ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Маданият / Миллий либослар намойишида 80 дан ортиқ мамлакатл...

Миллий либослар намойишида 80 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари иштирок этишди

Тошкентда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси табиий ипак матодан тайёрланган миллий либослар намойишини ўтказди

Унда 80 дан ортиқ давлатдан мутахассислар, ипак етиштирувчилар, қайта ишловчилар, мода ва дизайн соҳаси вакиллари, талаба-ёшлар, мода ихлосмандлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда пиллакорларимиз синов тариқасида икки марта ипак қурти уруғи парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. 13 минг тоннага яқин ипак хом ашёсининг қарийб 50 фоизи тизимдаги ўттиздан зиёд корхонада қайта ишланмоқда. Хом ашёнинг кўпайиши, албатта, уни қайта ишлашни ҳам талаб этади. Жорий йилда ип йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Бухоро вилоятларида барпо этилаётган корхоналар шулар сирасидандир.

Анжуманда тизимдаги корхоналарда ишлаб чиқарилган матолардан тайёрланган кўркам либослар омма эътиборига ҳавола этилди. Намойиш тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда моделлар ҳаммабоп, кундалик либосларни намойиш қилган бўлса, иккинчисида оқшом либослари, учинчи ва тўртинчи қисмларда миллий ва замонавий услубда яратилган ранг-баранг кийимлар тақдим этилди.

– Бу каби тадбирлар биз, дизайнерлар учун ўз устимизда ишлаш, янгиликка интилиш, либосларимиз намойиши имконини беради, – дейди дизайнер Лола Амилова. – Барча йўналишдаги кўйлаклар фақатгина ипак матодан ва миллий урф-одатларимизга мос тарзда тикилган.

Табиий ипак матоли миллий либослар намойишида ўндан зиёд иқтидор эгалари ўзларининг замонавий ва энг сўнгги русумдаги муаллифлик тўпламлари билан қатнашди. Уларнинг либослари ёрқинлиги ва нозик услуби билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.

– Атлас, адрас, беқасам сингари ўзбек миллий матолари ҳақида кўп эшитганман, – дейди франциялик Виален Девелмор. – Ўзбекистон миллий матолар тайёрлаш, тўқимачилик борасида қадимий анъаналарга эга. Бугун ўзбек миллий либослари, уларнинг тарихи ва бугуни билан яқиндан танишдик.

Тадбир доирасида «Буюк ипак йўли» тарихига бағишланган театрлаштирилган саҳна кўриниши ҳам намойиш этилди.


  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей