ru en ўз
1 USD = 8312.64  
1 EUR = 9456.46  
1 RUB = 125.22  
ru en ўз

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган махсус бошқарув тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент старт олади. Порталимиздаги ЎзА видеорепортажи орқали бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Бош саҳифа / Бизнес ва инновация / Озарбайжон бизнеси Ўзбекистон бозорида фаоллашишни...

Озарбайжон бизнеси Ўзбекистон бозорида фаоллашишни режалаштирди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Озарбайжон ишбилармон доиралари вакиллари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.

Тадбирда Озарбайжоннинг қурилиш, савдо, тиббиёт анжомлари, фармацевтика, қадоқлаш материаллари, матбаа, АКТ каби соҳаларда фаолият юритаётган йирик компанияларидан 20 дан ортиқ вакил, маҳаллий корхона ва компанияларнинг 50 дан ортиқ масъули иштирок этди.

Тарихий қадриятлари, дунёқараши, маданияти ўхшаш икки мамлакат ишбилармон доиралари учрашувида сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев, Озарбайжон Тадбиркорлар уюшмалари миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев ва бошқалар икки давлат тадбиркорлари ўртасида шериклик муносабатларини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар яқин келажакда ўз самарасини беришига ишонч билдирди.

Таъкидландики, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиши, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, тадбиркорлик субъектлари учун текширувларнинг кескин камайтирилиши, кредит ажратишда соддалаштирилган тартиб жорий этилиши шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда Озарбайжон сармояси иштирокида 84 корхона фаолият юритади. Улардан 71 таси қўшма, 11 таси тўлиқ озарбайжонлик ишбилармонлар сармояси иштирокидаги корхоналардир. Ушбу корхоналар савдо, машинасозлик, метални қайта ишлаш, молия, энергетика, хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат ва енгил саноат каби соҳаларда фаолият юритмоқда.

Тадбирда бу кўрсаткичлар мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди. Икки давлат тадбиркорлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмаси ҳажмини оширишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси, Озарбайжон Республикаси Тадбиркорлар уюшмалари миллий конфедерацияси, “Neuron Technologies LLC” компанияси масъул вакиллари тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга доир таклифлар билдирди.

– Ўзбекистонда тадбиркорлик яхши ривожланмоқда. Айниқса, аёллар тадбиркорлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли, – деди Озарбайжонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ассоциацияси раиси Сабина Бабаева. – Биз ҳам тўқимачилик ва тиббиёт соҳасида ўзбекистонлик тадбиркор аёллар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида таклифлар билан келдик. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик тадбиркор аёллар билан осон тил топишамиз ва ҳамкорлигимиз кутганимиздек ривожланади.

Бизнес-форум якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбайжон Тадбиркорлар уюшмалари миллий конфедерацияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Халқаро пресс-клуб кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ва Озарбайжон Тадбиркорлар уюшмалари миллий конфедерацияси президенти М.Мусаев иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорликдан бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Озарбайжонлик ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистондаги йирик компаниялар билан танишиши, вазирлик ва идораларда учрашувлар ташкил этилиши, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро каби тарихи қадим шаҳарларга саёҳат уюштирилиши режалаштирилгани айтилди. 
  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей