория  учун  бу жуда  муҳим. Хусусан баҳорда джаз фестивалини ўтказишни режалаштирмоқчимиз.   

  – Сизнинг ёқимли овозингиз бор, биз нега уни саҳнада эшитмаймиз?

– Саҳнага чиқиш учун қўшиқ айтиш билан ҳар куни шуғулланиш керак. Афсуски, кейинги йилларда бунга вақтим етмаяпти, маъмурий иш – кўп меҳнат  талаб қилади,унга  кўп  эътибор  қаратиш керак. Бунинг устига,  албатта, ёш ҳам ўз таъсирини  кўрсатади. Йил сайин овозим бутунлай ўзгарди. Шунинг учун  фақат уйда,кўпроқ ваннада  куйлайман, бошқаларга ҳалақит бермасликка, “Дада,жонга тегди...” деб қолишларини эшитмасликка  ҳаракат  қиламан.   

 Аслида  мен  профессионал  фаолиятимни Самарқанд  опера  ва балет театрида куйлашдан бошлаганман ва бу иш менга жуда ёқарди. Тан оладиган бўлсам, мен умуман  болаликдан  қўшиқ  айтардим. Айни шу мени ўз вақтида,  инглиз тили филологи дипломига  эга  кишини Тошкент давлат консерваториясига олиб келди ва мен бу ерда иккинчи олий  таълимни олдим. 

– Қўшиқ  айтишингизга қўшниларингиз  ва уйингизда  қандай қарашади?

– Менинг ўз  шахсий  уйим бор, шунинг учун қўшниларни дам олиш кунлари ва оқшомлари куйлаб  безовта  қилмайман. Ҳар қалай, ҳозиргача ҳеч ким шикоят қилгани йўқ. 

Уйдагиларга  келсак,  рафиқам ҳозир нафақада бўлса-да, бироқ у ҳам актриса, биз у билан кўп йиллар театрда ишлаганмиз. У ва қизларим тушуниш  билан  муносабатда бўлишади. Тўғри,  барибир, баъзан “Дада, бўлди қилинг, жонга тегди...” деган  сўзларни эшитиб қоламан.

Қизларингиз сизнинг изингиздан кетишдими?

–  Ҳам ҳа, ҳам йўқ.. Масалан, кичик қизим  филолог.Менинг ҳам биринчи олий  маълумотим филология бўлган. Тўғри, у ҳозир уйда,  иккита ажойиб  фарзандини тарбиялаяпти.    

Катта қизим - модельер, либослар дизайнери. У бир неча йил  Мустақиллик куни, Наврўз муносабати билан  ўтказиладиган  байрам тантаналарини ташкил  этишда қатнашган. Унинг гуруҳи  либослар билан  шуғулланган. Ҳозир у чет элда,  машҳур «Спорт мастер» компаниясида ишлаяпти.

– Биринчи  касбингиз ҳаётда ҳеч асқотмадими?

 Нега? Аҳир чет тилларни билиш ёмонми? Бу  ҳар доим  кўпчилик  билан муомала  қилишда  ёрдам беради.  Мулоқот эса ҳамиша  фойдали  ва керак.

- Сизнинг ҳеч вақт қайтмайдиган ўз ҳаётий қарашларингиз, принципларингиз борми?

– Оддий инсоний принциплар. Раҳбар сифатида мен лавозимимдан  фойдаланмасликка, ота  ва оила бошлиғи сифатида сабрли  ва  донишмандроқ бўлишга  ҳаракат қиламан. Шундай яшаш  ва ишлаш керакки,  виждонинг тоза  ва тинч бўлсин.Болалигимда эсдан  чиқмайдиган бир воқеа бўлган.   Ўшанда мен олифта мактаб ўқувчиси эдим. Бир куни  бобомни кутиб олишга чиқишим  керак бўлиб қолди. Вокзалга  келиб, қалпоқ  ва тўн кийган хоразмлик бобомга пешвоз чиқдим. Кўчада  қақшатғич совуқ эди.  66-67 йиллар. Биз  саломлашиб уйга  йўл олдик. Йўлда кетаётганимизда бобом мен унинг ёнида  кетаётганимдан уялаётганимни тушунди. Мен буни билдирмасликка  ҳаракат  қилдим, бироқ у буни  ҳис  қилди шекилли. Кечқурун  суҳбатлашиб ўтирганимизда шундай деди: «Катта бўлганингда қандай лавозимни эгаллашингдан, кимлар билан ишлашингдан, муомала қилишингдан  қатъи назар, одамлардан ҳазар қилма». Бу маслаҳат менга қаттиқ таъсир  қилди, ҳозиргача  унга амал қиламан. 

Материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик  жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий  буюртмаси доирасида  тайёрланди.   

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей