ru en ўз
1 USD = 8271.27  
1 EUR = 9374.66  
1 RUB = 121.79  
ru en ўз

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган махсус бошқарув тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент старт олади. Порталимиздаги ЎзА видеорепортажи орқали бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Бош саҳифа / Бизнес ва инновация / Кластердан барча бирдек манфаатдор

Кластердан барча бирдек манфаатдор

Фарғона вилояти Риштон туманида “Rus oʻzbek teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан 6 минг 245 гектар майдонда кластер усулида пахта етиштирилиб, айни кунларда йиғим-терим ишлари бошлаб юборилди.

Жамият ва пахтачиликка ихтисослашган 332 фермер хўжалиги ўртасида тегишли тартибда шартномалар тузилди. Илк бор жорий этилаётган ушбу янги усул қишлоқ мулкдорларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Аграр тармоққа инновацияларни кенг татбиқ қилиш, заминимизда етиштирилаётган хомашёни мамлакатимизда қайта ишлашни чуқурлаштиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Зеро, қишлоқ хўжалиги қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунча ортади, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалади. Шу боис, юртимизда илғор технологияларга асосланган инфратузилма яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай инновацион лойиҳалардан бири Риштон туманида рўёбга чиқарилмоқда.

“Rus oʻzbek teks” МЧЖ томонидан жорий йилда инновацион лойиҳа асосида пахта етиштиришда биринчи марта кластер усули қўлланилмоқда ва натижалар ҳам салмоқли бўлиши кутилаяпти. Тумандаги 1000 гектардан зиёд пахта майдони Марказий Фарғона ерларида жойлашган бўлиб, ўтган йиллар давомида ҳосилдорлик кескин пасайиб кетган эди. Йил бошида ернинг балл бонитети, тупроқ тузилиши ва таркиби тажрибали мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди. Ернинг устки қисмидан ҳамда 10 ва 20 метр чуқурликдан тупроқ намуналари олиниб, атрофлича таҳлил қилинди. Ўрганиш натижалари, мутахассисларнинг фикр ва хулосаларига кўра, “Наманган-77”, “С-8290” навли чигит экилиб, барча агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилди. Бугунги кунда жамиятда айнан пахтачилик соҳасини яхши биладиган 20 нафардан зиёд агроном, химизатор ва бошқа мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 20 дан зиёд техника, кўплаб эҳтиёт қисмлар сотиб олинди.

Фермер бугун ҳеч нарсага эҳтиёж сезаётгани йўқ. Чунки минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда, керагича олиши мумкин. Ишчилар ўз вақтида ойлик маош билан таъминланаётир. Даромад ҳам энди меҳнатга яраша бўлади. Ҳосилдорлик қанча яхши бўлса, даромад ҳам ошиб бораверади. 
 Кластер усулининг афзал томонларини амалда ўз кўзимиз билан кўриб, ишонч ҳосил қилдик, – дейди “Қодир Содиқ” фермер хўжалиги раҳбари Юрсинали Содиқов. – Бу йил “Rus oʻzbek teks” МЧЖ билан шартнома имзолаб, 18 гектар майдонга 40 центнерлик маррани кўзлаган ҳолда “С 8290” навли чигит экдик. Агротехник тадбирлар вақтида бажарилгани учун далада пахта қийғос очилди. Айни пайтда пахтани ўз вақтида териб олиш ҳаракатидамиз. 

Бугунги кунда туманда ҳар куни 10 мингдан зиёд теримчи пахта теримида иштирок этмоқда. Пул ўз вақтида берилиб, 1 килограмм пахта учун 850 сўм тўланмоқда. Шунингдек, жамият томонидан илғор теримчи ва кўнгилли ҳашарчилар муносиб рағбатлантирилаётир. Эътиборлиси, жорий йилда яна бир ташаббусга қўл урилди. Фермер хўжалиги пахта ҳосилдорлигини 40-50 центнергача етказса, жамият томонидан “Матиз”, “Нексия” ва “Ласетти” автомашиналари билан тақдирланади. Бу ҳам фермерларга катта рағбат, албатта. 

Айни кунларда туманда 30 дан ортиқ фермер хўжалиги белгиланган пахта шартномасини ортиғи билан бажарди. 

– Фермерлик аслида тадбиркорлик эканини тобора чуқур тушуниб етаяпмиз, – дейди “Рошидон даврони” фермер хўжалиги раҳбари Достонбек Матмусаев. – Пахта, ғалла режаларини ортиғи билан бажарсак-да, даромад кўрмаган пайтларимиз ҳам бўлган. Негаки, режа ортидан қувиб, сарф-харажат ҳақида ўйламасдик. Ҳозир қилган меҳнатга яраша даромад оладиган пайтимиз келди. Соҳада инновацион ғоялар асосида харажатни камайтириб, юқори ҳосил олиш учун мунтазам изланаяпмиз. 27 гектар майдонда пахта етиштириб, белгиланган режани бажардик. Жорий йилда ҳосилдорликни 40 центнердан оширишни мўлжаллаганмиз. 

“Rus oʻzbek teks” МЧЖ томонидан 2018-2020 йилларда истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Айниқса, кластер усули жорий этилиши жамиятга кўплаб имтиёз ва имкониятлар бермоқда. 

10.JPG

11.JPG

– Илгари фақат калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланардик, – дейди жамият директори Олимжон Олимов. – Энди эса хомашё шу ернинг ўзида қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Чунки инновацион кластер, бу – бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш услубидир. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якунида 20 миллиард соф даромад олишни кўзламоқдамиз.

Бугунги кунда мазкур жамиятда 420 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Тумандаги пахта тозалаш заводи ҳам жамият томонидан сотиб олиниб, 200 минг долларлик замонавий технологиялар ўрнатилди. Шунингдек, келгусида ёғ-мой ишлаб чиқариш, тўқув-трикотаж фабрикалари, ёрдамчи чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади, 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда жамият томонидан 5 минг 420 тонна калава ип ишлаб чиқарилиб, 143 миллиард сўмдан ортиқ даромад олиш тадбирлари кўрилмоқда. 

Мутахассисларнинг фикрича, кластерлар ташкил этилиши ишлаб чиқариш занжири ривожланишига, хомашёни чуқур қайта ишлашни таъминлашга хизмат қилади. Бозор муносабатлари шароитида фаолиятнинг бу тахлит йўлга қўйилиши ишлаб чиқарилаётган товар таннархи пасайишига, сифати яхшиланишига, тармоқнинг рақобатбардошлиги янада ошишига имкон беради. 

Кластерда пахта хомашёси барча босқичдан ўтгач, аъло сифатли, рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотга айланади. Риштон туманида бошланган кластер асосида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш лойиҳаси худди шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир. 



  • Комментарии отсутствуют

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.

Рукннинг бошқа материаллари



Тарқатишга обуна бўлинг Будьте в курсе всех новостей