ru en ўз
1 USD = 8058.77  
1 EUR = 9515.8  
1 RUB = 140.84  
ru en ўз
Бош саҳифа / Бошқа / Таҳлил / Аграр хайтек

Аграр хайтек

Яқин йилларда маҳаллий агросаноат мажмуининг муваффақиятли ривожланиши илғор инновацион ечимларсиз мумкин бўлмай қолади. Сўнгги 20 йил ичида юз берган технологик сакраш қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига мева-сабзавот, чорвачилик ва улардан олинадиган турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини тубдан ошириш имконини берди. Бироқ бугун ушбу соҳа олдида янги вазифалар турибди. Ўзгараётган иқлим, сув захираларининг танқислиги, экспорт етказиб берувлари географиясининг ўзгариши ва кучли рақобат шароитларида, нафақат етиштириш ва қайта ишлашга, балки барча жараён иштирокчилари орасида самарали ишлайдиган  алоқани яратишга ҳамда технологияларни жорий этиш ишларига эътибор қаратган ҳолда, ривожланиш стратегиясига тузатиш киритишга тўғри келмоқда.    

Бу ишда ҳаммаси муҳим

Ҳар бир чақани ҳисоблаш ва ҳар бир қадам ёки ҳаракатнинг самарадорлигига баҳо бериш одати – бу муваффақиятли тадбиркор ёки бошқарувчи раҳбарнинг асосий характеристикаларидан биридир. Айниқса, бу аграр секторда долзарб ҳисобланади. Ушбу соҳада ўйланмасдан қилинган қарорлар ва шошилинч хулосалар, масалан, ҳосилнинг нобуд бўлишига ёки тайёр маҳсулотнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Бундан 15 йил олдин фермер хўжаликлари замонавий совутиш ва омбор хоналарига ва, ҳатто, зарур миқдордаги оддий идишларга эга бўлмаган ҳолда, катта миқдорда мева-сабзавот етиштирилган ҳолатлар ҳам кўп бўлди. Натижада, маҳсулотнинг катта қисми нобуд бўлиб кетарди. Бундай вазиятни ўзгартиришга маҳаллий агросаноат мажмуини ривожлантиришга бўлган янгича ёндашув хизмат қилиши керак эди. Барча масалаларни нафақат фермерларга субсидия ажратиш ва уларга ўғит, ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб берган ҳолда, балки “даладан пештахтагача” бўлган ўзаро боғлиқ тизимни яратиш орқали ҳал этиш зарур эди.         

Сўнгги йилларда мамлакатда логистика занжирини тузиш, янги омбор ва совутиш қувватларини яратиш, замонавий мини-технологиялар ва қишлоқ хўжалик ускуналарини, юқори ҳосилли навлар ва бошқаларни жорий этиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Натижада, ўтган йили қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,9% га ўсиб, 36,9 трлн.сўмдан ошди. Бунда ижобий динамика ўсимликшуносликда – 21,8 трлн.сўм (ўсиш 6,9%) ва чорвачиликда – 15,1 трлн.сўм (7%) ҳам қайд этилди.

Биз бир неча бор ўтган йилларда эришилган ютуқлар ва мамлакат озиқ-овқат мустақиллиги томон босиб ўтилган йўл ҳақида ёзгандик. Бугун Uzbekistan Today маҳаллий агросаноат мажмуини жадал ривожлантиришнинг янги поғонасига айланувчи илғор ечимлар ва қизиқарли ташаббуслар ҳақида сўзлаб беради. Технологиялар, ускуналар, инновациялар – буларнинг ҳаммаси аграр сектор учун ниҳоятда зарур, бироқ ўзакли асоссиз узоқ муддатли истиқболда бу стратегик фойда ва жиддий муваффақиятларни олиб келмайди. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати соҳа ривожи учун жавоб берувчи барча йўналишлар ва секторларни ўз ичига оладиган комплекс ҳужжатни яратиш ҳақида қарор қабул қилди. 2015-2019 йилларда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури ана шундай ҳужжатга айланди. Унга муайян лойиҳалар киритилган бўлиб, уларсиз ҳозирги шарт-шароитларда маҳаллий аграр сектори мавжуд бўла олмайди.

Кескин континентал иқлим ва улкан чўл ҳудудларига эга Ўзбекистон шароитларида фермерларни ҳосил етиштириш учун зарур миқдордаги сув билан таъминлаш биринчи галдаги вазифага айланмоқда. Шу боис яқин йилларда сувни тежовчи замонавий технологияларни, шу жумладан боғлар ва узумзорларни томчилатиб суғориш тизимларини қўллашни кенгайтириш йўли билан жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади. Бу ҳар йили 1 млрд.кубометргача суғориш учун мўлжалланган сувни тежаш имконини беради. Бир вақтнинг ўзида селекция ва уруғчиликни янада ривожлантириш, айниқса ғўза ва ғалла-бошоқли экинларнинг юқори самарали, шўр ва қурғоқчиликка чидамли навларини етиштириш бўйича ишлар олиб борилади. Дастурда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг муҳим асоси ва кафолати сифатида ерларнинг ҳосилдорлигини ушлаб туриш ва яхшилашнинг янги усуллари ҳам режалаштирилган. Ушбу мақсадларда 2013-2017 йилларда суғориладиган ерлар ҳолатини мелиоратив яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ишлари давом эттирилади. Мазкур дастур ирригация иншоотлари мажмуини қуриш ва реконструкция қилишни ҳамда энергияни тежовчи замонавий ускуналарни ўрнатишни кўзда тутади. Мақсад – беш йил ичида 1,4 млн.гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни таъминлаш ва қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишдир.  

Бизга олдинги тизимдан мерос бўлиб қолган аграр сектордаги бошқа бир муаммо – ғўза монокультураси ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистон ушбу муаммони енгишга, балки ноёб ечимларни қўллаган ҳолда  жаҳонда биринчи бўлиб ғўза учун “ген-нокаут” технологиясини яратишга ҳам муваффақ бўлди, бу толанинг сифатини сезиларли даражада ошириш, уни узайтириш, ҳосилдорликни ва қурғоқчиликка бўлган чидамлилигини яхшилаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, ғўза экиладиган майдонларни сезиларли даражада қисқартириш ва бунда унинг ҳосилдорлигини ва олинадиган тола сифатини ошириш имконини яратди. Яқин йилларда бу борадаги ишлар давом эттирилади. Мазкур дастур ҳосилдорлиги паст бўлган ерлардан фойдаланишни тўхтатиш ҳисобидан ғўза экиладиган майдонларни босқичма-босқич оптималлаштиришни, кейинчалик бўшаб қолган ерларда картошка, мева-сабзавот ва бошқа экинларни етиштириш ҳамда жадал ўсадиган боғларни ташкиллаштиришни кўзда тутади.

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларини замонавий маҳаллий техника билан жиҳозлашни янада яхшилаш мақсадида “Ўзагросаноатмашхолдинг” компанияси корхоналарида “Клаас”, “Лемкен” ва жаҳоннинг бошқа етакчи компаниялари билан ҳамкорликда юқори самарали замонавий тракторлар, модернизациялаштирилган пахта териш машиналари, ғалла йиғиш комбайнлари ва бошқа техникани ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Сифатли ишлов – мазали овқат

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси таркибида ёғ-мой, қандолатчилик, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича 200 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатади. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қатор йўналишлар бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ички бозорни сифатли ва нисбатан арзон маҳсулотлар билан деярли тўлиқ таъминлашган. Буларга гўшт, колбаса, сут, қандолатчилик ва бошқа маҳсулотлар киради. Албатта, импорт қолган, аммо бу асосан премиал сегментлар ёки Ўзбекистонда кўп миқдорда ишлаб чиқариш мумкин бўлмаган қаҳва ёки кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлардир. Оддий мисол, агар мамлакатимизда 2012 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида бор-йўғи 88 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2014 йилда уларнинг сони қарийб тўрт бараварга, яъни 340 тагача кўпайди. Охирги уч йил ичида 400 дан ортиқ янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қисқартириш ва уларнинг экспортини оширишга ёрдам берди. Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатига юборилади. Озиқ-овқат саноати муваффақиятли ривожланаётганини акс эттирувчи яна бир кўрсаткич – бу унинг умумий саноат маҳсулотлари ҳажмидаги улушининг ошганлигидир. Агар 2010 йилда ушбу кўрсаткич 12%ни ташкил этган бўлса, ҳозир у 16%дан ошиб кетди.    

2015 йилда ҳам корхоналар саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръатини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишларни давом эттирмоқда. Бунда замонавий қувватларни ишга тушириш муҳим ролни ўйнаётир. Хусусан бу йил инвестицион дастур доирасида қатор истиқболли ташаббуслар амалга оширилади. Буларга Китоб, Асака, Янгиқўрғон, Ургут, Боғот туманларида мева-сабзавот консервалари ишлаб чиқаришини, Паркент, Тойлоқ, Когон, Зангиота туманларида гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришини, Жиззах, Қува, Денов туманларида қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришини ҳамда Жиззах ва Яккабоғ туманларида тез тайёрланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш бўйича йирик лойиҳалар киради.

Бундан ташқари, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси яқин беш йил ичида сублимациялаш, чуқур музлатиш, вакуумли ўраш ва бошқа замонавий технологиялар асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қувватларни ташкил этишга қаратилган қиймати 410 млн.долларлик 304 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги “Файзи рамз” фермер хўжалигида сублимацион қуритишга асосланган мева ва сабзавотларни қайта ишлаш бўйича корхона пайдо бўлади, “Жиззах” МИЗ ҳудудида тез тайёрланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи завод, Самарқанд вилоятидаги “Сиёб саҳовати” чет эл корхонасида гўштни қайта ишлаш заводи ташкил этилади, Тошкент вилоятидаги  Euro Food Trade корхонасида балиқ консерваларини чиқариш ва қўзиқоринларни чуқур қайта ишлаш технологияси ўзлаштирилади. Шунингдек, мамлакатда фаолият кўрсатаётган озиқ-овқат саноати корхоналарини модернизация қилиш бўйича 165 та лойиҳани амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда.

Фойда келтирувчи шериклик

Етакчи хорижий тажриба, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг кредитларини жалб этмасдан, йирик халқаро компаниялар билан ҳамкорликдаги ташаббусларни амалга оширмасдан туриб, Ўзбекистон агросаноат мажмуини ривожлантириб бўлмайди. Хусусан, яқинда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликда иккита қизиқарли инновацион лойиҳа якунига етказилди. Улардан бири ҳозирнинг ўзидаёқ ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода ўз мевасини беришга ҳам улгурди. AgLinksPlus лойиҳаси 2012-2014 йилларда уч боғ мавсуми давомида фаолият кўрсатди ва Ўзбекистоннинг олтита вилоятидаги 26 та туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ўсиштиришга, маҳсулотларнинг бозорларга чиқарилишини кенгайтиришга ва даромадларни оширишга эришди. “Фермадан столга” занжири бўйича ишлар узум, олча, ўрик, олхўри, шафтоли, олма, нок, беҳининг тановул қилинадиган навлари ва субтропик меваларни етиштиришда қатнашадиган хусусий фирмаларнинг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашади. Таълим семинарлари, махсус дастурлар, инвестицияларни биргаликда қўллаш ва тажриба участкаларини яратиш ҳисобидан ҳосилдорликни оширишнинг илғор технологиялари жорий этилди.   

Яна бир ташаббус доирасида Мирзаев номидаги Боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институтига ноёб ва мамлакатдаги биринчи данакли ва пўчоқли уруғи бўлган мевалар лабораторияси тақдим этилди. Ушбу лаборатория вирусларга ва шўр тупроққа чидамли бўлган пўчоқли уруғи бор ва данакли мева дарахтларининг кўчатларини олиш имконини беради. Йилнинг фақат муайян даврида ишлаши мумкин бўлган оддий иссиқхоналардан фарқли ўлароқ, ушбу лаборатория кўчатларни йил давомида етиштириш имконини беради. Лойиҳа доирасида харид қилинган ускуналар тахминан 300 минг долларга баҳоланмоқда, улар институтга ҳар йили етиштирилган кўчатларни сотиш ҳисобидан камида 100 минг доллар даромад олиб келиши мумкин.    

Жаҳон банки билан шериклик ҳам фаол ривожланмоқда. Ўтган йил ўртасида ушбу ташкилотнинг Ижрочи директорлар кенгаши мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва сув захираларини бошқаришни яхшилашга қаратилган қишлоқ хўжалиги секторидаги иккита лойиҳа учун Ўзбекистонга 410,3 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилишини маъқуллади. Биринчи лойиҳа бўйича ишлар Ўзбекистоннинг саккизта ҳудудида – Андижон, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилади. Танлаб олинган фермер хўжаликлари замонавий технологиялар ва ечимларни жорий этиш учун зарур техник, маслаҳат ва молиявий кўмакни олади. Иккинчи лойиҳа доирасида эса Қорақалпоғистондаги деградацияга учраган 30 минг гектар ерни тиклаш ва ушбу майдонларда диверсификацияланган ва юқори даражада механизациялаштирилган озиқ-овқат экинларининг ишлаб чиқаришини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Ўзбекистон республика аграр секторининг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни олиб боряпти. Хусусан, Жаҳон банки гуруҳи «SGS Тошкент» компанияси ва Қишлоқ ҳудудларини реструктуризациялаш бўйича агентлик билан ҳамкорликда маслаҳатчилар ва фермерларни экспорт ва қайта ишлаш ҳажмларининг ўсишига кўмаклашиш мақсадида GLOBALGAP халқаро сертификатлаш тизимида қўлланадиган озиқ-овқат хавфсизлиги тамойилларига ўқитиш бўйича семинарлар сериясини ўтказишга киришди. Банк вакилларининг сўзларига кўра, ўзбекистонлик фермерлар ушбу мавзуга катта қизиқиш билдирмоқда. Буни тушуниш мумкин, чунки ҳозирнинг ўзидаёқ уларнинг кўпчилиги турли мамлакатлардаги потенциал мижозлар GLOBALGAP сертификатини талаб қилишига дуч келяпти. Ушбу сертификатга эга фермерлар ўз маҳсулотини кўпроқ ва қимматроқ сотиши мумкин. 

Экспертларнинг айтишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг истиқболлари жуда жозибали. Мамлакатда бу борада бой тажриба тўпланган, технологик ва илмий база яратилган, асосийси эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг йирик истеъмолчилари бўлган Қозоғистон, Хитой, Россия ҳам ён қўшнилар ҳисобланади. Шундай экан, вазиятни тўғри бошқариш қолди, холос. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей