ru en ўз
1 USD = 8058.77  
1 EUR = 9515.8  
1 RUB = 140.84  
ru en ўз
Бош саҳифа / Жамият / Навбат кечаги кундан. Тартиб қани?

Навбат кечаги кундан. Тартиб қани?

2015 йилнинг  ноябрь-декабрь ойларида UzbekistanToday муҳбири  янги биометрик  паспорт олгунча еттита  навбатда  турди. Жараён қатор  саволларни  келтириб  чиқарди, уларни ҳал  этиш  ҳеч қачон кеч бўлмайди, негаки,  энди ҳар ўн йилда  паспортни алмаштириш лозим.

Тошкентнинг  Яшнобод тумани ички ишлар бошқармасининг паспорт столига  келиб, ўзимни гўё тушунмовчиликлар ва сансонгарчилик гирдобига тушиб қолгандек  ҳис  қилдим. Аввалдан  айтиб қўяй,  бундай  вазият ҳозир  республикамизнинг барча  ҳудудларидаги шу хилдаги муассасалар учун ҳос бўлиб қолди,  паспортини алмаштириш учун келганлар билан  суҳбатларимдан  шундай хулоса  келиб чиқади. 

Аслида агар  ички ишлар бошқармасига  кираверишда, ҳамманинг кўзи тушадиган жойга йирик ҳарфлар билан  паспортни алмаштириш  жараёни, бунинг учун масъул  ҳодимлар  кабинетлари  қайд  этилган жадвал ўз аксини топганда олам  гулистон эди. Қайси кабинетга кирганда қўлингизда қандай ҳужжатлар бўлиши  лозимлиги ҳам  кўрсатилса, нур устига  нур бўларди. Афсуслар бўлсинки, бундай эмас, бу ҳақда маълумотга  эга бўлмаган ҳисобсиз  фуқаролар  паспортни алмаштириш  жараёнининг  муайян  босқичида қайси кабинет эшиги  ёнидаги  турнақатор навбатга қўшилишни аниқлагунларича,  озмунча сарсон  бўлмайдилар. Маълумотлар стендининг ўрнатилиши  паспорт столи ходимларининг  ишини ҳам  анча  енгиллаштирган бўларди, улар бир йўла қабулларига  киришга  ҳаракат қилган фуқароларнинг  минглаб  саволларидан  ҳалос бўлган  бўлардилар.

Иккинчидан, навбатлар. Паспорт столи дарвозаси ёнида одамлар энг турли саволлар билан  уймалашади. Бу ерда нафақат   биометрик  паспорт олиш ниятидагилар, балки, ҳужжатини тиклаш, прописка, фамилияси, исмини ўзгартириш ва бошқа кўплаб масалалар  билан келганлар  ҳам бор. Тартибни сақлаш учун фуқароларни қабул қилишни  қандайдир йўллар билан  тизимлаштириш  керак. Буни  ҳал  этишнинг  бир неча  усулларини  кўриб чиқиш мумкин. Масалан, қабул  вақтларини ажратиш, бирон  соатларда бир  масала  бўйича бўлса,  бошқа  масалаларга бошқа  вақтни тайинлаш  керакдир. Ёки  навбатларни  тартибга  солиш лозимдир,  шунда ким кимдан кейинлиги ва  нима учун   навбатда тургани  тушунарли бўлар.   Бу  кескинликни  пасайтиради  ва норозилар анча  камаяди.   

Ҳужжатларни  расмийлаштиришдан янги биометрик  паспортни олгунча мен еттита  навбатда туришимга  тўғри келди, аслида вазирлик  ёки бошқарма  раҳбарияти  жойларда ўз навбатини  мажбурий  кутишларни камида  учтага  туширишлари мумкин эди.

Энг  даҳшатлиси  дастлабки  иккита навбат – бу  хизмат кўрсатиш  столи, бу ерда керакли аризани  қандай қилиб тўғри тўлдиришга  кўмаклашишади ва биометрик  маълумотларни суратга  олиш учун таклиф  рақами берадиган ҳодимнинг қабулига  кириш. Одам кўп ва ҳамма бу жараёндан тезроқ  халос  бўлишни  истайди, шундан ҳамма тартибсизлик  ва  кеча  навбат олганлар ҳам қабулга кира олмаганлари ҳақидаги шовқин-суронлар келиб чиқади.    Кимдир атайлаб шундай  дейди, кимдир  ҳақиқий воқеликни билмаганликдан эшитганларини гапиради.  Бироқ  кўпчилик “таслим бўлиб” қўяқолади ва паспорт масаласини кейинга  қолдиради. Мен ҳам  шундай қилдим. Сиз ҳатто тасаввур  ҳам қила олмайсиз, шанба  куни келиб, барча масалаларни икки  соатда ҳал қилиб кетганимда қанчалик  лол қолганимни!. Аҳир аввалги келганларимда кўрганларим бўйича мен ўзимни бу ерда кечгача қолиб кетишга  тайёрлаб  келгандим-да.

Энг  қўрқинчлиси,  навбатда  турганлик  қайд  этилиши лозим  бўлган   варақлар  эди. Қанчалик  барвақт келишга уринмай, ҳамиша иккинчи  юзталикдан  ўрин  олардим. Маълум бўлишича, қўрқишнинг ҳожати йўқ  экан, қабул  жадал  суръатларда кечди.  Кўпинча битта одам  бир йўла  бир неча яқинлари  учун  навбатда турар экан.Ичкарига кирсангиз  ҳодим аризангизга имзо чекади ва сиз биометрик  маълумотлар топшириш учун қачон келишингизни белгилаб  беради ҳолос.  

Бироқ, фуқароларнинг жамоатчилик тартибини ўрнатишга уриниши бўлган айни  шу варақлар аксарият  ҳолларда тартибсизликлар келтириб ҳам чиқаради.  Бунинг сабаби унинг тузилиши  ва риоя  этилиши учун масъул бўлганлар  ўз навбатини кутаётганлардан  бири бўлишидир.Бу қаҳрамонлар    ўз навбатлари келгунга  қадар вазифаларини шараф билан адо этадилар,ундан кейинги аҳволни тасаввур қилаверинг: ким-кимдан  кейин  эканлигини аниқлаш учун шовқин-суронлар, асаббузарликлар... Мен  борганимда шундай ҳолат юз берди:  иккинчи  варақ йўқолиб қолди, янгисини бошлашди. Аввал навбатга  ёзилиб, бекор ўтирмаслик учун кетганлар қайтиб келгач навбатсиз  қолишди. Яна жанжал, яна суриштиришлар.  Бироқ, шу билан бирга, холисанилло айтиш керак, навбат ташкил  этишнинг бундай усули ҳозир  вазиятдан чиқишнинг энг ишончли йўли ҳисобланади, чунки одам кўп ва бир навбатдан  кейингисига ўтиш ҳам,  қаерда кимдан кейинлигингни, сендан кейин ким борлигини эслаб қолиш жуда қийин.  

Бироқ менга ички ишлар вазирлиги  ва хатто ҳудудий бошқармаларнинг ўзлари ҳам  унча мураккаб бўлмаган  конструкциялар             ёрдамида  бир навбатнинг  ўзида  ҳаракатланиш  давомида  фуқаро ариза бланкини тўлдириши, паспорт тайёрланиши  учун  тўловни тўлаши  ва биометрик маълумотлар топшириш  учун   рақам олиши мумкин  бўлган  шароитларни юзага  келтиришлари  қийин эмасдек туюлади.Бу схемани бошқарма  ходимига  таклиф қилишга  бўлган уринишимга  жавобан шундай тушунтириш олдим: хизмат кўрсатиш столи ва банк кассаси ички ишлар бошқармасига  бўйсунмас экан. Мен эса бунга  ишонмадим ва    муаммога чуқурроқ  кириш, уни ҳал қилиш истаги йўқлиги, деб  ҳисобладим. Аниқ амалий  чораларни кўриш нафақат фуқароларни қабул қилишни тезлаштиради, балки,  тезроқ ўз ишини битириб кетиш истагида бўлганлар орасида  келиб чиқадиган кераксиз  жанжаллар ва ҳафагарчиликларни ҳам бартараф этади.  

Яна иккита  навбатни   тугатиш мумкин - бу хизмат кўрсатиш столида прописка учун  квитанцияни  тўлдириш ва прописка тўғрисидаги штампни паспортга  бостиришни кутиш. “Барака  топгурлар, прописка муҳри бор  паспортни олгандан  кейин барча керакли муҳрлар босилган  паспортни қўлга  беринглар-да”  деган сўзларда албатта мантиқ бор.   Туман  бошқармасида эса бунинг  иложи йўқлигини айтишади, негаки,  уй дафтари борларга муҳрни бошқармада  қўйишади, бошқаларда  эса бу билан  паспортчилар шуғулланишар экан. Хўп, агар шундай экан, наҳотки фуқаролар манзиллари  қайд  этилган ягона электрон маълумотлар базаси бўлмаса? Агар бўлмаса, унда нега бу ишни қилмаслик керак – аҳир натижада ҳамма  манфаат кўради-ку?

Айтмоқчи, “прописка” учун  навбат  ҳам можароли бўлиб чиқди.  Бизнинг бошқармамизда прописка ҳақида штамп босиладиган кабинет биринчи қаватда, паспорт бериладигани  эса иккинчи қаватда  жойлашган. Мен энди паспортни олганимда пастда  шундай қичқириқлар  тарқалдики, ускунага  қўйишим керак бўлган  кўрсаткич  бармоғим қайси бири  эканини унутиб қўйдим...Маълум  бўлишича, бу шовқинлар прописка учун навбатда турганлар орасидан   таралган экан...  

Яна бир масала -  ногиронлар  ва  оғир касалликка чалинган одамлар билан боғлиқ. Мен  прописка ҳақидаги штамп бостириш  учун  навбатда  турганимда коридорга кекса аёл кириб келди. Унга ўз жойини бўшатган аёл уни ўтқазиш  ниятида елкасига қўлини  урганида  онахон оғриқдан  шунақа  чинқириб юбордики,  бинодагиларинг ҳаммаси қўрқиб  кетишди.  Маълум  бўлишича, онахоннинг елка қисмида онкологик  шиш  бор  экан ва ҳар қандай  тегиниш  қаттиқ  оғриқ келтириб  чиқараркан. Бироқ, кўринишдан  оддийгина нуроний аёлнинг шундай  дарди борлигини ким  билибди, дейсиз. Ички ишлар  вазирлиги  вакиллари оғир касаллар учун паспорт алмаштириш билан боғлиқ  барча  масалалар  ҳал этилгани, уларнинг уйларига  бориб  хизмат кўрсатиш учун маҳсус  бригадалар  ташкил этилгани ҳақида   гапиришади. Бироқ,  бу бригадалар   қандай ишлаётганини тушуниш учун ижтимоий тармоқлардаги ёзувлар  ва  ахборот сайтларидаги  материалларга ўқувчиларнинг  шарҳларидан  билиб олса  бўлади.  

Паспортимда берилган вақти 15 декабрь эканлиги кўрсатилган ҳолда мени уни олиш учун нега  фақатгина 30 декабрда таклиф қилганлари ҳақидаги савол   жавобсиз  қолди.

Бу масалаларнинг барчаси  вақтинча  ва улар тез орада ҳал этилишига ишонгимиз  келади.

 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей