ru en ўз
1 USD = 4154.36  
1 EUR = 4895.49  
1 RUB = 69.02  
ru en ўз
Бош саҳифа / Бошқа / Таҳлил / Импорт ўрнига маҳаллий маҳсулотлар

Импорт ўрнига маҳаллий маҳсулотлар

Қурилиш материаллари саноати Ўзбекистон иқтисодиётидаги етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда аҳоли пунктлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича республикада амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар унинг ривожланиш двигателига айланди.

Ўзбекистон минерал-хомашё захираларига бой. Унинг ҳудудида 520 дан ортиқ ғишт, цемент, керамзит хомашёси, чангтош, гипс, оҳак, бетонлар учун тўлдирувчилар ва бошқа конлар борлиги аниқланган. Уларнинг базасида боғловчи, иссиқликни изоляцияловчи ва томга ёпиладиган материалларни ишлаб чиқарадиган корхоналар ишламоқда ҳамда керакмика комбинатлари ва шиша, асбоцемент ва бошқа буюмларни ишлаб чиқарувчи заводлар фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур соҳа объектлар қурилишини барча турдаги материаллар, яъни цемент, оҳак, гипс, девор, томга ёпадиган, пардоз ва гидроизоляция материаллари, сантехника керамикаси – жами 100 дан ортиқ асосий қурилиш маҳсулотлари билан таъминлайди. У ички бозор эҳтиёжларини қондирибгина қолмасдан кўп миқдорда цемент, шиша, томга ёпиладиган материаллар, мармар ва гранит плиталарни ҳам экспорт қилади. Қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари республика иқтисодиёти ва ижтимоий соҳа талабларидан келиб чиққан ҳолда шаклланади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон шаҳарларининг қиёфаси сезиларли даражада ўзгарди, кўплаб ноёб объектлар барпо этилди: янги метро линияси, эстакадалар, тураржой бинолари ва маданий муассасалар ишга туширилди. Республика пойтахти, вилоятлар марказлари юксак маданият ва меъморчиликни ўзида мужассам этган замонавий шаҳарларга айланмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб, хусусан қишлоқ жойларида ҳам янги саноат объектлари ва тураржойларни, мактаблар, тиббиёт муассасалари ҳамда ижтимоий-маиший мақсаддаги бошқа объектларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилаётир. Буларнинг барчаси замонавий сифатли қурилиш материаллари билан таъминланганлик туфайли ҳамдир.

– Ҳар йили ишлаб чиқиладиган давлат инвестиция дастурлари ва маҳаллийлаштириш дастурлари муҳим меъёрий ҳужжатлар ҳисобланади, уларга истиқболли лойиҳаларнинг рўйхати, прогрессив технологияларни жорий этиш босқичлари, маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ишлари киритилади. Давлатимиз раҳбарининг 1997 йил 29 майда қабул қилинган “Ўзбекистон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш Давлат концерни “Ўзқурилишматериаллари”ни “Ўзқурилишматериаллари акциядорлик компаниясига ўзгартиш тўғрисида”ги Фармонига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 30 майда қабул қилинган “Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига («О мерах по государственной поддержке развития производства строительных материалов») биноан қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ишлари ўтказилди. Айни пайтда компания таркибига 18,6 минг киши ишлайдиган 120 дан ортиқ корхона киради, - дейди “Ўзқурилишматериаллари” АК бошқармасининг бошлиғи Ислом Арслонов.

Бозор эҳтиёжларини қондириш учун 2005-2010 йилларга мўлжалланган қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, 2007-2011 йилларга мўлжалланган модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, 2009-2014 йилларга мўлжалланган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар бўйича дастурлар қабул қилинди ва амалга оширилди. “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дастури доирасида боғловчи, девор, топга ёпиладиган ва пардоз материалларини ишлаб чиқариш бўйича 38 та лойиҳа амалга оширилди. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш” Давлат дастури доирасида 95 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Гипсокартон плиталар, пишиқ ғишт, пластик дераза ва эшиклар, пластик трубалар, алюминий профиллар, сэндвич-панеллар, томга ёпиладиган материалларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қурилиш материаллари ҳажмини ошириш ва ассортиментини кенгайтиришни, янги замонавий технологияларни жорий этиш ва ўзлаштиришни, саноат объектларининг оқилона ҳудудий жойлаштирилишини таъминлашни кўзда тутувчи 2005 йил 24 мартдаги “Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳанинг жадал ўсиши учун кучли туртки бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ қуруқ қурилиш аралашмалари, совуқ ва иссиқ сув таъминоти учун полипропилен трубалар, кўпик-бетон, сантехника акрил буюмлари, вермикулит, қоплама тош, девор ва томга ёпиладиган материаллар, лок-бўёқ маҳсулотлари ва бошқа замонавий материалларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилди.

Сифатли пишиқ ғиштга бўлган талаб ортиши билан давлатимиз раҳбари 2009 йил 19 июнда “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга мувофиқ янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш ҳисобидан сифатли девор материалларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тайёр маҳсулот қийматини пасайтириш ва харажатларни қисқартиришни таъминловчи энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш кўзда тутилганди. Қисқа муддат ичида умумий қуввати 844,2 млн.дона (прогноз бўйича – 455,3 млн.дона) шартли ғиштни ташкил этувчи 175 та янги инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда республикада умумий қуввати 3,1 млрд.дона ғиштни ташкил этувчи 951 та ғишт заводи фаолият кўрсатмоқда.

Цемент маҳсулоти катта талабга эга. Охирги 15 йил ичида соҳа корхоналарида цемент ишлаб чиқариш 3,28 млн.тоннадан 7,46 млн.тоннага ошди. Прогнозларга кўра бу йил цемент заводлари ўтган йилгидан 500 минг тонна кўп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. 2020 йилга келиб цемент саноати амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини деярли икки бараварга ошириш имконини беради. Шу тариқа, беш йилдан сўнг цемент заводларининг умумий йиллик қуввати 16,7 млн тоннага етиши мумкин.

“Оҳангаронцемент” АЖда маҳсулотни ҳўл усулда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, заводнинг умумий йиллик қуввати 1,74 млн тонна цементни ташкил этади. 1200 киши меҳнат қиладиган ушбу корхона минерал тола, акустик плиталар ва оловга чидамли ғишт ишлаб чиқаради. Бундан олдин корхонанинг қуввати бор-йўғи йилига 450 минг тонна цементни ташкил этар эди. Корхонани модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳисобидан катта талабга эга маҳсулот ишлаб чиқаришини бир неча бараварга оширишга муваффақ бўлинди. Хусусан, печлар ва тегирмонларнинг корпуслари таъмирланди, янги кон техникаси, редукторлар, компрессорлар, двигателлар харид қилинди. Яқин уч йил ичида ишлаб чиқаришнинг қуруқ усулини кўзда тутувчи янги технологик линияни ишга тушириш режалаштирилган. У ишга тушганидан сўнг корхонанинг қуввати йилига 4 миллион тоннадан ошади. Электр энергиясининг йиллик тежалиши 15 млн кВт/соатга, табиий газники эса 233 млн кубометрга етади.

“Бекободцемент” АЖда маҳсулот ҳам ҳўл усулида, ҳам қуруқ усулда олинади.Йиллик қуввати 750 минг тоннани ташкил этувчи клинкерни қуруқ усулда ишлаб чиқариш бўйича янги линия 2013 йилда ишга туширилган эди. Ҳозир корхона Ангренда қуввати 1 млн тонна цементни ташкил этувчи ун тортиш станциясини барпо этишни режалаштирмоқда. Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш дастурига мувофиқ “Бекободцемент” АЖда қуввати йилига 750 минг тоннани ташкил этувчи клинкерни қуруқ усулда ишлаб чиқариш бўйича иккинчи янги линияни қуриш кўзда тутилган.

Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати Dal teknik makina tigaret ve sanayi A.S. компанияси билан ўзининг Жиззах вилоятидаги цемент заводининг қувватларини кенгайтириш бўйича шартнома тузмоқда. Металлургларнинг шериклари технологик қисмнинг ишчи ҳужжатларини ишлаб чиқишни, ускуналарни етказиб беришни амалга оширади ҳамда “тўлиқ тайёрлик” шартларида қурилиш ва ишга тушириш ишларини бажаради. Бу портландцемент ишлаб чиқариш бўйича қувватларни йилига 1 млн тоннагача ошириш имконини беради. Ўтган йил март ойида ишга туширилган ушбу завод бугунги кунда республикадаги энг замонавийси ҳисобланади. Унинг қуввати йилига 350 минг тонна оқ цементни ёки 760 минг тонна портландцементни ташкил этади. Ишлаб чиқариладиган барча маҳсулотнинг қарийб 70 фоизи экспортга жўнатилмоқда.

Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида соҳа салоҳиятини мустаҳкамлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар пайдо бўлмоқда. Сўнгги йилларда халқаро андозаларга жавоб берувчи қурилиш материалларининг 30 дан ортиқ турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Масалан, Фарғонадаги Мoderna Keramik Industries ҚКда қуввати йилига 1 млн метр квадратни ташкил этувчи керамик плиталар ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича лойиҳа амалга оширилди. 100 та янги иш ўрни яратилди ва импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди. Тошкент вилоятида PentUz Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси томга ёпиладиган юмшоқ материалларни ишлаб чиқаради. Энг янги технология бўйича ишлаб чиқарилаётган ва Европа сифат андозаларига жавоб берувчи маҳсулот ҳажми йилига 5 млн метр квадратни ташкил этади.

“Кнауф Гипс Бухара” МЧЖ ҚКда қуввати йилига 20 млн метр квадратни ташкил этувчи гипсокартон листларини “Кнауф” фирмасининг технологияси бўйича ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу бутун дунёга машҳур немис компаниясининг лойиҳасини амалга ошириш учун 35 млн евро маблағ йўналтирилди. Ишлаб чиқариш замонавий технологияларга асосланган бўлиб, тўлиқ автоматлаштирилган. Пойтахт ва вилоятлардаги корхоналар дераза рафлари, часпаклар, қулф тошлари, тамбалар, устунлар, иссиқликни ушлаб турувчи қоплама панеллар, кўпиртирилган полистиролдан карнизлар, сэндвич-панеллар, пардоз панеллари, газобетон, кимёвий усулда чўктирилган бўр, архитектура қоплама ғишти, керамик плита ва бошқа буюмларни ишлаб чиқармоқда.

Қишлоқ жойларида уй-жой қурилишини ривожлантиришнинг янги босқичи давлатимиз раҳбари томонидан 2009 йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилишдан ва “Қишлоқлар ривожланса, турмушимиз сифати ошади, мамлакат гуллаб-яшнайди” деган ғояга асосланган Давлат дастурини қабул қилишдан бошланди. Мазкур дастурга мувофиқ қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини яхшилаш мақсадида қишлоқларни архитектура жиҳатдан режалаштиришни такомиллаштириш, қулай уй-жой ва ижтимоий объектларни қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қишлоқлардаги уйлар маҳаллий қурилиш материалларидан барпо этиляпти. Цемент, металлпрокат, пишиқ ғишт, иситиш ускуналари, дераза ва соҳа корхоналарида ишлаб чиқарилган бошқа кўплаб маҳсулотлар қурувчиларга имтиёзли нархларда етказиб берилаётир. Хомашё сифати доимий назорат остига олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Асосий эътибор экологик тоза, узоқ хизмат қиладиган, энергияни тежайдиган материалларни қўллашга қаратилмоқда. Масалан, боғловчи материаллар сифатида цемент, оҳак, гипс билан бир қаторда қурилиш аралашмалари ҳам самарали қўлланяпти. Бугунги кунда бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг сони 40 дан ошган. Олдин қўлланган металл трубалар ўрнига замонавий полимерлардан тайёрланган трубалар, девор ва шифтлар учун пластик панеллар, иситиш тизими учун чўян ва алюминий радиаторлардан фойдаланиляпти. Томлар металлчерепица билан қопланмоқда. Ушбу маҳсулотларнинг ҳаммаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилаётир.

– Бу йил 16 та мавзеда намунавий лойиҳа бўйича 550 та уйни қуряпмиз. Ишларни 48 та пудратчи ташкилот бажармоқда. Объектларни ўз муддатида топширяпмиз, аҳолида ҳеч қандай шикоят йўқ. Буларнинг барчаси қурилиш материалларининг узлуксиз етказиб берилиши туфайлидир. Уларнинг асосий қисми имтиёзли нархларда сотилмоқда. Қурилиш материаллари бизга мамлакатнинг турли ҳудудларидан келади. Уларнинг ҳаммаси сифат сертификатларига эга бўлиб, ўз характеристикалари бўйича импорт маҳсулотлардан қолишмайди, - дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясининг Сирдарё филиали директори Қосимхон Акбаров.

Қишлоқларда яхшиланган замонавий лойиҳалар бўйича уй-жой қуриш ва қишлоқ аҳоли пунктларини комплекс барпо этиш – бу қишлоқ аҳолисининг ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилган узоқ муддатли давлат дастуридир. Объектларни қуришда пудратчи ташкилотлар бундан кейин ҳам жойларда ишлаб чиқариладиган қурилиш материаллари билан таъминланади. Улар экологик хавфсизлик, узоқ муддат хизмат қилиш, юқори даражадаги иссиқлик ва товуш изоляцияси талабларига, ишлаб чиқариш технологиясига асосланганлигига ва тайёрланишига энергия кам сарфланганлигига, ишлаб чиқариш ва фойдаланишнинг оптимал қийматларига жавоб бериши зарур. Ушбу ишларнинг барчаси республикамиз шаҳар ва қишлоқларини янада гўзал қилишга, қурилиш технологиясини янги даражага кўтаришга, мамлакатнинг ҳатто энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилашга имкон яратади.

2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, уни модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ “Ўзқурилишматериаллари” АК умумий қиймати 227,3 млн долларлик 11 та лойиҳани амалга оширмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида EMG San Ceramic МЧЖ сантехника буюмларини – раковиналар, юз-қўл ювгичлар, бачоклар, унитазлар, бидэлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Унинг қуввати йилига 350 минг донани ташкил этади. Навоийдаги “Қизилқумцемент” АЖ оҳак ва бостирма темир-бетон плиталар ишлаб чиқариш учун янги қувватларни яратади. Мавжуд майдонларни модернизациялаш ва реконструкция қилиш, корхоналарни техник жиҳозлаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Жиззахдаги «Мега инвест индастриал» МЧЖда арматура ва бошқа экологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун узлуксиз базальт толасини ишлаб чиқариш бўйича қиймати 51,8 млн долларлик корхона ташкил этилади. Юқоричирчиқ туманида Эроннинг EMG (Ehsan Maybod Manufacturing Group МЧЖ ЧЭК) компанияси керамик плиталар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда.

Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш орқали амалга ошириладиган истиқболли устувор лойиҳалар ҳам белгилаб олинган. Хусусан, яқин уч йил ичида Бекободдаги Uz Oyna МЧЖда термик сайқал берилган шиша ишлаб чиқаришни ташкил этишга 100 млн доллар йўналтирилади. Қорақалпоғистоннинг Қораузоқ туманида эса цемент заводини қуриш кўзда тутилган. Жиззах вилоятида Jizzakh Stone Quality МЧЖ ЧЭК томонидан цемент асосидаги пардоз материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва инвесторларга, биринчи навбатда, хорижий инвесторларга корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини ва активларини сотиш ҳамда шу аснода ишлаб чиқаришнинг модернизация қилинишини ва технологик жиҳатдан янгиланишини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ҳисобидан республика иқтисодиётида хусусий мулкчилик даражаси ва унинг ролини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги қарори билан устав капиталидаги давлат улушлари ва активлари хорижий стратегик инвесторларга сотилиши керак бўлган акциядорлик жамиятларининг рўйхати тасдиқланди. Жумладан уларга қурилиш материаллари саноати соҳасида «Кварц», «Қизилқумцемент», «Оҳангарон-шифер», «Самарқанд мармар» ва «Тошкент қурилиш моллари комбинати» акциядорлик жамиятларидаги давлат улушлари таклиф этилади.

Айтиш жоизки, 2015 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича мамлакатда етакчи тармоққа айланди. Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, олти ой ичида тармоқдаги янги яратилган ва модернизация қилинган объектлар сони 660 дан ортган. Бу биринчи ярим йилликда янгидан яратилган ва модернизация қилинган ишлаб чиқариш қувватлари умумий сонининг учдан бир қисмини ташкил этади. Тармоқ корхоналари томонидан 2,11 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг тегишли даврига қараганда 11,3% га кўп. Ундан олдинги йилнинг худди шу даври билан солиштирганда республикадаги йирик корхоналар шағал, қум, портландцемент, мармар, травертин, алебастр ва улардан тайёрланадиган буюмларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширган. Шунингдек гипс, оҳак, бетон, қурилиш эритмалари ва аралашмалари, томга ёпиладиган оловбардош черепица, оловбардош керамик қурилиш ғиштлари, толали цементдан тайёрланган буюмлар, эшиклар, деразалар ва алюминий ромларни ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада кўтарилган. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей