ru en ўз
1 USD = 8093  
1 EUR = 9531.94  
1 RUB = 136.86  
ru en ўз
Бош саҳифа / Маданият / Пойтахтда Ўзбекистон халқ бахшиси билан достон кеч...

Пойтахтда Ўзбекистон халқ бахшиси билан достон кечаси ўтказилди

Агар сиз қадим ўтмишга саёҳат қилишни истасангиз, шунингдек, достонларнинг сеҳрли мусиқий оҳангидан ҳузурланмоқчи бўлсангиз, албатта достон кечасига ташриф буюринг.

Бугунги кунда достонлар халқимизнинг бой ва бетакрор маданиятининг ажралмас қисмидир. неча-неча асрлар ўтса-да, уларга қизиқиш сўнмаган. Пойтахтда Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поноевнинг достон кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир кечки соат олтига режалаштирилганди. Меҳмонлар деярли йиғилиб бўлган. Уларнинг олдида кейинги икки соат давомида кундалик ташвишларидан бир муддат чалғиш ва эпик достон тинглашдан ҳузурланиш турибди. Достон номи —  «Келиной».

 

– Ўзбек халқ достонлари қадимий туркий тилда ёзилган фольклор асарлар гуруҳига киради. Улар қадимий ва миллий тарихимизда ўзига хос ўрин тутади. Ўзбекистон мусиқий тарихидаги тўртта маҳаллий ҳудуд бор, улар ўз мактабига эга бўлиб шаклланган Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва Қорақалпоғистондир. Достонлар мазмуни асосида халқ қаҳрамонларининг  баҳодирликлари ҳақидаги афсонавий ҳикоялар, халқ ҳаётининг муҳим воқеалари, кўп ҳолларда уруш ва жанглар, шунингдек, албатта муҳаббат ётади. Одамлар катта гулхан атрофида тўпланишди ва бахшини уч-тўрт метр масофадан тинглашди. Кичик достонлар ўрта ҳолатда икки-уч соат давом этади, каттароқлари эса ўн-ўн беш соатга чўзилади. Шунинг учун олдинлари достон тинглаш битта маҳаллада бошланиб, кейингисида давом этган. Ишониш қийинку-я, лекин бу анъаналар ҳозирги кунгача ҳам мавжуд,  –  деб иштиёқ билан гапиради лойиҳа раҳбари Ҳусниддин Атоев.

Достонларни куйлаш тартиби анъанавий тарзда амалга оширилади, асосан бўғиздан куйловчи мусиқий услубда қўбиз ва дўмбира жўрлигида айтилади. Абдуназар Поноев ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён достон куйлаб келмоқда. Бахши турли вақтларда Озарбайжон, Бельгия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тайвань, Туркия, Швейцария ва Францияда ўз ижро чиқишларни амалга оширган. Унинг ижросидаги бир нечта достон ва қўшиқлар радионинг «Олтин фонд»ида сақланади. Таниқли достон ижрочиси «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси» унвони билан тақдирланган.

– Дўмбира оҳанги ҳамиша менда қандадир ажабтовур ҳисларни уйғотади,  – деб фикрларини ўртоқлашади бахши,  –  дўмбира ва қўбиз оҳанги доимо ўзига ром этиб келган. Улардан таралган мусиқа достон қаҳрамонларининг руҳий дунёсини очиш воситаси ҳисобланади. Ижро услуби хилма-хиллик касб этса, у тингловчиларда ҳам шундай қизиқиш уйғотади. Аммо достон — бу қўшиқ эмас. Қўшиқ куйланади, достон эса айтилади.

Достон сўзи «ҳикоя», «қисса», «афсона» каби маъноларга ҳам эга, аммо унга энг яқини «поэма»дир. Бироқ уни поэма деб аташ ҳам қийин, чунки достон ҳажман ундан анча катта. Унинг асоси эпик жанрда ёзилган, лекин лирик жанрда ёзиладиган қисмлари ҳам бор. Достонлар маъно-мазмуни оғиздан оғизга, авлоддан авлодга, бир бахшидан бошқасига ўтиб келган. Ҳайратланарлиси, уларнинг баъзиларининг ҳозирда ҳам ёзма варианти йўқ. Шунчаки халқ ҳаётининг ўзида яшаб келмоқда. Бундай достонлар фаол ва ижодий жиҳтдан давом этиб, бахшиларнинг тасаввурлари билан бойиган ҳолда бир нечта авлоднинг оғзидан тушмай келаяпти. Абдуназар бахшининг сўзларига кўра, бундай достонлар кўп. Масалан, «Ойпарча», «Олланазар Олчинбек», «Санам Гавҳар» достонлари ва бугунги достон «Келиной» ҳам ҳеч қаерда ёзилмаган.

Тадбирда турли ёшдаги кўплаб кишилар қатнашди. Танаффус вақтида биз Бангладеш Республикаси элчиси Масуд Маннан билан билан учрашишга муваффақ бўлдик. У биз билан ўз таассуротларини ўртоқлашди:

– Ўзбекистоннинг бой маданияти мени ҳайратга солишдан сира тўхтамайди. Олдинлари ҳам ҳар гал мамлакатингизга ташриф буюрганимда, мусиқий кечаларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилардим. Мен улардан ниҳоятда ҳайратга чўмаман. Ўтган ҳафтада Бухоронинг «Манзур» гуруҳи санъатидан баҳраманд бўлган эдим. Ушбу ажойиб бахши эса бу онларни унутилмас тарзда эслаб қолишимга ёрдам берди. Анъанавий ижрони тинглашга мушарраф бўлдим. Менинг Ватанимда этник мавзулар жуда оммалашган, бизда бир қанча ҳудудлар бўлиб, ҳар бирининг  ўзига хос мусиқалари бор. Диққат билан кузатдим ва таққосладим: сизнинг маданиятингиз ҳам ўзига хос ва ниҳоятда кучли экан. Таассуфки, достоннинг семантик мазмунини тушуниш имконим йўқ, лекин бир вақтнинг ўзида ҳам овоз оҳанги, ҳам мусиқадан завқланишга муваффақ бўлдим. 

Бахшининг бу достонни жонли тарзда ижро этаётганига, тўғрисини айтганда, ишониш қийин. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди, фақатгина кўриш, эшитиш ва ҳис қилиш лозим.

 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей