ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Маданият / Қорақалпоғистонда уч йирик фестиваль ўтказилмоқда...

Қорақалпоғистонда уч йирик фестиваль ўтказилмоқда


Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижодига бағишланган халқаро фестиваль, “Орол балиқларидан 99 турдаги таом” гастрономик фестивали ҳамда “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзуида халқаро экофестиваль ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирларда фольклоршунос олимлар, санъаткорлар, шоир-ёзувчилар, сайёҳлар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этмоқда.

И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида ушбу халқаро фестивалларнинг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Қорақалпоғистоннинг иқтисодий-ижтимоий, маънавий юксалишини таъминлаш, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, ҳудуднинг ўзига хос урф-одат, анъана ва қадриятларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Орол денгизи атрофида ички ва халқаро туризмни ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этиш, экотуризмни кенг йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида сўз юритилди.



Қуйи Амударё соҳилларида кўллар тизимини яратиш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида Кўкдарё, Междуречье, Зокиркўл сингари табиий кўллар сувга тўлди, Мўйноқ қўлтиғи атрофида каскад тизимида сувсақлагичлар барпо этилди, – дейди биология фанлари номзоди Н.Мамутов. – Бу ҳудудда экотуризм барқарорлигини таъминлаш, табиат биохилма-хиллигини асраш билан бирга, балиқчиликни қайта ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мана шу тизим изчил давом эттирилса, табиатда йўқ бўлиб кетган наботот ва ҳайвонот турлари ўз ўрнига қайтиши ҳам мумкин.

Анжуманда миллий маънавий бойлигимиз бўлган анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳақида ҳам фикр алмашилди. Улкан қорақалпоқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз асарларида юксак инсонпарварлик ғоялари, муҳаббат, вафо ва садоқат туйғулари тараннум этилгани таъкидланди.

– Бу икки буюк шоир асарлари қорақалпоқ халқининг бой маданий меросидир, – дейди филология фанлари номзоди А.Алниёзов. – Уларда тасвирланган воқеалар, характерлар, миллий қиёфалар халқимизнинг ўтмиши, бугуни, турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилади. Бу асарларни чуқур таҳлил асосида ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш зарур.



Тадбир доирасида анжуман иштирокчилари ва хорижий меҳмонлар И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи экспозицияларини томоша қилди. Музей фойесида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри симфоник оркестри ижросида янграган жаҳон халқларининг дурдона асарлари томошабинларга янада завқ бағишлади.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрининг “Орол бобо” спектакли намойиш этилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам қаламига мансуб ушбу драмани театр режиссёри Фарҳод Жумаев саҳналаштирган. Асарда бугунги глобал муаммолардан бири – Орол денгизи фожиаси тасвирланган бўлиб, унинг рамзий тимсолида Ватанга муҳаббат, эртанги кунга қатъий ишонч ўз ифодасини топган.

Оролбўйи ҳудудида яшовчи халқларнинг миллий таомлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва Орол балиқларидан 99 турли овқат тайёрлашга бағишланган гастрономик фестиваль ҳамда “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусидаги халқаро экофестиваль Мўйноқ туманида давом этмоқда.

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей