ru en oz
1 USD = 3958.56  
1 EUR = 4422.11  
1 RUB = 67.09  
ru en oz
Бош саҳифа / Жамият / Халқ таълими вазирлиги таҳририятдан “Вақтинча алоқ...

Халқ таълими вазирлиги таҳририятдан “Вақтинча алоқада” лойиҳаси доирасида олинган саволларга биринчи жавобларини тақдим этди.

«Ҳорижда ўқув жараёнида интерфаол доскалардан кенг фойдаланилади. Яқинда Тошкентдаги мактаблардан бирида “ақлли синф” ташкил этилганини, бу синфда интерфаол ва мультимедиа технологиялари ёрдамида ишланишини эшитиб қолдим. Нима учун бизнинг 149-нчи мактабимизда хатто интерфаол доска ҳам йўқ. Илтимос, мактабларни замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз?»

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлими етакчи инспектори Қадамбай Саитов жавоб беради:

– Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг “2013-2016 йилларда республика таълим муассасаларининг чет тиллар кабинетларини жадал суръатларда замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари, ўқитишнинг техника воситалари ва инвентарлари билан жиҳозлаш чоралари тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш давом этмоқда.

Ўтган йили республиканинг 200 та мактаби «Specktron» интерфаол қўшимчаларини олди, улар оддий маркер доскада видеопроектор билан бирга интерфаоллик самарасини намойиш этиш имконини беради. Бу йил яна 200 та мактаб қисқа фокусли «Acto» проекторига эга бўлган «IQBoard» интерфаол доскасига эга бўлди.

Бундан ташқари 2012 йили “Мактаб таълимини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 1501 мактаб (республиканинг 23 та туманида) «EpsonEB-455Wi» қисқа фокусли проекторлар билан жиҳозланди, улар симсиз интерфаол перо билан ишлаш имкониятига эга. Ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш доирасида умумтаълим мактабларининг 5-9 синфлари учун “Информатика” ва “Чет тили” дарсларини ўқитиш учун еттита вилоятдаги ўқув муассасаларида 694 та ўқув компьютер синфлари жиҳозланди. Хусусан, мактаблар диагонали 65 дюйм бўлган экранли «AHA Penta» интерфаол панелларини олдилар. Улар сирти сенсор (сезувчан)бўлган панелда тасвирни йириклаштириб кўрсатади. Шундай қилиб, режали тартибда барча умумтаълим мактаблари замонавий жиҳозланади.

Бир вақтнинг ўзида “ақлли синфлар” ташкил этишнинг хомаки лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Жанубий кореялик ҳамкорлар билан тузилган шартнома доирасида Юнусобод туманидаги 327 мактабда замонавий «smart-class» ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, у замонавий ноутбуклар, планшетлар, интерфаол панеллар,биргаликда ишлаш воситалари ва бошқа ускуналар билан жиҳозланади. Кейинроқ бу “ақлли синфлар” базасида ўқитувчилар учун замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тренинглар ўтказилади.

Тошкентдаги 149-мактабга келганда, жорий йилнинг сентябрь ойида мактаб «ACTO» қисқа фокусли проекторига эга бўлган «IQ Board» интерфаол доска, шунингдек, 2 та ноутбук, 2 та видеопроектор, 4 та акустик тизим, компьютер учун янги аксессуарлар, 2 DVD-плеер билан таъминланган. Эҳтимол, технология ўзлаштирилмагани сабабли, ҳозирча бу жиҳоз-ускуналар ўқув жараёнида қўлланилмаётган бўлса керак, улар яқин вақт ичида фаол ишлатилишига биз кафолат берамиз.

«Дарсдан бўш вақтларда мактаб спорт залидан фойдаланиш тўғрими? Бизнинг мактабимизга маҳалла болалари келишади ва спорт залида ўйнашади. Бу борада Халқ таълими вазирлигининг фикри қандай? Бу аҳир мактаб жиҳоз-ускуналари яроқсиз бўлиб қолишига олиб келади-ку?»

Болалар спорти бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Алимов жавоб беради:

– Спорт бугун давлатимиз устуворликларидан бири ҳисобланади. Умуман, бу йўналиш ёшлар ўртасида ҳақиқий трендга айланди ва бу бизни қувонтирмаслиги мумкин эмас. Ва табиийки, биз ўз томонимиздан спорт янада оммавийлашиши учун ҳар қандай йўл билан ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун Халқ таълими вазирлигининг бу масалага қараши қатъий: умумтаълим мактаблари спорт заллари бўш қолиши керак эмас. Дарсдан бўш вақтларда уларда турли спорт секциялари ишлаши мумкин, турли тадбирлар ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Бу нафақат Вазирликнинг ички ҳужжатларида, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорларида, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларида акс этган. Хусусан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида таълим муассасаларининг спорт заллари базасида барча авлодлар, шу жумладан, катта ёшдагилар учун ҳам спорт секциялари ишлашига йўналтирилган катта ишлар қилинмоқда.

Жиҳозларнинг яроқсизланиши масаласига келсак, кейинги йилларда мактабларни таъмирлаш ва керакли жиҳозлар ҳамда спорт инвентарлари билан таъминлаш бўйича ишлар керакли даражада йўлга қўйилган. Биз ўз томонимиздан мактабларга ўз вақтида сифатли спорт инвентарлари етказиб берилиши, эскиларини янгилари билан алмаштирилиши учун жавобгармиз. Вазирлик инвентарлар барчага етиши ва болалар эскирган спорт анжомларида шуғулланмасликларига кафолат беради.

«Мактабда фаррош бўлиши керакми ва унинг меҳнати учун ким ҳақ тўлаши лозим? Биз синфни йиғиштиргани учун тўлашга мажбурмиз, санузелларда тартибни сақлаш учун пул йиғамиз, аслида қоидага кўра қандай бўлиши керак?»

Умумтаълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўйича бош бошқарма бошлиғи Файзулла Ахмедов жавоб беради:

– Мактабларда фаррош штати кўзда тутилган ва унинг меҳнатига давлат бюджетидан ҳақ тўланади. Шунинг учун мактабда озодагарчиликни сақлаш учун болалардан пул йиғиш таъқиқланади.

Шу билан бирга тан олиш лозимки, фаррош меҳнати оғир, маоши эса катта эмас. Шунинг учун мактаб васийлик кенгаши ҳодимга бюджетдан ташқари маблағлардан қўшимча тўлов тўлаши мумкин. Бироқ, агар синф фондларидан олинадиган бўлса, фақат ота-оналар розилиги билан амалга оширилиши керак.

Агар бу меъёрлар бузиладиган бўлса, сиз ушбу масалани мактаб директори олдида кўтаришингиз ва амалдаги тартиб бузилишига йўл қўймасликни талаб этишингиз мумкин. Шу билан бирга юқори органларга мурожаат қилсангиз бўлади. Вазирлик бу масалани қатъий тартибда ҳал этишга кўмаклашишга тайёр. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари