ru en ўз
1 USD = 8069.61  
1 EUR = 9496.32  
1 RUB = 140.31  
ru en ўз
Бош саҳифа / Жамият / Эксперт:Режалаштириш- ишга жойлаштирилганликни бил...

Эксперт:Режалаштириш- ишга жойлаштирилганликни билдирмайди

2016 йили иш ўринларини  яратиш  ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида  992,7 мингта иш жойи ташкил қилиш ва шунча кишини  иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу жорий йилга режалаштирилгани – 987,5 минг иш ўрнидан  анча  кўп.  Бироқ режалаштириш бошқа,  уни бажариш бошқа. 2015 йилги Дастурни амалга оширишнинг бориши ҳақида  муҳбиримизга  Меҳнат  бозорини  бошқариш  ва бандлик таҳлили бошқармаси  бошлиғи  Эркин Авезов  сўзлаб  берди.  

  – Эркин Истамович,  иш ўринлари ташкил этилишининг  боришини  қандай баҳолайсиз?

  – Жорий йилнинг тўққиз  ойи якунлари  бўйича мамлакатда  748,7 мингта иш ўрни ташкил  қилинди,  йиллик режага  кўра 987,5 мингта ўрин яратилиши  кўзда тутилган. Бу  эса дастурда қўйилган  мақсадлар  ҳомҳаёл эмас, балки аниқ эришиладиган мақсад экани  ва улар  амалга ошишидан  дарак  беради. Йил  якуни бўйича  ҳатто  иш ўринлари  режалаштирилганидан  кўра кўпроқ  ташкил қилиниши  ҳам мумкин.  Бунда  мамлакат  аҳолисининг катта қисми яшайдиган  қишлоқ  ҳудудларида иш ўрни яратишга, ёшлар  ва аёлларнинг  бандлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилади.   

  –Янги иш жойлари қандай  йўл билан  ташкил қилингани ҳақида  сўзлаб берсангиз.

  – Мақсадли  дастур  доирасида 163,6 минг иш жойи яратилди, улардан    60,5 минги  саноатда,  51,7 минги  хизмат кўрсатиш  соҳасида,  35,0 мингтаси  қишлоқ ҳўжалигида (чорвачилик,  паррандачилик, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик, сабзавотчилик, пиллачилик, узумчиликда)ташкил этилди. 

 Бандликни  таъминлашда кўп тармоқли  фермер  хўжаликлари муҳим  роль ўйнади. Улар қошида  ташкил  этилган  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш  ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати  112,8 мингдан ортиқ  кишининг бандлигини таъминлаш  имконини берди.

Ишламай ётган  корхоналар   фаолиятини қайта  тиклаш 16,5 мингта  иш жойи  яратилишини таъминлади. Бунда паст рентабелли  ва зарарига  ишлайдиган корхоналарнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ва истиқболсиз корхоналарни ишлаб  чиқариш қувватини ва иш ўринларини ташкил этиш  шарти асосида янги мулк  эгасига  сотиш йўли билан тугатиш бўйича мақсадли “йўл” ҳариталарини амалга ошириш  механизмлари  жалб этилган.

Тижорат  банкларининг кичик  корхоналар  ва микрофирмалар ташкил этиш  учун  ажратилган кредитлари  ҳисобига  213,5 минг кишининг бандлиги таъминланди. Индивидуал   тадбиркорлик соҳасидаги  саъй-ҳаракатлар  2015 йилнинг январь-июнь ойларида 82,7 минг киши иш ўрнига эга бўлишига олиб келди.. 

Уй меҳнатининг турли шаклларини ривожлантириш, жумладан,  корхоналар билан меҳнат  шартномаси бўйича кооперация, ҳунармандлик  ва  оилавий  тадбиркорлик 176,0минг банд бўлмаган фуқаролар, кўпроқ аёллар,  ногиронлар  ва аҳолининг бошқа  ижтимоий заиф тоифаларини, шунингдек, хориждан  қайтаётган  меҳнат муҳожирларини  ишга  жойлаштириш имконини  берди.  

– Банд бўлмаган аҳолиси сони  ва ортиқча меҳнат  заҳиралари кўп  бўлган ҳудудлардаги аҳвол қандай?

  – Бундай ҳудудлар   республикада 32та. Уларда муаммо кичик  корхона  ва  микрофирмалар, уй меҳнатини, фермер хўжаликларини ташкил  этиш,  иши  тўхтаб қолган  корхоналарни қайта тиклаш йўли билан  ҳал  этилади. Шундай  қилиб, бу ҳудудларда йил бошидан  бери 115,4 минг ишчи  ўрни  яратилди. Бу борада, айниқса, Чироқчи, Қўшкўпир,Ромитан  туманларида сермаҳсул  иш  қилинди.   Уларнинг  ҳар бирида  5-8 мингдан янги иш  жойлари   ташкил  этилди.

  – Дастур ҳамма ерда  ҳам  исталгандек  амалга  оширилмаган  бўлса керак?

Муаммоли ҳудудлар ҳам бор. Тўққиз ой якунлари бўйича  Қорақалпоғистоннинг Беруний  туманида,шунингдек, Сурхондарё вилоятининг  Бойсун, Қумқўрғон, Шеробод, Термиз  туманларида  қолоқлик  кузатилди. Бунинг асосий сабаби ишлаб  чиқариш  иншоотларининг  фаолият  бошлаш  муддатлари  кўчирилгани  бўлди. Хусусий  тадбиркорлик ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш аутсайдерлари  эса  Жиззаҳ  вилоятининг Арнасой,Қашқадарё  вилоятининг Миришкор, Самарқанднинг Қўшработ ва Жомбой  туманларидир.   

Бу ҳудудларда сўнгги уч ой давомида йўл қўйилган камчиликларни  бартараф  этишга алоҳида  эътибор  қаратилди. Ўйлайманки, йил якуни бўйича  керакли  натижага эришадилар.

– Ишга  жойлашганларнинг катта  қисмини  кимлар ташкил қилди?

– Коллежлар  битирувчилари.  2014/2015 ўқув  йили битирувчиларини ишга  жойлаштириш учун ҳар бир коллеж,ҳар бир туман  ва шаҳарда кенг қамровли чора-тадбирлар  амалга оширилди. Бунинг самараси  сифатида октябрь ойининг ўзидаёқ,  коллеж битирувчиларининг 370,5 мингдан ортиғи бандлиги таъминланди.Уларнинг 227,7 минг нафари бириктирилган  корхоналарга, 204,7 мингтаси  эгалланган мутахассисликка  мувофиқ ишга  жойлаштирилди.

– Битирувчиларни  қўллаб-қувватлаш  қандай  амалга оширилди?

– «Коллеж-корхона» тизими ишини таъминлашда 206 мингдан ортиқ корхона  ва ташкилот  иштирок  этди. Корхоналар, коллеж ва битирувчилар ўртасида 482,6 мингта шартнома  тузилди, уларга  кўра битирувчи кейинчалик ишга  жойлаштириш  шарти билан аниқ ташкилот  ва корхонада  ишлаб  чиқариш амалиётини  ўтайди.   Коллежлар битирувчиларни  ихтисослари  бўйича  ишга  жойлаштириш учун доимий  равишда  бўш  иш  ўринлари ҳақида  маълумот олиб туради.

Бу йил  коллежлар битирувчиларини  тадбиркорлик  фаолиятига, оилавий  бизнесга  кенг  жалб  этишга, уларни ўз ишларини  юритиш асосларини  ўргатишга  катта  эътибор  қаратила  бошланди. Буни тижорат банклари  ҳам қўллаб-қувватламоқда. Умумий ҳажмда улар битирувчиларга бизнесларини  бошлаш учун  қарийб  250,0 млрд сўмлик микрокредит ажратдилар.   

– Банд бўлмаган  аҳолини ишга  жойлаштиришда Бандликка кўмаклашиш  фонди  қандай  ўрин тутди?

– Бу фонд томонидан  ишсизларни  касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш,  ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишини ташкил  этиш учун 23,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ  йўналтирилди.  Шунингдек, фонд маблағлари ҳисобидан ишсизлик бўйича ва  муддатидан аввал  нафақалар  тўловлари амалга  оширилди, бу мақсадлар учун   691,5 млн.сўм сарфланди .

– Иш қидираётганлар  янги  ташкил қилинаётган   ўринлардан ўзларига иш  топишлари  учун қандай ёрдам  кўрсатилди?

– Албатта, жойлардаги  бандликка  кўмаклашиш  ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш  марказлари  уларга  фаол  ёрдам  бердилар. Улар томонидан 228,9 минг ишсиз  ишга  жойлаштирилди. Яна 208,1 минг нафар мурожаат қилувчи  ишга  жойлашишга  алоқадор  барча  саволлар бўйича маслаҳат  олдилар.  Вақтинча ишлашни хоҳловчилар,  уйга қайтган меҳнат муҳожирлари,  афв этиш  муносабати билан жазони ўташ  жойидан озод  қилинганлар, одам  савдосидан  жабрланганлар, кўп фарзандли аёллар  маслаҳат     ёрдамидан айниқса  кенг  фойдаландилар.  

Мунтазам равишда  меҳнат  ярмаркалари  ўтказиб турилади. Йил  бошидан  бери уларда 43,8 минг нафар  иш берувчи  ва 185,9 мингта  иш қидираётган шахс қатнашди. Бунинг натижаси  сифатида 50,1 мингта киши ишга  жойлашди, 111,6 минг киши ўзини қизиқтирувчи масалалар бўйича  маслаҳатлар олди.

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари  алоҳида эътиборни талаб  этади...

–Уларни ишга  жойлаштириш учун туманлар  ва шаҳарлар  ҳокимлари  қарорига  мувофиқ квоталаштирилган иш ўринларига  67,5 мингдан ортиқ  киши жойлашди. Булар 2,1 минг нафар ногирон,11,1 мингта якка-ёлғизлар  ва 14 ёшгача фарзанди бўлган, шунингдек  ногирон фарзандли  ишламайдиган аёллар, 43,4 минг  таълим муассасалари  битирувчилари,2,0 нафар  муддатли ҳарбий  хизматдан  қайтганлар, 2,5 мингта ёш болали ишламайдиган аёллар, 2,4 минг  жазони ўташдан озод  қилинган шахслар ва 4,0 мингта  аҳолининг меҳнат  бозорида қийинчиликларни  кечираётган  бошқа  тоифалари вакилларидир.  

– Шундай  ҳолатлар бўладики, ишга  жойлаштиришда  ҳодимнинг малакаси янги иш  жойига тўғри келмайди. Бундай одамларга  қандай ёрдам  берилади?      

 –Бизда профессионал  тайёрлаш  ва қайта тайёрлаш  бўйича етарли даражада самарали тизим ишлайди. У орқали  январдан сентябргача 5,9 минг нафар ишсиз қайта тайёргарликдан ўтди.Яна 14 минг киши “устоз-шогирд” усули орқали  ўқитилди.

Ҳудудларда  қайта тайёрлаш  ҳозирча коллежлар базасида  амалга оширилмоқда. Йил бошидан бери  тикувчилар, тўқимачи, тўқувчи, электрик,пайвандчи,бўёқчи,сувоқчи,  компьютер техникаси операторлари  ва бошқалар катта  миқдорда  тайёрланди. 

Пойтахтда  эса Профессионал  ўқитиш маркази бу ишда  катта  мадад бўлди. У йил бошидан  бери автомобилларни таъмирлаш  ва техник  хизмат кўрсатиш,  машинасозлик  ишлаб  чиқариши, электроника  ва  ахборот технологиялари  каби керакли мутахассисликлар бўйича 237 кишини тайёрлади.  Айтмоқчи,  унинг қарийб  барча битирувчилари  миллий  саноатнинг байроқдори  бўлган Тошкент  қувур заводи, Тошкент қуйма-механика заводи, “Электроаппарат” заводи, Бекобод металлургия  комбинати,  «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги MAN  заводи, «Шарқ» концерни, Асака туманидаги  «GM Uzbekistan» автомобиль заводи, «Ўзтелеком» АЖ  «Тошавтотеххизмат»  каби нуфузли корхона  ва ташкилотларга  ишга  жойлаштирилди.

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей