ru en ўз
1 USD = 8093  
1 EUR = 9531.94  
1 RUB = 136.86  
ru en ўз
Бош саҳифа / Жамият / Ўтган йили Тошкентда 150 дан ортиқ автобус ҳайдовч...

Ўтган йили Тошкентда 150 дан ортиқ автобус ҳайдовчилари ишдан бўшатилди

Ўтган йили Тошкентда 150 дан ортиқ автобус ҳайдовчилари йўл-транспорт қоидаларини бузгани аниқланиши натижасида ишдан бўшатилди, деб хабар беради Uzbekistan Todayга ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси катта инспектори Мансур Рихсиев.

Рихсиевнинг сўзларига кўра, бундан ташқари пойтахт автобус саройларидан 15 та шахс ўз лавозимидан озод этилган. Шунингдек, қоидабузарларга қарши 5000дан ортиқ маъмурий чоралар қўлланган.

«Ҳукумат бир неча йилдан бери Тошкент шаҳрида жамоат транспортларининг йўловчиларга хизмат кўрсатишини яхшилаш ва тартибга солиш, жумладан, автобус ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши бўйича иш олиб бормоқда», – дейди Рихсиев.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жамоат транспорти билан боғлиқ можаролар 33 %га, автобус ҳайдовчисининг айби билан содир бўладиган воқеалар 37,6 %га, жиддий оқибатларга олиб келувчи ҳодисалар 100 %га камайди, деб хабар беради у.

Ҳозирги вақтда Тошкентнинг барча йўналиш автобуслари координатни аниқлаш тизими — GPS-назорат билан жиҳозланган. У орқали автобуснинг графикка амал қилган ҳолда оралиқ масофани сақлаётгани, тезлик чегаралари ва йўналишга мувофиқ ҳаракатланаётганини текшириш мумкин.

GPS-назоратни татбиқ қилиш — бугун жамоат транспортларида хавфсизликни таъминлаш учун қўлланаётган усуллардан бири. Бундан ташқари, компьютерлаштирилган тизимни жорий этиш йўл ҳаракати бошқарувида автобус ҳайдовчилари йўл қўйган қоидабузарликларни назорат қилиш имконини беради, дея ҳисоблайди Рихсиев.

«Ҳозир қоидабузарликлар илгаригидан кўра камайди. Ўйлайманки, GPS-назорат ёрдамида биз уларнинг даражасини 0 га қадар туширамиз», – дейди у.

Бугунги кунда ҳайдовчи томонидан содир этилган қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уни кўриб чиқиш ва лозим бўлган тақдирда маъмурий чора кўриш учун автосаройга жўнатилади. Агар бу ҳолат иккинчи бор қайтарилса, ҳайдовчи ишдан бўшатилади.   

«Бундай ҳолатда биз томонимиздан ҳайдовчилар катта жаримага тортиладилар. Сабаби, улар нафақат ўз ҳаётлари, балки йўловчилар ҳаётига ҳам масъулдирлар», – деб таъкидлайди Рихсиев.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўловчиларни ҳайдовчи томонидан кичик қоидабузарликка йўл қўйилган тақдирда ҳам ишонч телефони орқали хабар беришга чақиради.

 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей