ru en ўз
1 USD = 4154.36  
1 EUR = 4895.49  
1 RUB = 69.02  
ru en ўз
Бош саҳифа / Жамият / Давлат дастури амалга оширилиши учун етти триллион...

Давлат дастури амалга оширилиши учун етти триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади

2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тасдиқланди, деб хабар беради ЎзА ахборот агентлиги.

«Соғлом она ва бола» Давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари учун 7 триллион 483,3 миллиард сўм ва 194 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошланди. Жиноят кодексига фарзанди уч ёшга тўлмаган аёлларга (бола тарбияси учун таътилга чиқишидан қатъи назар) нисбатан жиноят қонунчилигини янада эркинлаштириш, уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритишга қаратилган тузатишлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват уйлари, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган қарорини қабул қилиш режалаштирилмоқда. 

Давлат дастурида мамлакатимиз қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида 13 мингта уй-жой барпо этиш, узунлиги 296,3 километрлик электр ва 307,5 километр газ таъминоти тармоқларини қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, қишлоқ жойларда 1,3 минг километрдан ортиқ, жумладан, замонавий қишлоқ массивларида 300,5 километрлик ичимлик суви тармоғини барпо этиш ҳисобидан аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ишлари давом эттирилади. 

Жорий йилда тиббиёт муассасалари, хусусан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Хотин-қизларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш мақсадида комплекс тиббий хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳрида 4-даражали Аёллар саломатлик марказини ташкил этиш лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу марказ энг илғор ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланади, унинг қошида замонавий маслаҳат поликлиникаси ва операция блоки ташкил этилади. 

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда болалар ва ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, жумладан, Республика перинатал маркази, вилоят перинатал марказлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари, 13 вилоят болалар кўп тармоқли марказлари, шаҳар ва туман даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, уларнинг болалар ва ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари моддий-техник базаси яхшиланади. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилади. Ушбу жараёнда 2016–2018 йилларда марказнинг қўшимча 11 ҳудудий филиали, Алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади. 

Тўғри овқатланиш ва диетология соҳасида ягона илмий ҳамда амалий сиёсатни замонавий халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Республика диетология илмий-амалий марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. 

Бу борада умумтаълим мактаблари учун қўшимча 1,7 мингдан зиёд спорт зали, жумладан, 2016 йилда барча мактабларда спорт клублари, жамоалари ва спорт турлари бўйича мактаб лигаларини ташкил этиш ҳисобга олинган ҳолда, 217 зал барпо этиш, ҳар бир туманда зарур ускуналар билан жиҳозланган камида биттадан болалар-ўсмирлар спорт мактаби (225 та), хусусан, 2016 йилда 15 шундай мактаб қуриш режалаштирилмоқда. Шунингдек, вилоят марказларида спортнинг 4 йўналиши бўйича 56 ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, чунончи, жорий йилда 5 мактаб фаолияти йўлга қўйилади, сузиш ҳавзалари тармоғини яна шундай кенгайтириш ҳисобидан 11 сув ҳавзаси қурилади, уларнинг умумий сони 290 тага етказилади. 

Жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш, ёшлар, айниқса, қизларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқариш учун шароит яратиш ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги Ёшлар марказларини, Тошкент вилоятидаги «Камолот» ёшлар оромгоҳи ва ёш оилалар учун дам олиш маскани, Тошкент шаҳридаги «Камолот» ёшлар боғини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш режалаштирилмоқда. 

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, бошланғич таълим сифатини тубдан ошириш ҳисобидан болаларни мактабга тайёрлаш даражасини юксалтириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш вазифаси белгиланган. 

 

 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей