ru en ўз
1 USD = 8066.96  
1 EUR = 9626.3  
1 RUB = 140.05  
ru en ўз
Бош саҳифа / Жамият / Ўзбекистон ишланмалар ва инновациялар соҳасидаги...

Ўзбекистон ишланмалар ва инновациялар соҳасидаги ишларни янада ривожлантиришни режалаштирмоқда

Пойтахтимизда VII Инновацион  ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўз ишини якунлади. Унда  мамлакатимиз  олимларининг 600 та ишланмалари  намойиш  этилди. Муаллифлар  жамоатчиликка  нималарни  таклиф этишди? Муҳбиримиз  шу ҳақда қизиқди. 

Фан ва технологиялар ривожланишини  мувофиқлаштириш қўмитаси  маълумотига кўра,  ўтган  етти ярмаркада 3500 дан ортиқ миллий  ишланмалар намойиш этилди,  86,8 млрд. сўмликдан ортиқ 2300 та  шартнома  имзоланди. Булар  натижасида  22 номдаги янги маҳсулотни сериялаб  ишлаб чиқаришга эришилди,54 та тажриба-экспериментал намуналар яратилди, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона  ва фермер хўжаликларига илмий-техникавий хизмат  кўрсатилди.   Янги маҳсулотни  ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми  эса 1 трлн.сўмдан ортиқни  ташкил этди.  

Масалан, фақат сўнгги бир неча йил давомида  мамлакатимиз  фармацевтика  корхоналари  Ўсимликлар кимёси,  Физика-кимё, Биоорганик кимё институтлари, Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институти  ва бошқа қатор илмий тадқиқот муассасалари томонидан  ишлаб чиқилган 30 номдаги дори воситалари ишлаб чиқаришни ўзлаштирдилар. Ёғ-мой саноати корхоналарида  Тошкент кимё-технология  институти олимларининг пахта ёғи  ва шротда госсипол  даражасини камайтириш бўйича  технологиялари  жорий  этилди.   Кимё саноати  корхоналари Умумий ва ноорганик кимё  институти  томонидан   маҳаллий ҳом ашёдан ишлаб чиқарилган минерал ўғитларнинг бир неча турини  ишлаб чиқаришни ўзлаштирдилар. Тошкент Давлат  техника университети қошидаги «Фан ва тараққиёт» ишланмалари Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатида  жорий этилиб, йилига  миллионлаб  доллар  даромад  келтирмоқда.   

Бу йил ҳам  танлаш имконияти  кенг бўлди. Ярмарка  кўргазмаларидан 600 дан ортиқ ишланмалар ўрин олди, кўргазмага ташриф буюрганлар уларнинг ярмидан ортиғини  биринчи  марта  кўрдилар. Қулай бўлиши учун кўргазма   «Саноат», «Ахборот технологиялари», «Саломатлик ва фармацевтика», «Қишлоқ хўжалиги», «Фан ва таълим» каби  йўналишларга ажратилди. Қизиқарли нарсалар кўп. Ташкилотчилар умумий  массадан  янги  йўналишларни ажратиб томошабинларга  тақдим этдилар. Булар ҳужайра технологиялари, фармацевтика ва биотехнологиялар, наннотехнологиялар  соҳасидаги  ишланмалар ва бошқа янгиликлар намойиш этилган «Юқори  технологиялар», шунингдек, 50 та ишланмани, жумладан  янгиланувчи энергия манбаларидан  фойдаланиш бўйича янгиликларни бирлаштирган “Энергия ва ресурсларни тежовчи технологиялар”  ҳамда “Ахборот технологиялари” каби  кўргазмалардир.  Шу ўринда ёш олимлар 70 та ишланмани  тақдим этганларини ҳам таъкидлаш жоиз.  

Албатта,  бу натижалар билан  кифояланса бўлади, бироқ уларни  янада яхшилаш мумкинлигини ҳам  унутмаслик  керак.  Кўргазмалар билан  танишганда, уларнинг барчаси  танишдек ҳиссиёт уйғотди, ҳатто ёш олимларнинг кўп ғоя ва ишланмалари ҳам. Улар  ёшларнинг  устоз  ва мураббийлари томонидан олиб борилган  тадқиқотларнинг давомидек ёки  хорижий тажрибадан кечикиб ўзлаштирилган ишлардек  туюлди. Мамлакатимиз  илм-фани ўзгариши, бозор иқтисодиёти  шароитида ишлашга  мослашиши, рақобатбардош  товарни яратиш, таклиф этиш  ва реализация қилишни  ўрганиши  керак. Муаммоларни  ҳал  этишга замонавий нигоҳ  билан қаровчи янги номлар ҳам  бундан кам аҳамиятга эга эмас.

Мамлакатимиз  фанини ривожлантиришнинг бу ва бошқа жиҳатлари ярмарка иштирокчилари кўргазмалар билан танишгандан сўнг қатнашган  Тошкент халқаро инновация форуми  муҳокамаси  марказида  бўлди. Муҳокамаларда  мамлакатимиз  мутахассислари билан бирга АҚШ, Германия, Италия, Греция, Япония, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистондан, шунингдек халқаро  ташкилотлар – БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, Британия кенгаши ваколатхоналари, Erasmus+нинг миллий офиси  вакиллари ҳам  фаол иштирок этишди..Бу эса долзарб  мавзуларга  хорижий  мамлакатларнинг илғор  тажрибалари орқали кўриб чиқишга хизмат қилди.  

Иштирокчиларнинг диққатини  агар  ҳал  этилса, яқин истиқболда ўз  самарасини бериши  мумкин  бўлган энг  қизғин масалаларга  қаратишда  секция йиғилишлари  ёрдам  берди. Қатнашчиларнинг бир гуруҳи  илмий  ва технология паркларини қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштиришга урғу  берса,  бошқаси Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг долзарб  жиҳатларига,  ёшларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлашда  ривожланган мамлакатлар тажрибаси, бошловчи олимларнинг халқаро илмий-техник  дастурларда  қатнашиши учун имкониятларга тўхталди.   

Муҳокамалар  муаммоларни ҳал этиш  учун амалий чора-тадбирлар фонида  ўтгани қувонарлидир. Сўнгги йилларда ҳукумат  илмий-тадқиқот  муассасаларини  қайта ташкил этиш, ёш истиқболли  олимларни тайёрлаш бўйича қатор муҳим қарорлар қабул қилди.   Шу билан бирга яна қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб  чиқилмоқда, улар орасида  илғор прогрессив  технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш учун қулай муҳит яратишга қаратилганлари ҳам оз эмас.

Мамлакатда  янги авлод  илмий муассасалари  ташкил этилмоқда ва ривожланмоқда. Булар -  Геномика ва биоинформатика  маркази, Қуёш энергияси институти, Юқори технологиялар  илмий-ўқув маркази ва бошқалардир.Уларнинг фарқли  жиҳатлари шундаки,  тадқиқотлар  энг замонавий юқори технологик  даражада олиб борилади,  натижалар эса бугуннинг ўзида харидоргир.  

Амалдаги  илмий марказлар ҳам  эътиборсиз  қолмаяпти. Уларнинг фаолиятини жонлантиришга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан  ўтган йили  Фанлар Академиясининг қатор институтлари базасида  олий ўқув юртлари  қошида илмий  марказлар  ташкил этилди. Улар орасида  Тошкент давлат техника университети  қошида ташкил этилган  тармоқ машинасозлиги муаммолари бўйича илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Кимё ва полимерлар физикаси илмий-тадқиқот маркази,  Тошкент Давлат Шарқшунослик институти қошидаги Шарқ қўлёзмалари илмий-тадқиқот маркази  ҳам бор.  Олий ўқув юртлари ва Фанлар Академияси институтларининг илмий салоҳиятини бирлаштириш, мутахассисларни яқин йилларда ечимини топиш талаб этилаётган долзарб  муаммоларга қайта йўналтириш ўз самараларини бериши  лозим.

Қишлоқ хўжалиги фанларида ҳам  туб ўзгаришлар ўз  натижаларини  кутмоқда. 2014 йили  Ўзбекистон  қишлоқ  ҳўжалиги  илмий-ишлаб  чиқариш  маркази муассасаларида  кенг  кўламли  қайта тузиш ишлари  ўтказилди ва 40 та илмий-тадқиқот  маркази ўрнига 12 та институт  қолдирилди.  Бу тадбир аниқ  муаммолар устида  ишлаш  ва долзарб тадқиқотларни  молиялаштиришни яхшилаш  учун энг  керакли  шароитлар яратишга ёрдам  берди. .

Олимлар учун  меҳнат  шароити яратиш  бу -   ишнинг  ярми. Мамлакатга  янгича фикрловчи ва  кенг  дунёқарашли  ёш мутахассислар  керак.     Юқори  малакали  кадрлар тайёрлаш  соҳасидаги  ислоҳотлар  шунга  қаратилган.  Янги  тизим ёшларни илмий  масалаларни  ҳал қилишга  жалб  этишнинг аниқ  механизмига эга.   Энди барча  докторлик  диссертациялари  мавзулари олимлар  олдида  турган  асосий  вазифалар  акс этган давлат илмий-техникавий дастурларига  мувофиқлиги  бўйича  мажбурий экспертизадан  ўтади. Диссертацияни тайёрлаш жараёнида олинган  илмий  тадқиқотлар  натижалари, албатта,  ҳимояга  қадар  жорий этилган бўлиши лозим. 

Грант кўринишида давлат томонидан молиялаштириладиган илмий-техник лойиҳаларни саралашнинг  танлов тизими  ҳам  такомиллаштирилмоқда.  Сўнгги йилларда  экспертлар  иши майда мавзуларни  чиқариб ташлаш  ва долзарб тадқиқотларни  қўллаб-қувватлашни  яхшилашга  йўналтирилди.  Ёш  олимларни  тадқиқотларга фаол  жалб  этишга  қаратилган  лойиҳалар қутланмоқда. Бу йил 971 та мавзу тасдиқланди, улар  2015-2018 йилларга амалий  ва инновацион  лойиҳалар тадқиқотлари предмети  бўлиб қолади.  Яқин  вақт ичида  2016-2017 йилларда  ёш  олимларнинг  инновацион  лойиҳалари   танлови  эълон  қилинади.

Мамлакатимиз  илм-фани фаолиятининг асосий   механизмидаги  янгиланишлар  бугуннинг ўзидаёқ    амалий  натижаларини  бермоқда.Масалан,   VII  Республика  инновация ярмаркасида Андижон  машинасозлик институти  ва Турин политехника   университетининг  ёш  олимлари Ойбек Умаров  ва Бекзод  Юнусов шаҳар электромобилининг муаллифлик моделини, Тошкент Давлат Ахборот технологиялари  университетининг  талабалари роботлар яратдилар. Ва бугун  бундай ишланмалар кўп бўлишига  умид  қилишга барча асослар  бор.    

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей