ru en ўз
1 USD = 8066.96  
1 EUR = 9626.3  
1 RUB = 140.05  
ru en ўз
Бош саҳифа / Маданият / Шавкат Мирзиёев ижодий муҳитни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев ижодий муҳитни танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда соҳа муаммоларига жиддий эътибор қаратди.

“Юртимиздаги бугунги ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, кўпчилик ижодкорларимиз ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдиради. Ҳолбуки, маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол гражданлик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми?” деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Замон билан ҳамнафас ижод қилиб, бошқаларга ўрнак ва намуна кўрсатаётган фидойи, фаол зиёлиларимизнинг аксарият қисмини бугунги даврамизда кўриш шахсан менга катта хурсандчилик бағишлайди. Уларнинг ижодий изланиш ва ютуқлари, хусусан, Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётига бағишланган сермазмун асарлари ҳақида узоқ гапириш мумкин ва бунинг учун биз улардан миннатдормиз. Лекин, бундай асарлар асосан шоир ёки адиб, рассом ёки режиссёр, бастакорнинг шахсий ташаббуси билан яратилаётгани сир эмас. Уларнинг дунёга келишида ижодий жараёнларни мувофиқлаштириб, санъат аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳақиқий таянч ва суянч бўлиши зарур бўлган ижодий уюшмаларимиз ва давлат идораларининг ўрни ва таъсири етарлича сезилмаяпти. Ижодий ташкилотларимиз шиддат билан ўзгараётган замонга ҳамқадам бўлиб яшаш, ўз фаолиятини самарали ташкил этишда давр талабларидан орқада қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижодий уюшмаларнинг бугунги фаолиятида тадбирбозлик, шунчаки хўжакўрсинга ишлаш, сусткашлик ва лоқайдлик кайфиятлари тобора яққол кўзга ташланмоқда. Ижодий ташкилотлар раҳбарларининг аксарияти фақат юқоридан буйруқ кутиб ишлашга ўрганиб қолгани, уларнинг фаолиятида умумий мақсад учун жон куйдириш, ташаббус ва ташкилотчилик сезилмаётгани албатта ачинарли ҳол.

Яна бир ташвишли ҳолат – ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмаган. Бадиий академия, Бастакорлар, Ёзувчилар, Журналистлар, Кино арбоблари уюшмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ижодий муносабатлари деярли тўхтаб қолган, уларнинг ҳар бири ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. Ваҳоланки, ушбу тузилмалар фаолиятида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб ижодий ва ижтимоий муаммолар тўпланиб қолган.

“Бу ҳақда гапирганда, авваламбор, адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалалар ижодий уюшмалар эътиборидан четда қолиб кетяпти”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. 
  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей