ru en oz
1 USD = 3930.91  
1 EUR = 4396.02  
1 RUB = 68.08  
ru en oz
Бош саҳифа / Маданият / UT-эксперт:Халқ амалий санъатининг айрим турлари...

UT-эксперт:Халқ амалий санъатининг айрим турлари нега йўқ бўлиб кетиш ҳавфи ёқасига келиб қолди?

Бугун  глобаллашув  ва саноат  асрида қўл меҳнати билан ишланган  товар  ҳамиша  қадрланади, агар  у  анъанавий амалий санъат  қоидалари бўйича  ишланган бўлса, янада қимматроқ  бўлади.

Бироқ,  ҳунармандларнинг анъанага айланган  кўргазма-ярмаркаларида бизга  кўрсатишаётган,  арт-салон ва магазинларда “халқ ҳунармандчилиги маҳсули” деб  мақтаб таклиф этаётган товарларнинг  барчаси  ҳам  шундайми?

Олимлар нега тез-тез ҳар  биримизга  анъанавий  буюмлар билан фақатгина анъанавий  маданият брендини  ишлаб  чиқишга  уриниш ёки услублаштириш ўртасидаги фарқни аниқ ажратиб олиш  имконини берувчи тизим  яратиш  зарурлигига  даъват  этмоқдалар?   

Ўзбекистон  Республикаси Фанлар Академиясининг Санъатшунослик  институти тасвирий  ва амалий  санъат бўлими мудири, санъатшунослик доктори, профессор, академик Акбар Абдуллаевич Ҳакимов  Uzbekistan Today муҳбири билан  суҳбатда «ялтираган ҳамма нарса ҳам олтин бўлмаслиги» тўғрисида   сўзлаб  берди.  

– Фикрингизга  тўла  қўшиламан, чиндан ҳам “анъанавий санъат” лавҳаси остида тўғри келган нарсани  сотиб олиш мумкин, аслида уларнинг нима  эканини  тушунишга  оддий  ҳаридорнинг билими етарли эмас. 

Бир марта Ичан-қалъада  “Анъанавий Хоразм каштадўзлигини тиклаш маркази” деган ёзув  менинг диққатимни жалб этди. Бу мени ажаблантирди, чунки Хоразмнинг ўз анъанавий қўл кашта санъати  бўлмаган ва савол туғилди – ёш ҳивалик қизлар нимани  “қайта тиклашади”,  умуман, улар нима  билан шуғулланишмоқда?  

Лойиҳа  менежери   билан  суҳбатдан кейин  маълум бўлишича, уларга  ўрта аср Хирот меъморчилиги  декорацияларига бағишланган китоб репродукциялари  асосидаги  нақшларни ёстиқ жилдларига тикиш  таклиф  этилган  экан.  Яъни, улардаги расмларнинг ўзи  ҳам Хоразмники эмас, балки афғонларники. Нима учун бундайлиги билан  қизиққанимдан кейин, бу  устахона   анъанавий  санъат  борасида  ҳеч нарсани тушунмайдиган, бироқ туристларга нима  кераклигини яхши  биладиган бир инглизга  тегишли экани аниқланди.  

Албатта, бу масала оммавий  мунозара мавзусига айаниши, бунинг натижасида  лойиҳанинг  тақдири катта савол остида қолиши  мумкин эди. Бироқ гап шундаки, бу лойиҳа  туфайли бир гуруҳ қизлар яхшигина маош олишади, яъни, кичик  кўламда бўлса ҳам лойиҳа аҳолининг ижтимоий  бандлигини таъминламоқда. Бу фақат анъанавий ўзбек  каштадўзлиги  ривожининг муаммоли  жиҳатларидан бири  ҳолос.

Бироқ, муаммо анъанавий халқ санъатининг бошқа соҳаларида  ҳам мавжуд. Масалан, бозорда жуда харидоргир бўлган машҳур Риштон кулолчилик  мактабини олайлик.. Риштоннинг ўзида  ҳам буни аллақачон  барча  тушунган ва  бу оммавий  бренддан  ўз бизнесини очишни истаганлар жуда яхши фойдаланади. Албатта, ота-боболари ишини давом эттириб келаётган   ҳақиқий иқтидор эгалари туфайли  бугун бу  кулолчилик  буюмлари нисбатан  яхши   сотилмоқда.

Бироқ, Риштонда ишлаб  чиқарилган  барча сопол буюмларни ҳам анъанавий  Риштон сополи деб  аташ мумкинми?!  Йўқ, албатта. У ерда  ҳақиқий Риштон технологияси билан  ишлайдиган фақат икки-учта уста бор, улардан бири дунёга машҳур Шарофиддин Юсупов. Қолганлар замонавий осон топиладиган  материалларни ишлатган  ҳолда юзаки, жадаллаштирилган  технология бўйича  ишлайди.  Уларнинг маҳсулотини анъанавий  Риштон сополи деб аташ мутлақо  мумкин эмас, негаки, улар Риштонда ишлаб чиқарилган ва қадимий мовий Фарғона сополига ўхшатиб ишланган оддий сопол идишлардир.  

Бугун  амалий санъатда юз бераётган нарсалар ҳозирги  кундаги кўплаб жараёнлар  таъсири остида шаклланган  ходисалардир. Ва булар ҳар доим ҳам  глобаллашув, мувофиқлашув жараёнлари, усталарнинг бозор иқтисодиёти шароитларига мослашишга -  пул  топишга бўлган ҳаракати оқибати  эмас. 

 Яна Хоразм  тажрибасига  мурожаат қиламиз,  бироқ бу сафар айни кулолларга. Ўтган асрнинг 50- йилларида,  Тошҳовли  меъморий обидаси тикланаётганда меъморий сополлар   реставрацияси  устида  ишлашга  тўғри келди. 

Хоразмнинг сопол билан ишлайдиган барча  усталарини  тўпладик -  уларнинг аксарияти сопол идишлар тайёрлайдиган  усталар эди. Бунинг оқибатида Хоразм анъанавий   кулолчилиги тубдан салбий томонга ўзгарди. 

Монументаль маънодор ўсимлик накшлари  мотивларининг ёрқин табиий безаклари  ўрнини гирих  орнаментининг график услуби, яъни меъморий  безак учун ҳос бўлган, бироқ Хоразмнинг маиший  кулолчилиги услубига алоқасиз линияларнинг геометрик  тўқималари эгаллади

Албатта,  биз бугун  амалий санъатнинг анъанавий  ва профессиональ мактаби тўғрисида гапиришимиз  мумкин – бу  кўпроқ анъанавий ва  замонавий технологиялари, мотивларидан  илҳомланиб янгилик яратаётган дизайнерлар  билан боғлиқ.Шу билан бирга улар фақат ўзбек анъанавий мактабларига мурожаат қилишлари мутлақо  мажбурий эмас, улар бошқа маданиятлардан ҳам нималарнидир олишлари  мумкин. Уларнинг ишлари  ҳам чиройли  ва мафтункор,дид  билан ишланган.   

Масалан, Тошкентда машҳур кулол,ўзбек кулолчилигининг  янги йўналишига пойдевор қўйган Муҳит Раҳимов услуби  давомчилари – ўғли Акбар Раҳимов ва невараси Алишер Раҳимов фаолият олиб боради. Бухорода  эса  Ўзбекистон  анъанавий  кулолчилигининг турли мактабларини интерпретация қилишга  асосланган   профессионал кулолчиликнинг бу йўналишини Абдувоҳид Каримов  ривожлантирмоқда.  Дизайнерларнинг анъанавий санъатнинг турли мактабларига мурожаатлари замонавий амалий санъатнинг бошқа  турларида ҳам  бор. Албатта,  амалий санъат профессионал сегментининг бу вакиллари фаолияти ҳам  давом этиши ва ривожланиши керак.

Шу билан бирга  бозорга, таъбир жоиз бўлса, бир кунлик усталар, яъни бугун бундай иш қилса, эртага бошқача ишлайдиганларнинг ҳам кўп маҳсулотлари  чиқади.Аксарият  ҳолларда уларнинг иши юқори дид  ва сифати билан ажралиб турмайди.   Ҳуқуқий жиҳатдан  бу усталарнинг ҳаммалари  ҳам  ишлашга  ва бозорда маҳсулотларини сотишга  ҳақли.  Бироқ, бундай ҳолатларда ҳақиқий анъанавий санъат асарларини идентификациялаш  масаласи бугун жуда долзарб тус олиши табиий..

Баҳолашнинг  бу  жиҳати  биз учун биринчи навбатда, ҳақиқий  анъанавий  мактабларни сақлаб  қолиш учун  зарур.  Бунинг учун  давлат  даражасида муайян қарорлар  қабул қилиниши лозим. Бу  солиқ имтиёзларига қараганда  анча катта нарса, айтмоқчи, ҳозир бизда барча  ҳунармандлар солиқ  тўлашдан озод  қилинган.

Бу масаланинг энг   мақбул  ечимларидан  бирини мен оммавий ахборот воситалари орқали кенг  маърифий ишлар олиб борилишида кўраман. Бунда ҳунармандларнинг ўзларигагина эмас, балки жамиятга   ҳам билим бериш керак. 

Бизда кўп ҳунармандларимиз нима  ишлаб  чиқараётганларини ўзлари билмайдилар. Уларга  тушунтириш керак, лозим  бўлса, турли анъанавий санъат фестивалларида уларнинг  маҳсулотини сертификатлаштириш  ва рағбатлантириш институларини ташкил этиш керак. Масалан,  2015 йили сентябрь ойида  Марғилонда  ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги  ваколатхонаси   маҳаллий ҳокимият органлари ва “Ҳунарманд” ассоциацияси билан  биргаликда  “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивалини  ўтказди. Ҳақиқий анъанавий технологиялар билан ишлаётганларга  «ЮНЕСКО сифат белгиси»ни топширишди. Айни пайтда  сифат белгисини нима учу бошқаларга эмас, уларга топширилаётганини тушунтириб беришди. 

Натижада, ҳунармандлар 20 аср ўрталаридаги эмас, балки  19 асрнинг ўрталари технологиялари бўйича  ишланган маҳсулотлар кўпроқ қадрланишини тушунишди. 19 аср ўрталаридаги технологиялар бўйича  ишлаб чиқилган газламаларга нафақат мамлакатимизда, балки  чет элларда ҳам  талаб катта.  Буларни англаб  етиш  аҳволни ўнглашга  ёрдам  беради. Бир  сўз билан  айтганда, бундай  фестиваллар кўпроқ ташкил этилиши ва улар фақатгина тўқимачилар билангина эмас, бошқа  ҳунармандлар орасида ҳам ўтказилиши лозим. Тизимли асосда ҳунармандлар ўртасида улар ижодининг энг долзарб масалаларига бағишланган  семинарлар  ташкил этилиши мақсадга  мувофиқ.  Маърифий  муаммоларга жараёнга  таъсир кўрсатувчи барча кишилар  эътибор қаратиши  керак.

Журналистлар нималарни  акс эттираётгани ҳам  жуда муҳим. Афсуски, мен кўпинча ҳамкасбларингиз нарсаларни ўз номи билан атамасликларини кўраман.  Масалан,  телевизорда анъанавий  ҳунармандчилик тикланиши  тўғрисида  ҳикоя қилинаётган репортаж берилмоқда.  Тасвирларда эса. аслида унча юқори даражада  бўлмаган ҳаваскорлик ижоди билан шуғулланаётган  қизни кўрсатишади. Бу атайлаб қилинмаган бўлиши мумкин, бироқ,  жамоатчиликда нотўғри  фикр шаклланишига олиб келади. 

Қачонки, одамлар бундай  нарсаларга тушуниш билан тўғри ёндашадиган бўлганларидагина ҳамма нарса  ўз жойига тушади. Шубҳасиз,ҳам анъанавий, ҳам  замонавий технологиялар бўйича  ишлаётган   ҳунармандлар маҳсулотларига  талаб кучаяди.  

Афсуски, ҳозирча, идентияфикация  ва  анъанавий амалий  санъат асарларининг бадиий  сифатини аниқлаш  муаммолари  билан шуғулланадиган  ваколатли  давлат органи ёки ННТ йўқ. Улар қанчалик тез ташкил топса, ҳақиқий амалий санъатни сақлаб  қолиш имконияти ҳам шунча кўпаяди.  Ҳақиқий анъанавий  технологиялар асосида   ишлаётганлар  давлат томонидан қўллаб-қуввалашга  жуда муҳтожлар, негаки, уларнинг технологиялари  кўпроқ меҳнат талаб  қилади.

Ота-боболари  ишини давом  эттираётган усталар ижодини рағбатлантириш билан боғлиқ яна бир муҳим  муаммо -  музейга ишларни саралашда  ҳарид  қилиш давлат комиссиясининг йўқлиги.   Шунинг учун ҳам музейларимиз  коллекцияларида ва тўпламларида Мустақиллик  даврида яратилган энг яхши амалий санъат асарлари деярли мавжуд эмас.

Шундай қилиб,  анъанавий ҳунармандлик соҳасида  муаммолар оз  эмас, бироқ,  давлат томонидан  қўллаб-қувватланаётган миллий амалий санъат ривожининг умумий  ижобий ўсиши  биз мутахассислар  ва олимларга  оптимистик кайфият баҳш этади  ва соҳага яхши истиболлар  ваъда қилади.  

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари