ru en ўз
1 USD = 4154.36  
1 EUR = 4895.49  
1 RUB = 69.02  
ru en ўз
Бош саҳифа / Бошқа / Таҳлил / Техника ташҳис қўяди ва даволайди

Техника ташҳис қўяди ва даволайди

Технологияларнинг ривожланиши ҳаётимизни ўзгартирмоқда, тиббий технологиялар эса уни узайтиряпти. Шу кунларда турли тиббий даволаш муассасалари вакилларининг пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуига тез-тез ташриф буюраётгани бизни янада яхшироқ даволашларига умид беради.  

Ҳозир мамлакатда замонавий тиббий асбоб-ускуналарга бўлган талаб жуда катта. Бу тиббий муассасалар ҳудудларида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишларининг натижасидир. Сўнгги беш йил ичида фақат давлатга қарашли соғлиқни сақлаш секторининг ўзида ҳар йили 130 дан ортиқ муассаса биноси барпо этилмоқда, реконструкция қилинмоқда ва таъмирланмоқда. Шунингдек хусусий соғлиқни сақлаш секторида ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётир. Бунда албатта янги бино учун имкониятлари бўйича мавжуд ускуналардан яхшироқ ва замонавийроқ бўлган янги аппаратура харид қилинади. Замонавий ускуналар билан жиҳозлаш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда вазирлик аҳолининг юқори технологик тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини тўлиқроқ қондиришга интиляпти. Бунинг учун клиникаларга нафақат Давлат бюджетидан, балки Жаҳон банки, Германиянинг KfW банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ҳам маблағ ажратилмоқда. Маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда.     

Ўтган  ҳафтада бўлиб ўтган Кооперацион биржа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар махсус қопламага эга мебель ва текстиль маҳсулотларинининг кенг ассортиментини таклиф этаётганини намойиш қилди. Бироқ ҳозирча тиббий ускуналар ва техника бозори асосан хорижий компанияларга тегишли. Бугун ниҳоясига етаётган “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2015” халқаро кўргазмаси 30 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган ва ўз маҳсулотларини тақдим этган ишлаб чиқарувчилар учун ўзига хос алоқа майдончасига айланди. Эътиборлиси шундаки, мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги энг йирик кўргазмаси йигирманчи бор ўтказилмоқда.     

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, мамлакат фаол тарзда ташҳис қўйиш ускуналарини, яъни электрокардиограммани олувчи аппаратлардан тортиб, то охирги авлод компьютер ва магнит-резонансли томографларга ва лаборатория ускуналаригача харид қиляпти. Даволаш аппаратлари орасида жарроҳлик амалиётлари, реанимация заллари ва процедура кабинетлари учун мўлжалланган ускуналарига эҳтиёж катта. Шу билан бирга ёрдамчи техника – совутиш камералари, асбоблар ва тиббиётда қўлланиладиган воситаларни стерилизация қилиш қурилмалари ҳам сотиб олинаётир.

Шубҳасиз, бу ерда юқори технологик ускуналарнинг энг йирик харидори – давлатдир. Ҳозир мамлакатда тиббий хизматларни жиҳозлаш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириляпти. Шу билан бирга экспертларнинг таъкидлашича, охирги пайтларда тиббий муассасаларнинг ҳам харид қобилияти фаоллашган. Бунга уларни молиялаштириш тартибининг ислоҳ қилиниши ҳамда ускуналар сотиб олиш учун оптимал шарт-шароитларнинг яратилиши туртки бўлаётир. Тиббиёт муассасалари катта талабга эга бўлган ускуналарни янгилаб қолмасдан, балки янги технологияларни ҳам жорий этмоқда. Хусусан, Ортопедия ва травматология илмий-тадқиқот институти, Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа муассасалар ўтган йиллар мобайнида зарба-тўлқинли терапия методини ўзлаштириб олди. Бундай харидларга одатда янги ускуналар намойиш этиладиган тиббий кўргазмалар ҳам кучли туртки бўлмоқда. Шунингдек хусусий клиникаларнинг айниқса ташҳис қўйиш процедураларидаги роли катта бўлаётир. Айнан хусусий клиникалар жамоаси илғор тиббий технологияларни жорий этиш борасида ташаббускор ва биринчилар бўлганига ўнлаб мисолларни келтириш мумкин.

Мана 15 йилдирки, тиббий техникани харид қилишга сармоялар йўналтириш борасида бирламчи бўғин етакчи бўлиб қолмоқда, ҳукуматнинг барқарор шериги эса – Жаҳон банки. Ҳозир “Саломатлик” деган рамзий ном остида учинчи лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу билан бирга бирламчи бўғинга ҳам катта эътибор қаратиляпти, чунки у малакали тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштиришга кўмаклашяпти. Умуман олганда эса, одамларнинг саломатлиги улар олиб бораётган фаолиятнинг савияси ва сифатига боғлиқ. Тўғри, ҳозир ҳаракат йўналиши ўзгарган. Дастлабки пайтларда асосан қишлоқ врачлик пунктлари жиҳозланаётган бўлса, энди эътибор туман касалхоналари ва поликлиникаларига берилаётир. Ускуналар туман бирлашмаларининг биноларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ишлар якунланишига қараб етказиб берилмоқда.    

Эътиборли томони шундаки, туман тиббий муассасаларининг биноларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш лойиҳалари ускуналардан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бунинг учун айрим бўлинмаларни қайта жойлаштиришга тўғри келди. Қишлоқларда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг замонавий концепцияси шундан иборатки, туман тиббий бирлашмаларининг барча бўлинмалари бир-бирига яқин ерда, шароит мавжуд жойларда эса битта ҳудудда жойлашиши керак. Қишлоқ врачлик пунктлари бундан мустасно. Бу барча шифокорларга олинган асбоб-ускуналардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Айни дамда рентгенология хизмати фаол модернизация қилинмоқда. Ҳар бир туман иккитадан турли хусусиятларга ҳамда олинган маълумотни босиб чиқариш ва сақлаб қўйишнинг турли усулларини қўллаш имконига эга бўлган замонавий рақамли қурилмани олади. Шунингдек дигетайзерлар, яъни плёнкадаги тасвирни электрон форматга ўтказиб берувчи қурилмалар ҳам етказиб берилмоқда. Йил охиригача барча туман тиббиёт муассасаларига ана шундай тоифадаги ускуналарни етказиб бериш режалаштирилган. Замонавий асбоб-ускуналар орасида кенг ечимли имкониятларга эга янги авлод  ультратовушли сканерлари ҳам бор. Авваллари битта датчикка эга ультратовушли сканерлар қўлланган бўлса, янгиларида уларнинг сони учта бўлиб, бу бир вақтнинг ўзида бир нечта анатомик органларни тадқиқ қилиш имконини беради. Қурилмадаги режимлар сони кўплиги туфайли илк бор томирларни тадқиқ қилиш ва қон томирлари касалликларини аниқлаш имконияти туғилди. Ушбу қурилмалар барча ёшдаги беморларга, она қорнидаги ҳомила ва профилактик кўриклардан тортиб, то шошилинч ҳолатларда ёрдам кўрсатишгача бўлган жараёнларда тиббий ёрдам беришда қўлланилади.      

Шу ўринда, «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2015» кўргазмасида ультратовушли сканерларнинг жуда кўп модификациялари тақдим этилганини айтиб ўтиш жоиз. Бу бежиз эмас. Ультратовушли диагностика энг кўп маълумот берувчи, безарар ва катта талабга эга тадқиқот усулларидан бири ҳисобланади. Ушбу ускуна қўлланмайдиган тиббиёт йўналишлари деярли қолмади, десак муболаға бўлмайди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизмати муассасаларида ҳам ўзгаришлар кўлами катта. Ушбу соҳадаги устувор йўналишларни белгилар экан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакиллари саломатлик ота-оналар саломатлигидан бошланишини таъкидлайди. Шифокорларнинг вазифаси эса ҳар бир оилага соғлом болаларни улғайтиришда ёрдам беришдан иборат.

Тиббиётнинг айнан шу соҳасида энг юқори технологик лойиҳа амалга оширилаётгани ҳам бежиз эмас. Хусусан, Тошкентда кореялик шериклар билан ҳамкорликда тўртинчи авлод клиникасининг қурилиши бошланди. Бу ерда жуда нозик жарроҳлик операцияларини бажариш имконини берувчи  мамлакатдаги биринчи DaVinchi жарроҳ-роботи, энг кичкина ўсимталарни ҳам фарқлай оладиган позитрон-эмиссионли томограф ва бошқа ускуналар  ўрнатилади, бу ҳозирча хорижда даволанадиган касалликларнинг кенг кўламини даволаш имконини беради.

Шунингдек KfW банк билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва вилоятлардаги кўп профилли болалар тиббиёт марказларини жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги экспертларининг сўзларига кўра, мамлакат педиатрия хизмати илк бор бундай ҳажмдаги замонавий тиббий технологияларга эга бўляпти.

Ҳозирнинг ўзидаёқ республика ва вилоят марказларига заиф туғилган чақалоқлар учун ускуналар етказиб берилиб, фойдаланилмоқда. Уларнинг орасида вазни кам чақалоқларни парвариш қилиш учун мўлжалланган кувёзлар ҳам бор. Ушбу ускуналар гўдакка ривожланиши учун зарур бўлган шароитларни яратиб қолмасдан, балки шифокорларнинг ишини ҳам енгиллаштиради, чунки бола саломатлигини ифодаловчи барча муҳим ҳаётий кўрсаткичлар махсус мониторга чиқарилади. Ушбу бўлинмаларни янги туғилган чақалоқлар учун ўпкани сунъий вентиляциялаш аппаратлари билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилди.

Бир вақтнинг ўзида лаборатория хизмати ҳам модернизация қилинмоқда. Марказларга замонавий гематологик анализаторлар етказиб берилди, Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эса референс-лаборатория ташкил этилмоқда. У юқори аниқликдаги, жумладан молекуляр-генетик даражадаги, замонавий диагностика усуллари ёрдамида ташҳисга аниқлик киритиш ва уни конкретлаштириш имконини берувчи кучли ускуна билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, тез орада Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоятлардаги барча кўп профилли болалар тиббиёт марказлари кўкрак ва қорин бўшлиғи органларида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун мўлжалланган эндовизуал ускуна билан таъминланади. Ҳозирча эса бундай операциялар шундай ускуналарни қўллаган ҳолда фақат Республика болалар кам инвазив ва эндовизуал хирургияси илмий-амалий марказида амалга оширилмоқда. Эндовизуал ускуналарнинг афзалликлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Бироқ асосийси, ушбу ускуналарни қўллаган ҳолда ўтказилган операцияларнинг кўпчилиги кичкина беморни узоқ вақт давомида реабилитация қилишни талаб этмайди.    

Бошқа муассасаларни жиҳозлашни охиригача етказиш лойиҳалари ҳам рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, скрининг марказлари аниқланадиган туғма ва ирсий касалликлар рўйхатини кенгайтиришга ёрдам берувчи ускуналарга эга бўлмоқда, ҳомиладорлиги қийин кечадиган аёлларни назорат қилишга ихтисослашган перинатал марказлар эса заиф туғилган болаларни парвариш қилиш учун мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланишда давом этаётир.  

Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Бу борада саратон касаллигига қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар энг йирик лойиҳа ҳисобланади. Сўнгги икки йил ичида онкология хизмати биноларини реконструкция қилиш ва қуришга, бир сўз билан айтганда, уларни замонавий тиббий ускуналарни олишга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ускуналар Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилинади. Ускуналар ўрнатилганидан кейин онкологик касалликларга қарши курашиш тубдан яхшиланади. Ҳар бир диспансер ташҳисга аниқлик киритиш ва мақсадли даволаш учун мўлжалланган компьютер томографи билан таъминланади. Радиотерапия хизмати ҳам сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилади. Ҳозирча бундай даволаш усулини Тошкент, Бухоро, Нукус ва Наманганда олиш мумкин. Тез орада турли ечимдаги имкониятларга эга зарур ускуналар ҳар бир вилоятда, ҳар бир онкология диспансерида ўрнатилади, чунки радиотерапия усулида даволаш кўпгина онкологик касалликларга қарши курашишда асосий ҳисобланади.

Кардиология хизмати ҳам фаол ривожланмоқда. Бундан икки йил олдин энг замонавий техника  билан жиҳозланган Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган жарроҳлик марказининг кардиохирургия блоки очилди, Урганч ва Наманганда кардиохирургия бўлинмалари ишлай бошлади. Бунда Наманган ангиографик қурилмаларни қўллаган ҳолда бажариладиган ташҳис қўйиш ва даволаш манипуляциялари ўзлаштирилган биринчи ҳудудга айланди. Шу йил бошида эса ангиографик қурилма Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг кардиожарроҳлик ёрдамига бўлган катта эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Республика ихтисослашган кардиология марказида юқори технологиялар корпуси қурилишини якунламоқда. Ушбу клиникада, жумладан сунъий қон айланиши шароитларида ҳам жарроҳлик амалиётлари бажарилади. 

Шу билан бирга фтизиатрия ва психиатрия хизматлари муассасаларини охиригача жиҳозлаш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти. 2017 йилгача хорижий шериклар иштирокида республика ихтисослашган эндокринология, кўз микрохирургияси, урология, дерматология ва венерология марказлари ва бошқа қатор тиббиёт муассасаларини замонавий юқори технологик тиббий ускуналар билан жиҳозлашни охиригача етказиш режалаштирилган. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей