ru en ўз
1 USD = 8069.29  
1 EUR = 9403.14  
1 RUB = 136.26  
ru en ўз
Бош саҳифа / Маданият / Бугун Самарқандда шаҳар кунини нишонлашмоқда

Бугун Самарқандда шаҳар кунини нишонлашмоқда

1996 йил 18 октябрда Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ушбу кунни Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш ташаббусини билдирган эди. Шундан буён ҳар йили бу сана шаҳарда кенг нишонлаб келинмоқда.

Қарийб уч минг йиллик тарихи давомида йирик илм-фан ва маданият маркази бўлиб келаётган Самарқанд азалдан ўзининг бетакрор табиати, Шарқ меъморчилигининг ноёб дурдоналари бўлмиш муҳташам бино ва иншоотлари билан дунёга машҳур. Улуғ алломалар, тарихчилар, ижодкорлар томонидан “Буюк ипак йўлининг чорраҳаси”, “ер юзининг сайқали”, “Шарқ гавҳари”, “қадимий ва ҳамиша навқирон” деган таърифу тавсифлар билан тилга олинадиган шаҳар ҳамиша жаҳон аҳли нигоҳида.

Уни бир бор кўришни, гўзаллигидан баҳраманд бўлишни сайёрамизнинг турли қитъаларида яшовчи инсонлар ҳам орзу қилишади. Шунинг учун ҳам Самарқанд – ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг элликта энг машҳур шаҳарлари қаторида эътироф этилади.

Самарқанд узоқ ўтмиши давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўлган, тараққиёт ва таназзулни бошдан кечирган. Бу ҳақда тарихий манбаларда маълумотлар кўп учрайди. Самарқанднинг ҳар қарич ерида, тарихдан мерос бўлиб келаётган қадимий обидалар, иншоотларда ҳам ўтмиш изларини кўриш мумкин. Улар киши кўнглига гоҳ маҳзунлик солиб, ўйга толдирса, гоҳ ғурур-ифтихор уйғотиб, буюк аждодларга муносиб бўлишга, уларнинг анъаналарини давом эттиришга даъват этади.

Ватанимиз мустақиллиги Самарқанд шаҳри ҳаётида мутлақо янги даврни бошлаб берди, истиқлолнинг нурафшон нурлари билан бу қадимий кентнинг ҳар бир гўшаси, унда ҳаёт кечираётган ҳар бир инсон қалбини ёритди.




Шаҳарнинг тарихий ҳудуди билан бирга, янги шаҳар қисмида ҳам бунёдкорлик ишлари уйғун тарзда олиб борилди. Бунинг натижасида Амир Темур хиёбони, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Кўксарой майдони, Университет хиёбони, Шоирлар боғи ва бошқа масканлар замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Шаҳарга кирувчи янги йўллар очилди, Бўстонсарой, Регистон, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек кўчалари кенгайтирилиб, атрофида замонавий турар жойлар, маъмурий бинолар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилди.

Самарқандда ушбу бунёдкорлик ишларининг ҳар бири йирик анжуманлар, юбилей саналарига боғланиб, халқаро аҳамият ва кўлам касб этди. Айниқса, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Имом Мотуридий, Хўжа Аҳрор Вали ва бошқа улуғ алломалар таваллудининг юбилей саналари, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. 1997 йилдан буён Самарқанд халқаро миқёсдаги санъат анжумани – “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига мезбонлик қилиб келмоқда. Ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу тадбир дунё халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъати анъаналарини ўрганиш, тарғиб этиш, санъат воситасида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу йил ўн биринчи бор ташкил этилган фестивалда дунёнинг олтмишга яқин давлатидан санъат намояндалари иштирок этди.


Бу йил ҳам шаҳар аҳли Самарқанд кунини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрди. Бир қатор янги бино ва иншоотлар, кўчалар фойдаланишга топширилиш арафасида.




  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей