ru en ўз
1 USD = 8058.77  
1 EUR = 9515.8  
1 RUB = 140.84  
ru en ўз
Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш ...

Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури қабул қилинди

26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Наманган аҳли ўзининг бошқаларга ўхшамайдиган, бетакрор анъана ва қадриятлари билан азалдан шуҳрат қозониб келади. Бу элга мансуб бўлган хислатлар – инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, хушмуомалалик каби ажойиб фазилатларни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак баҳолаймиз, деди Ислом Каримов.

Мажлисда кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин Наманган вилоятидаги бугунги аҳвол, турли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. 

“Наманган вилояти, бутун юртимиз қатори, сўнгги йилларда катта ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида кўп-кўп рақам ва мисолларни олиб келиш мумкин. 

Агар фақатгина жорий йилнинг 9 ойлик якунларини таҳлил қиладиган бўлсак, ялпи ҳудудий маҳсулот 9 фоиз, саноат 17 фоиз, қишлоқ хўжалиги 5 фоиздан зиёд, қурилиш ишлари қарийб 12 фоиз, чакана ва пуллик хизматлар 13 фоиздан ортиқ ўсгани албатта эътиборга лойиқ.” – деди давлатимиз раҳбари.

Ислом Каримов ўз нутқида вилоятда охирги йилларда иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида субвенция, яъни марказ бюджетидан ёрдам улуши камайган бўлса-да, унинг ҳажми ҳалигача юқори даражада сақланиб қолаётганига алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунда маҳаллий харажатларнинг 41 фоизи мамлакатимиз бюджети ҳисобидан қопланиб келаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Энг ачинарлиси, вилоятдаги 11 та тумандан 10 тасида бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиб кетган. Айниқса, Косонсой, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида бу масала ўта долзарб бўлиб қолмоқда. 

Ҳолбуки, Наманганда ҳали ишга солинмаган шундай беҳисоб имкониятлар борлигини инобатга оладиган бўлсак, ўзингиз айтинг, бундай ҳолат сизларга ярашадими, деб таъкидлади Юртбошимиз.

Мажлисда вилоятда маъмурий-ҳудудий тузилиш масаласида юзага келган жиддий муаммолар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Наманган вилоятининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур устида бошланган ишлар ўз якунига етаётганини маълум қилиб, кенг кўламли бу дастур ҳақида тўхталиб ўтди. 

Мазкур дастур 5 та асосий йўналишдан иборат бўлиб, биринчи йўналиш Наманган вилоятида янги саноат объектларини барпо этишга қаратилган 16 та йирик инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади. Бу ҳақда гапирганда, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш лойиҳаси ҳақида алоҳида сўз юритиш ўринлидир. Биринчи босқичда, яъни, 2017 йилда ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш бўйича бугунги кунда жадал иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда, яъни, 2020 йилда яна иккита ана шундай турбинани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. 

“Ана шу улкан лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан биз нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг иқтисодиёти ҳамда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, шу асосда янги-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имкониятига эга бўламиз”, - деди Президентимиз.

 Дастурнинг иккинчи йўналиши вилоятда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича 25 та инвестиция лойиҳасини қамраб олади. Уларнинг орасида Наманган шаҳридаги “Электр қурилмалари” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган лойиҳа муҳим ўрин тутади. Шу аснода металл конструкциялар ва қуйи вольтли электр асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Учинчи йўналиш – маҳаллий ҳокимият идоралари ва тадбиркорлик тузилмаларининг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ташаббуслари асосида тузилган бўлиб, унда 177 та лойиҳа ўрин олган. Уларнинг орасида Уйчи туманида хорижий инвесторлар билан биргаликда ташкил этиладиган ипак-трикотаж маҳсулотлар корхонаси, Наманган шаҳридаги “Камол-медфарм” масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ва инъекция воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “ФТ текстиль груп” масъулияти чекланган жамиятида эса пахта хомашёсидан ип-калава ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли лойиҳалар диққатга сазовордир. 

Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши – муҳандислик коммуникациялари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини қуришга доир бир қатор лойиҳалардан ташкил топган. Шулар қаторида Поп туманида электрлаштирилган “Ангрен – Поп” темир йўли подстанцияларини электр билан таъминлайдиган иншоотларни барпо этиш кўзда тутилмоқда. 

Шунингдек, вилоятдаги фойдали қазилма конларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини босқичма-босқич амалга ошириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар ҳам мазкур ҳужжатнинг узвий бир қисмини ташкил этади. Бу борада фойдали қазилма конларини топиш эҳтимоли бўлган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ туманларида геология-қидирув ишларини давом эттириш ва уларнинг ҳудудида янги корхоналар қуриш мўлжалланмоқда, деб таъкидлади Ислом Каримов. 

  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей